Салафийлар ёхуд Ислом ниқоби остидаги динбузарлар
ёхуд Ислом ниқоби остидаги динбузарлар
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “салафийлик”, “салафийлар” каби иборалар тез-тез такрорланиб турибди. Хўш, аслида салафийлар кимлар?
“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف ” сўзидан олинган бўлиб , “ аждодлар,” “аввал яшаб ўтганлар ”маъноларини англатади. Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари” ) маъноларида ишлатилган.
Диний истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир” (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар мазкур ҳадисга асосланиб, саодат асрида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб тавсифлайдилар. Кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан бу атама қўлланилмайди. Таъкидлаш лозимки, мазкур уч даврда яшаган барча инсонлар ҳам “салафи солиҳ”лар дейилмайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан сўнг турли фитначи, бузғунчи тоифалар чиқди. Уларга нисбатан “салафи солиҳ” ибораси қўлланилмайди.
Аҳли сунна вал жамоа анъанасига кўра, салафи солиҳлар давридан кейин яшаган мусулмонлар “халафлар”, яъни “кейингилар” деб аталади.
Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги “сохта салафийлар” пайдо бўлди. Улар диний, маънавий, ижтимоий ва сиёсий йўналишларда саодат асрига қайтиб, мусулмонларнинг эътиқоди ва дунёқарашини ҳозиргача турли соҳаларда эришилган натижалардан “поклаш”ни ўз олдиларига “мақсад” қилиб қўйганлар.
Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар, тасаввуфни тан олмайдилар, арзимас баҳоналар билан мусулмонларни кофирга чиқарадилар.
Сохта салафийлар қуйидаги ғояларни илгари сурадилар: .
– Қуръони карим ва суннатдаги қоидаларни сўзма-сўз тушуниб, кўр-кўрона амал қилиш орқали бошқа манбаларни ботилга чиқарадилар; .
– “такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) масаласини илгари сурадилар;
– фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликни тарғиб қиладилар;
– тасаввуф, урф-одат ва миллий қадриятларни инкор этадилар;
– ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар; .
– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.
Ҳадисларда шундай матнлар борки, юзаки қараганда, бу матнлар Қуръон ва суннатда бўлмаган ҳар қандай нарсани пайдо қилишдан қайтарилгандек кўринади. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Ким бизнинг ишимизда унда бўлмаган янгиликни пайдо қилса, у рад этилади», дейилган.
Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: «Дарҳақиқат, энг яхши сўз Аллоҳнинг Китоби, энг яхши йўл Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони эса уларнинг янги пайдо бўлганларидир ва ҳар бир янгилик залолатдир». Юқорида келтирилган ҳадисларни юзаки тушуниш Исломни тараққиёт билан ҳамнафас эмаслиги ва у ўзи нозил бўлган замонгагина яроқли бўлган эски дин сифатида қораланишига олиб келади.
Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу бомдод намозига азон айтаётганида “Ас-солату хойрум минан-навм” жумласини қўшиб айтдилар. Пайғамбар алайҳиссалом буни қўллаб-қувватлаб, ҳатто доимо айтишни жорий қилганлари “бидъат” тушунчаси ҳақида кенгроқ фикрлаш лозимлигини англатади.
Ислом уламолари бу борада кенгроқ мушоҳада юритишади. Имом Шофиъий бундай деганлар: «Янги пайдо қилинган ишлар икки хил бўлади. Биринчиси, Қуръон, суннат, асар (саҳобий ва салафи солиҳлар сўзи) ёки ижмога хилоф бўлган янгиликлар бўлиб, бу “бидъати саййиа”, яъни ёмон бидъат ҳисобланади. Иккинчиси, яхши нарсалар учун пайдо қилинган ишлар бўлиб, “бидъати ҳасана”, яъни яхши бидъат ҳисобланади».
Бидъати ҳасанага тарихдан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмонларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг орқасидан жамоат бўлиб таровиҳ намозини адо этаётганларини кўриб: “Бу қандай ҳам яхши бидъат”, деганлар.
Шунингдек, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Қуръони каримни китоб ҳолига келтириб, жамлаганларини кўриш мумкин.
