"Мусулмонлар бир жону бир тан кабидирлар. Агар аъзоларидан бирортаси дард чекса, қолган бутун жасади унга бедорлик билан ҳамдард бўлади. Мўмин кишилар ҳам битта вужуд кабидирлар. Агар унинг боши оғриса, ҳамма ёғи оғрийди ва агар кўзи оғриса ҳам унинг ҳамма ёғи дард чекади"[1].
Мусулмон киши танасининг ҳаққи ва эҳтиёжларини адо этгани каби биродарларининг ҳам ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилиши керак.
Мўмин-мусулмонлар бир-бирларига раҳму шафқат, марҳамат қилишлари, ёрдам беришлари, уларнинг муштарак вазифаларидан бўлиб, бу ёрдам гуноҳ ишларда эмас, балки ҳақ ва иймон йўлида бўлиши лозим, албатта. Касалларни зиёрат қилиш, мўминларнинг жанозаларида қатнашиш, муҳтож мўминларга имкон қадар ҳиммат қўлини узатиш, хизматчисидан тортиб қўни-қўшни, қавму қариндош, ёру биродарлар, ҳатто ҳайвон ва паррандаларнинг ҳам ҳақларига риоя қилиш – мўмин киши тўла-тўкис бажариши зарур бўлган амаллардандир. Чунончи, танамиздаги ҳар бир аъзонинг ўз вазифаси бор. Агар бир аъзо ишдан чиқса, вужуд салкам яроқсиз ҳолга келади. Бир нечтаси ишдан чиқса-чи? Масалан, кўз кўрмаса, қулоқ эшитмаса, қўл-оёқ ишламай қолса, бу вужуднинг не қиймати бор?
Ҳар бир аъзонинг ўзига яраша вазифаси бўлганлигидан бир-бирининг ўрнини боса олмайди. Биз бу аъзоларнинг қадрига етиб, ҳақларини адо этмоғимиз, шукрини келтирмоғимиз лозим. Кишининг кўзи оғриганида малҳам қўйишга зарурат туғилгани каби, бошқа одамларнинг ҳам ҳаққини адо этиш вазифаси бор. Ҳар бир инсон ўзи масъул бўлган вазифасини бекаму кўст бажариши билан жамиятда уйғунлик пайдо бўлади. Акс ҳолда биргина аъзонинг шикастланиши билан тана заифлашгани каби жамият ҳам мутаносибликни йўқотади, заифлашади.
Инсонлар устида вазифани тўғри бажаришга ҳаракат қилиш иймон ва Исломнинг талабидир. Кексаларни, айниқса ота-онани алоҳида эътибор билан ҳурмат қилиш, кичикларга шафқат, марҳаматини аямаслик, мубоҳ ва гуноҳ бўлмаган хусусларда оқсоқолларга бўйсуниб, ўзаро бирликни сақлаш, ушбу ҳадиснинг талабларидир. Агар жамиятнинг ўзагини ташкил этувчи аъзоларнинг иттифоқи мустаҳкам бўлса, ҳамма бир-бирига инсоний ва биродарлик ёрдам қўлини чўзади, бир-биридан ҳол-аҳвол сўрайди.
Динимизнинг илк даврларида фарзандлар ота ёки она вафот этишини мусибат деб билмас эдилар. Чунки атрофидаги мусулмонлар уларга ёрдам қўлини чўзганлар, лутф-эҳсонлар қилганлар. Улар бу яхшиликларнинг айримларини ҳаёт даврларида, ҳатто ота-оналаридан ҳам кўрмаган эдилар. Мана шу нарса ҳам мусулмонликдаги ўзаро ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасидир.
Ўзаро меҳру муҳаббат, марҳамат, лутфу эҳсон ва ёрдамлашувнинг ноқислиги Ислом ҳамжиҳатлигининг заифлиги ёки умуман мавжуд эмаслигининг белгисидир. Чунончи, бир бинодаги тош, темир, тахта, қум, цемент ва бошқа моддалар бир-бири билан маҳкам чирмашиб турар экан, бино ҳам мустаҳкам демакдир. Қачонки уларнинг ўзаро боғлиқлигига путур етгудай бўлса, тош, темир, қум бир-биридан ажрала бошласа, у мустаҳкам бино емирилишга юз тутади. Шунга ўхшаб, мўмин кишилар ҳам бир-бирларидан узоқлашсалар, пароканда бўлсалар, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлса, ўша бино сингари вайрон бўлади.
Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Иймон аҳли бир тан, бир жондир" ҳадиси шарифлари ҳам бунга ёрқин далилдир. Бизлар ўзаро жипслашсак, иттифоқ бўлсак, ана шундагина ҳурриятга, шону шарафимизга эришамиз. Аксинча, иймон ва Ислом бирдамлиги зое бўлса, ҳамма ўз нафсини ўйлайверса, ўзгаларга қул-асир бўлиб, озодлик неъматидан маҳрумлигимизча қолаверамиз. Золимлар бизни инсоний ҳудудлардан чиқиб кетишга мажбур килади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки:
"Инсонларга шундай бир замон (охирзамон) келадики, мўмин киши қўйдан ҳам тубанлашади"[2]. Қўй чўпоннинг қўлида қанчалик забун, маҳкум ва ночор бўлса, мўмин киши ҳам иймон ва Исломнинг ҳақиқатини йўқотдими, бас, онгсиз жонивор – қўйга айланади. Шеригини сўйсалар ҳам, парвойи палак, ўтлаб юраверади.
Азиз биродар! Инсоннинг бир аъзосини бирон сабабдан кесмоқчи ёки жарроҳлик қилмоқчи бўлсалар, хасталанган аъзога оғриқни сездирмайдиган игна урилади. Шундан кейин у аъзо танадаги бошқа аъзолардан бутунлай ажралади, ҳеч бир аъзо унга ҳамдардлик билдирмайди ва ниҳоят кесилади. Ушбу аъзолардаги асаб толаларини ўлдириш билан бадан оғриқ сезмайди. Сезги ҳиссининг ўлдирилиши билан маънавиятнинг ўлдирилиши орасида ҳеч фарқ йўқ. Бири модда билан ўлдирилади, иккинчиси руҳий туйғулар орқали.
Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қайта тирилишга, жаннат ва жаҳаннамга, мезонга, сиротга ишонмаслик, Қуръони каримнинг буйруқлари ва Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам суннати саниййаларига эргашмаслик ёки инкор этиш туфайли банданинг руҳи буткул синади. Иймон ва Ислом тушунчаларини идрок этиш шууридан ҳам маҳрум бўлади. Руҳий-маънавий ҳисси тамоман ўлади. Ана шунда қўли ёки оёғи кесилганда оғриқ сезмайдиган беморга айланади. Аллоҳ сакдасин! Маълум вақтдан сўнг бемор ўзига келади. Оғрикларни ҳис эта бошлайди. Аммо асл руҳиятини йўқотган бечоранинг ўзига келиши, ғафлатни тарк этиб иймонга ёпишиши, ҳаётда кам учрайдиган баъзи беморларнинг ўлимдан қутулиб қолгани кабидир.
Қуръони каримда динсиз, иймонсиз кимсалар энг тубан кимсалар деб сифатланган: "...Кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар! Ана ўшалар энг ёмон махлуқдирлар”. Энди бундай бедин, беиймонларнинг орқасидан эргашганларга нима дейиш кераклигани ўзингиз айтинг?
Мўъмин-мусулмонлар қанчалик тарқоқ, бир-бирларидан қай даража узоқ бўлмасин, улар барибир яквужуддирлар. Бир-бирларининг ёрдамига шошиш, бир-бирларини ҳар тарафлама муҳофаза қилиш барча мусулмонларнинг бўйнидаги вазифадир.
Бир инсоннинг қўли ёки бошқа жойи кесилса, қаттиқ оғрийди. Бу оғриқ, кесилган аъзодаги бирликнинг бузилишидан келиб чиқади. Чунки кесилган аъзо иккига бўлинади. Яра битгунга қадар давом этган оғриқ яранинг битиши ва янгидан бирлашуви натижасида йўқолади. Дарҳакиқат, қувват бирликдадир. Чунки динимизнинг асоси якка эътиқод – тавҳиддир: Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ. Аллоҳ таоло барчамизни бу йўлдан адаштирмасин!
Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан
[1] “Рамуз ал-аҳодис” 236/2 ровий ҳазрати Нўъмон ибн Башир (р.а.).
[2] “Жомиъ ас-сағир” 2/178, ровий ҳазрати Анас ибн Молик (р.а.).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳакимлардан бири айтади: “Одам дард олдида йиқилиши айб эмас, балки лаззатлар жарлигига қулаб кетиши ҳақиқий айбдир”.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Гуноҳдан лаззатлансанг, у лаззат арийди, унинг гуноҳи эса қолади. Агар яхшилик йўлида хорисанг, чарчоқлар тарқаб кетади, яхшилик (фойдага) қолади”, дедилар.
Мен Шайх Алий Тантовийдан ҳаётларида ўқиган энг гўзал ҳикмат қайси эканини сўраганимда, у зот: “Етмиш йилдан ошибдики, ўқиш билан бандман ва Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг “Сайдул-хотир” китобида ривоят қилган “Шак йўқки, тоатнинг машаққати кетади ва унинг савоби қолади, маъсиятларнинг лаззати кетади ва унинг гуноҳи қолади” деган ҳикматидан гўзалроғини ўқиганим йўқ”, деган эдилар.
Ушбу маъноларни Кусаййир Изза ҳам айтиб, бундай деганлар:
Ҳаромдан тотсанг гар лаззат қаймоғин,
Мазаси кетиб қолар, гуноҳи-ори...
Доимо ёдингизда тутингки, ҳаётда инсонни чалғитадиган зийнатлар қаршисида нафс устидан ғолиб бўлишдан-да лаззатлироқ нарса йўқ.
Ҳар кишининг ўз лаззат унсурлари бор:
Обидларнинг лаззати муножотда.
Уламоларнинг лаззати тафаккурда.
Сахийларнинг лаззати эҳсонда.
Муслиҳлар (ислоҳотчилар)нинг лаззати ҳидоятда.
Бадбахтларнинг лаззати биров билан ғижиллашишда.
Пасткашнинг лаззати дилозорликда.
Залолатдагиларнинг лаззати иғво ва бузғунчиликда.
Ҳеч нафсингиздан: “Менинг лаззатим нимада?” деб сўраб кўрганмисиз. Ҳаётнинг қадр-қимматини белгилайдиган лаззат пулдор бўлиш, обрў орттириш, катта-катта мансабларда эмас. Аслида у ўзингиздан кейин қолдирадиган яхши номдадир... У – риёсиз қилаётган яхши ишингизда. У – фойдали илмда. У – фарзандларингизга ўргатган илмингизда. Улар Қуръон тиловати ила сизга савоб йўллашади. Сиз ундан дунё ва охиратда фойда оласиз. Ҳаётнинг мазмуни бўлган лаззат – бу бирор-бир яхши одатдир. Сиздан кейин атрофингиздагилар уни одат қилиб, ҳаётларига татбиқ этадилар. Бу лаззат ҳаётнинг қайси жабҳасида бўлмасин, Аллоҳнинг розилигига эриштиради...
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.