Қуйида инсоннинг бошқа жонзотлардан устун туришига далолат қиладиган маълумотлар келтирилади:
Инсон – либос киядиган ягона жонзотдир. Бошқа жонзотлар кийимсиз юради.
Инсон – қуруқликда юриш учун уловга (машина ясаб, унга) мина оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот уловга минмайди.
Инсон – денгиз, уммонда юриш учун кема ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот кема ясай олмайди.
Инсон – ҳавода учиш учун самолёт ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот самолёт ясай олмайди.
Инсон – космосга чиқиш учун фазо кемаси ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот космик кема ясай олмайди.
Инсон – гапира оладиган, тил ўргана оладиган, ўша тил орқали бошқалар билан гаплашиб, фикрини баён эта оладиган ягона жонзотдир.
Инсон – ёзишни ўрганиб, фикрини қоғозга тушира оладиган ягона жонзотдир. Бошқа жонзотлар қалам ушлашни, ёзишни билмайди.
Инсон — Қуръон ўргатилган жонзотдир.
Инсон — Дин деган омонатни зиммасига олган жонзотдир.
Инсон — энг гўзал суратда яратилган жонзотдир.
Инсон — пок нарсалар ризқ қилиб берилган жонзотдир.
Инсон — Аллоҳ таолонинг Ер юзидаги ўринбосаридир.
Аллоҳ таоло Ўзининг элчилари - расул ва набийларни инсонлардан танлаб олди.
Аллоҳ таоло Ўзининг Китобларини инсонларга нозил қилди.
Аллоҳ таоло инсонга «Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз» деган. Роббимиз бошқа бирорта жонзотга бу гапни айтмаган.
Аллоҳ таоло барча жонзотлар ва каттаю кичик нарсаларни инсоннинг хизматига бўйсундириб қўйган.
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло мени етти фарзанд билан сийлаган. Кўпдан бери тижорат билан шуғулланиб келаман. Бундан чамаси 30 йил аввал бир ҳадисни ўқиб қолдим. Имом Бухорийдан ривоят қилинишича: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнга паноҳ тилаб: “Аъуузу би-калимаатиллааҳит тааммаати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин ва мин кулли ъайнин лаамматин”, дер (Маъноси: “Иккингизга Аллоҳнинг тугал калималари ила ҳар бир шайтондан ва зараркунандадан ҳамда гуноҳкор кўздан паноҳ тилайман”) ва сўнгра: “Бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқ алайҳимуссаломга паноҳ тилар эди”, дер эдилар.
Ўз-ўзимга: “Иброҳим алайҳиссалом фарзандлари Исмоил ва Исҳоқни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам невараларини шундай дуо қилган бўлсалар, демак, бу жуда муҳим дуо экан-да”, дедим ва мен ҳам ҳар кеча фарзандларимни шундай дуо қилишга қарор қилиб, ушбу гўзал одатни йўлга қўйдим. Бу одатни ҳеч қачон, ҳатто сафарда бўлганимда ҳам канда қилмадим.
Узоқда бўлсам телефон орқали боғланиб, дуо қилар эдим. Ҳатто улар улғайиб, оилали бўлиб кетганларида ҳам бу одатимни ташламадим. Оталарнинг фарзандларини дуо қилиши, меҳр билан уларнинг бошини силаши улар ораларида меҳр уйғотар, ғам-ташвишларни аритар, ўртадаги масофани олиб ташлар экан.
Ҳаётимдаги энг бахтли пайтларимдан яна бири Аллоҳ таоло мени неваралар билан сийлаб, уларни ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдек дуо қилишни бошлаган пайтим дея оламан.
Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.