Замонамиз уламоларидан Имом Ноблусий бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ҳар қандай бидъат залолатдир”, деган ҳадисларида айтилган “янгилик”да айнан шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ алайҳиссалом назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат бирор янги нарсани қўшишдир». .
Фақиҳларнинг истилоҳида ҳамда ҳадисларда қораланган бидъат деганда, диндан деб даъво қилинса-да, аслида диндан бўлмаган, тўқима йўл назарда тутилади. Имом Шотибий: “Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга монандлик қасд қилинади”, деган.
Демак, мусулмонлар орасида янги пайдо қилинган нарса дин асосларига оид масалаларда бўлса, у янгилик “бидъати саййиа” ҳисобланади ва у қораланади.
Бошқача айтганда, “бидъати залолат” фақат дин асосларига оид масалаларда бўлади. Юқорида келтирилган ҳадис ҳам айнан шунга далолат қилмоқда: “Бизнинг ишимизда янгилик пайдо қилса...”, яъни ишдан мақсад Расулуллоҳ алайҳиссалом ва у зот билан бирга мусулмонлар жамоасининг ишидир. Дунёвий ишларда насс ва муайян диний қоидаларга хилоф келмаса, уларда ёмон бидъат йўқдир. Яъни, ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаромга айлантириш каби бидъатларга йўл қўйилмаса, бунга эътироз йўқ.
Шу ўринда қуйидаги воқеани келтириб ўтиш ўринли. Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом хурмони чанглатаётган одамлар олдидан ўтиб қолдилар ва уларга бундай қилишга ҳожат йўқлигига ишора қилдилар. Улар Расулуллоҳ алайҳиссаломга итоат этдилар, лекин ўша йили хурмо аввалгидек яхши ҳосил бермади. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Дунё ишларингизни ўзингиз яхши биласиз», деб айтдилар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом ва рошид халифалар замонида мавжуд бўлмаган, аммо кейинчалик юзага келган ҳар қандай янгилик аниқ тарзда келган насс билан рад этилмаса ва унинг натижасидан яхшилик, умумманфаат кутилса ҳамда инсонларга нафи тегса, бундай янгилик шаръан жоиздир.
Хулоса қилиб айтганда, Исломдаги ҳар бир янгилик агар у диндаги муқаррар қонун-қоидаларга хилоф бўлмаса, “бидъати залолат” ҳисобланмайди. Сохта салафийлик Ислом дини таълимотларига зид бўлиб, мусулмонларнинг дунёвий соҳаларда тараққиётга бўлган интилишига тўсқинлик қилувчи йўналишдир. Улар мўмин-мусулмонлар ўртасида уруш, низо ва келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, динимиз фақат эзгуликни тарғиб қилади.
Жамолиддин КАРИМОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази директори
- 59وَدُنْيَانَا حَدِيثٌ وَالْهَيُولَى عَدِيمُ الْكَوْنِ فَاسْمَعْ بِاجْتِذَالِ
Маънолар таржимаси: Дунёмиз йўқдан бор қилингандир ва “ҳайуло” эса бўлмаган нарсадир (буни сен) шодлик билан эшитгин.
Назмий баёни:
Дунёмиз яратилган, “ҳайуло” эса,
Шодлик-ла эшитгин бўлмаган нарса.
Луғатлар изоҳи:
وَدُنْيَانَا – мубтадо, музоф музофун илайҳ. Бу калимадан Алоҳ таолодан бошқа мавжудотлар кўзда тутилган.
حَدِيثٌ – хабар. “Ҳодис” луғатда “янги”, “яқинда бор бўлган” маъноларига тўғри келади. Дунё йўқдан бор қилингани учун унга нисбатан шу калима ишлатилади. فُعْلَى вазни музаккар ва муаннисликда тенг ишлатилгани учун хабар музаккар шаклда келтирилган.
وَ – “ибтидоия” маъносида келган.
