Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқаролар билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш ва уларнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида навбатдаги қабул бўлиб ўтди.
Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов иштирокида ўтказилган тадбирда юртимизнинг турли жойларидан келган ҳамюртларимизнинг мурожаатлари тингланди.
Тадбир давомида фуқаролар томонидан ҳаж, оилавий муносабатлар, хайрия, ижтимоий кўмак каби масалаларда самимий мулоқот қилиниб, уларни қизиқтирган саволлар юзасидан амалдаги тартиб-қоидалар доирасида атрофлича тушунтириш ва ҳуқуқий тавсиялар берилди.
Мурожаатларнинг аксари бевосита қабул жараёнида ижобий ечим топди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этадиганлари тегишли бўлим ва масъулларга йўналтирилиб, назоратга олинди.
Бу каби хайрли ишлар аҳолининг диний-маърифий эҳтиёжларига жавоб бериш баробарида, юртдошларимизнинг розилигига эришиш, инсон қадрини улуғлаш йўлидаги амалий қадамлардан бири бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#Эътироф
Меҳнат ва садоқат қадр топаётган юртимизда инсон қадрини улуғлаш, нуронийлар ҳамда жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фидойи инсонларга эҳтиром кўрсатиш эзгу анъанага айланди.
Ана шу юксак эътиборнинг амалий ифодаси сифатида 2026 йилги муборак Ҳаж сафари учун Бухоро вилоятидан 7 нафар юртдошимиз “Президент ҳожиси” мақомига сазовор бўлди.
Тантанали тадбирда йўлланмалар Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Азизбек Қаландаров ва вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан ўз эгаларига топширилди.
Таъкидланганидек, мазкур юксак эътироф — юрт равнақи, халқ фаровонлиги ва жамият тараққиёти йўлидаги кўп йиллик ҳалол ҳамда фидокорона меҳнатга берилган муносиб баҳодир.
Тадбирда бўлажак ҳожилардан муқаддас заминларда мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз тараққиёти учун хайрли дуолар қилиш сўралди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси