Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи кун» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган.
عَنِ الْحَكَمِ بْنِ الْأَعْرَجِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: انْتَهَيْتُ إِلَى ابْنِ عَبَّاسٍ وَهُوَ مُتَوَسِّدٌ رِدَاءَهُ عِنْدَ زَمْزَمَ، فَقُلْتُ لَهُ: أَخْبِرْنِي عَنْ صَوْمِ عَاشُورَاءَ، فَقَالَ: إِذَا رَأَيْتَ هِلَالَ الْمُحَرَّمِ فَاعْدُدْ، وَأَصْبِحْ يَوْمَ التَّاسِعِ صَائِمًا، قُلْتُ: هَكَذَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَصُومُهُ؟ قَالَ: نَعَمْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган Ибн Аббоснинг ҳузурига бориб:
«Менга Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер», дедим.
«Қачон Муҳаррамнинг ҳилолини кўрсанг, санаб бор. Тўққизинчи куни рўза тутган ҳолда тонг оттир», деди у.
Мен:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўзасини шундай қилиб тутар эдиларми?» дедим.
«Ҳа», деди у».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ривоят ровийси Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳу билан танишиб қўяйлик:
Ҳакам ибн Абдуллоҳ ибн Исҳоқ Аъраж ал-Басрий тобеъинлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини Ибн Аббос, Ибн Умар, Имрон ибн Ҳусойн, Маъқал ибн Ясор, Абу Бакра, Абу Ҳурайралар орқали ривоят қилдилар. Бу ҳадислар унча кўп бўлмаса ҳам лекин ишончлидир.
Биз танишган ривоятда Ашуро рўзаси Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни тутилиши ҳақида сўз кетмоқда. Нима учун бундай эканлиги ҳақида сўз юритишдан олдин бу масалага оид бошқа ҳадисларни ҳам кўриб чиқсак, яхши бўлар, деган умиддамиз.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَامَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّهُ يَوْمٌ تُعَظِّمُهُ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى، قَالَ: فَإِذَا كَانَ الْعَامُ الْمُقْبِلُ إِنْ شَاءَ اللهُ صُمْنَا الْيَوْمَ التَّاسِعَ، فَلَمْ يَأْتِ الْعَامُ الْمُقْبِلُ حَتَّى تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар.
Одамлар:
«Эй Аллоҳниниг Расули, яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлайдилар», дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Янаги йил келса, иншааллоҳ, (ўнинчи билан бирга) тўққизинчи куннинг рўзасини (ҳам) тутамиз», дедилар.
Бас, келаси йил бўлмасдан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Ашуро куни рўзасини тутиб, умматларига ҳам ўша куннинг рўзасини тутишни амр қилганларида баъзи хабардор саҳобийлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудий ва насороларнинг Ашуро кунини улуғлашларини эслатдилар. Чунки саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудий ва насороларникига ўхшаган ишни қилмасликларини, доимо уларникидан бошқача, Ислом умматига хос иш қилишларини яхши билар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо саҳобаи киромларни бошқа дин эгаларига ўхшашдан, уларга эргашишдан қайтариб келар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг Ашуро куни рўзаси ҳақидаги хабарларини бағрикенглик билан қабул қилиб олдилар. Уни ҳисобга олдилар ва янаги йили яҳудий ва насороларга ўхшаб, Муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунининг эмас, балки уларга хилоф қилиб, тўққизинчи кунининг рўзасини ҳам тутишларини айтдилар. Аммо ўзлари келгуси йилнинг Ашуро куни келмасидан Рафиқи Аълога риҳлат қилдилар.
Лекин гаплари ўз кучида қолди. Барча мўмин-мусулмонлар у зотнинг айтганларини қилиб, Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутишга одатландилар.
وَعَنْهُ قَالَ: أَمَرَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم بِصَوْمِ عَاشُورَاءَ يَوْمَ الْعَاشِرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар».
Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Бу амр аввалги ҳадисда зикр қилинган ҳодисалардан олдин бўлган.
Ушбу ривоятлардан чиқадиган умумий хулоса қўйидагича.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини Муҳаррамнинг ўнинчи кунида тутишга амр қилганлар, ўзлари ҳам тутганлар.
Яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлашларини билиб қолганларидан кейин ўнинчи кунга тўққизинчи кунни ҳам қўшиб тутишга қарор қилдилар. Лекин ўзлари бу ишни қилмай туриб, вафот этдилар.