الْهَيُولَى – ушбу калима ташдидли қилиб هَيُّولَى деб ҳам ўқилади. Бу калима, аслида, юнонча сўз бўлиб, “асл”, “асос” ва “модда” каби маъноларни англатади. Жумҳур файласуфлар ҳайулони “қадим жавҳар” ёки “бирлашиш ва ажралишни қабул қилувчи қадим нарса”, деб ҳисоблашган.
عَدِيمُ – хабар, музоф. Луғатда “номавжуд” маъносига тўғри келади.
الْكَوْنِ – музофун илайҳ. Луғатда “мавжуд” маъносига тўғри келади.
اسْمَعْ – амр феъли. Фоили зоҳир келтирилмаслиги вожиб бўлган замирдир.
بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
اجْتِذَالِ – “шодланиш”, “хурсанд бўлиш” маъноларини англатади. Жор мажрур اسْمَعْ га мутааллиқ.
Матн шарҳи:
Баъзи жоҳил файласуфлар ҳайуло ҳар бир нарсанинг аслидир, яъни бутун олам ҳайуло деб аталадиган бирламчи моддадан вужудга келган, уни биров яратмаган, деган фикрни илгари суришган. Ушбу байт ўша жоҳилларнинг даъволарига раддия сифатида ёзилган. Уларнинг “илмий” даъволари мусулмонлар томонидан кескин рад этилган. Чунки бу гапни айтаётган киши оламни қадим, яъни у ўз-ўзидан бор бўлган деяётган ва Аллоҳ таолонинг бутун борлиқни Ўзи яратгани тўғрисидаги хабарларини инкор этаётган бўлади. Бундай инкор этиш эса очиқ-ойдин куфр ҳисобланади. Ҳақиқий мўмин киши эса барча нарсаларни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган, деган тушунчада бўлади.
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “бирламчи модда” тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлигини қисқагина қилиб “ҳайуло – бўлмаган нарса” дея баён қилган. Қуръони каримда осмонлару ердагиларнинг ҳаммаси истаса ҳам, истамаса ҳам, Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган қонунларига бўйсуниб яшашларини, борлиқдаги бирор нарса ўз-ўзидан бор бўлиб қолмаганини, балки барча нарсаларнинг яратувчиси Аллоҳ эканлиги баён қилинган:
“Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбуран, эртаю кеч саждани Аллоҳга қиладилар. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?” (яна ўзингиз) “Аллоҳ”, – деб жавоб қилинг! “Бас, Уни қўйиб, ўзларига на фойда ва на зарар етказишга қодир бўлмайдиган (бут ва санам)ларни дўст тутдингизми?” – денг! Яна айтинг: “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилиб олишган ва улар ҳам яратганлар-у, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?! Айтинг: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У Танҳо ва Ғолибдир”[1].
Яъни осмон ва ер аҳлларининг барчалари истасалар ҳам, истамасалар ҳам ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишдан ўзга чоралари йўқ. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Мўмин киши Аллоҳ таолога ўз ихтиёри билан бўйсунган ҳолда сажда қилади, кофир эса даҳшатга тушган ва чорасиз қолганида мажбуран сажда қилади”, – деган.
Шунингдек, уларнинг соялари ҳам куннинг аввалида ва охирида сажда қилади. Ушбу оятда коинотдаги барча мавжудотни, ҳатто одамларнинг сояларини ҳам Ўзига сажда қилишга бўйсундириб қўйган Зотнинг буюклиги хабари берилган. Ояти кариманинг давомида “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми?”, – дейилган. Бу ерда кўзи кўрдан кофир киши, кўрувчидан эса мўмин киши ирода қилинган. Зулматлардан залолат йўллари, нурдан эса ҳидоят ирода қилинган. Умумий маъноси шуки, кўзи кўр билан кўрувчи, зулматлар билан нур баробар бўлмагани каби, ҳақиқат зиёсини кўрадиган мўмин киши билан, бу зиёни кўра олмайдиган кофир ҳам ҳеч қачон баробар бўла олмайди. Шунга кўра шариатда берилган хабарларни тасдиқлаш ҳақиқат зиёсини кўриш, бу хабарларни инкор қилиш эса ушбу зиёни кўра олмасликдир.
Кейинги мавзу:
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилгани баёни