Биринчи ривоятда келганидек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳунинг саволига жавобан «Тўққизинчи кунни рўза тутган ҳолингда тонг оттир», деганлари Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутиш керак, деганлари, яъни, тўққизинчи кунни, сўнг ўнинчи кунни тутасан, деганлари бўлади. Зотан, Ашуро сўзининг луғавий маъноси «ўнинчи кун» эканлигини аввал ҳам айтиб ўтганмиз.
Демак, бу йил 31 августдан ҳижрий 1441 йил бошланади. Унинг биринчи ойи Муҳаррам ойи бўлиб, Рамазон ойидан кейин энг ҳурматли ой ҳисобланади. Ашуро куни эса юқоридаги ҳадисга мувофиқ Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Бундай улкан имконият Аллоҳ таолонинг биз – бандаларига қилган фазл ва марҳаматидир.
Ашуро куни (Муҳаррамнинг 10-куни)нинг рўзасини 9-куни билан қўшиб тутиш суннат амалдир. Фақат Ашуро кунининг ўзида рўза тутиш макруҳдир («Фатвои Ҳиндия» китоби).
Ашуро кунидан аввал ҳам, кейин ҳам бир кун рўза тутиш мустаҳаб бўлади («Фатҳул Қадир» китоби).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким оила аҳлига Ашуро кунида (озиқ-овқат, кийим-кечакда ва бошқа нарсаларда) кенгчилик қилса, йилнинг қолганида Аллоҳ унга кенгчилик қилади» (Имом Байҳақий ривояти).
Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: «Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик,» – деганлар. Суфён ибн Уяйна: «Биз буни 50-60 йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик», – деганлар.
Демак, Ашуро куни бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракали бўлиши умид қилинади. Бу йил Ашуро куни 9 сентябрь душанба кунига тўғри келмоқда. Фазилатли ойлардан бўлган Муҳаррамдаги ҳар бир лаҳзани ғанимат билайлик.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шайх Абу Ғудданинг биргина китобни узоқ излаб, ниҳоят, Маккаи мукарраммада Тошкентлик шайхдан топганлари хусусида ажиб ҳикоя
Шайх раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳифалар» китобида ўзларининг ҳаётларидан бир лавҳани қуйидагича зикр этадилар: «Баъзан бирон китобга етишадиган бўлсам, Аллоҳ таоло учун фалон-фалон ракат намоз ўқийман деб назр қилар эдим. Бир китобни қўлга киритаман деб, қизиқ воқеани бошимдан кечирганман. Уни шу ўринда келтиришни мақсадга мувофиқ деб билдим:
«Қоҳирадаги ал-Азҳар университетининг шариат факультетида ўқиб юрган пайтларимда доимо шайхимиз, аллома имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларида бўлардим. У зот аллома Шайх Алий Қорининг «Фатҳу бобил иноя бишарҳи китобин ниқоя» китобини олишни тавсия қилдилар. Фойдали, нодир, дурдона китобларни қўлга киритишга ишқибоз эканимлигимни билганликлари сабаб, ўша китобни топишга бир неча бор жиддий тарзда қизиқтирган эдилар.
У китоб Ҳиндистонда чоп этилган бўлса керак, деб юрардим. Қоҳирада олти йил яшаган бўлсам, то ўқишни тугатгунимча ўша китобни излаб юрдим.
Топилиши мумкин деб фараз қилган барча кутубхоналаримдан сўраб-суриштирдим, лекин у ҳақида бирор маълумотга эга бўла олмадим. Ўз юртимга қайтганимда ҳам Ҳалабнинг қайси шаҳрини зиёрат қилмай ёки қайси кутубхонасига кирмай, ўша китобни излашда давом этардим.
Мен китоб Ҳиндистонда чоп этилган деб ўйлаганим ва у ҳанафий фиқҳи борасида ёзилгани боис, шояд мақсадимга эришсам деб, китобфурушлардан Ҳиндистонда чоп этилган ҳанафий мазҳабига оид барча фиқҳий китоблар ҳақида суриштирар эдим. Лекин улар бу китобнинг ҳатто номини ҳам билишмас эди. Дамашқдаги қадимги дурдона китоблардан хабардор бўлган эски китобфурушлар бор эди. Уларда жуда кўплаб қадимги ва қимматбаҳо китоблар бўлса-да, уларни сотиш масаласида жуда ҳам қаттиқ туришар ва анчагина қиммат нарх белгилашарди.
Улар Саййид Иззат Қусайботий ва унинг отаси, шунингдек, Шайх Ҳамдий Сафаржалоний ва Саййид Аҳмад Убайдлар эди. Бир куни Саййид Иззат Қусайботийдан Ҳиндистонда чоп этилган «Фатҳул бобил иноя...» китоби ҳақида сўрасам, ул зот китоб унда борлигини айтди ва Имом Айнийнинг 1293 ҳижрий йилда Ҳиндистонда чоп этилган жуда катта – олти мужалладдан иборат «Ал- Биноя би шарҳи Ҳидоя» китобини олиб чиқди. Ушбу китоб ҳам мен излаб юрган қимматбаҳо, нодир китоблардан эди, аммо мен у зотдан сўраган китоб эмасди.
Шунинг учун бу китобни унча қиммат бўлмаган нархда сотиб олдим. Кейин мен Шайх Ҳамдий Сафаржалоний раҳимаҳуллоҳдан қидириб юрган китобим ҳақида сўрадим. Билсам, китоб Россияда, Қозонда чоп этилган экан. Айтишларича, китоб қизил гугуртдан ҳам нодирроқ экан. У киши умри давомида қанча-қанча китоблар билан шуғулланган бўлса-да, ўша китобдан фақат бир нусхаси қўлига тушгани ва уни аллома Имом Кавсарийга ақл бовар қилмайдиган даражада қиммат нархга сотиб юборганини айтди.
Китоб чоп этилган жойни аниқ билиб олган бўлсамда, унга етишишга бўлган умидим сусайди. Аллоҳ таоло мени 1376/1957 йилда биринчи маротаба Байтуллоҳни ҳаж қилишга муваффақ қилганида Маккаи мукаррамага кириб, китоб босилган ўлкалардан Аллоҳнинг муборак шаҳрига кўчиб келган кишилардан биронтаси ўзи билан ўша китобни олиб келгандир, деган умидда Маккадаги кутубхоналардан китобни суриштира бошладим, лекин топа олмадим. Аллоҳ таолонинг инояти билан Маккаи мукаррамадаги бозорлардан бирида одамлардан чеккароқдаги бир эски китобфурушнинг олдига бориб қолдим.
У зот шайх Мустафо ибн Муҳаммад Шинқитий ҳафизаҳуллоҳ экан. У зотдан бир неча китоблар сотиб олдим. Сўнг ноумид бўлган ҳолда ҳалиги китоб ҳақида сўрасам, бир ҳафтача олдин менда бор эди, деб қолди. Китобни бухоролик олимлардан бирининг меросидан сотиб олган экан. Бир неча кун олдин уни асли бухоролик Тошкент уламоларидан бирига қиммат нархга сотиб юборган экан. Ишонқирамай турган эдим у ўша китобни менга сифатлай бошлади. Ҳақиқатдан ҳам ўша мен анчадан бери излаб юрган китоб эди. Шундан кейин китобни сотиб олган тошкентлик олим кимлигини сўрадим.
У зот ўйлаб туриб шайх Иноятуллоҳ Тошкандийнинг номини айтди. Ундан ўша шайхнинг яшайдиган, ишлайдиган манзилини, уни қандай топиш мумкинлигини сўрадим. У бу ҳақда билмаслигини айтди. Яна у киши ҳақида кимдан сўраб-суриштиришим мумкинлиги ҳақида сўраган эдим, буни ҳам билмаслигини айтди. Шундан сўнг ўша китобни қўлга киритиш ёки уни сотиб олган киши билан учрашишдан янада умидим узилди. Шундай бўлса-да, Масжидул Ҳарам ёки Макка бозорларида учратган барча бухоролик кишилардан шайх Иноятуллоҳ ҳақида суриштириб юравердим. Бухороликлар бор деб айтилган ҳеч қайси мадраса ёки карвонсарой қолмади, ҳаммасидан ўша шайхни суриштириб чиқдим. Ҳатто Макка ташқарисидаги маҳаллаларгача бордим. Чунки айримлар у ерда ҳам бухороликлар бор дейишганди.
Лекин излаётган одамим билан учрашиш қаёқда дейсиз? Ахир Маккаи мукаррамада Иноятуллоҳ исмли қанчадан-қанча бухороликлар бордир. Тўхтовсиз сўраб-суриштиришлар мени шайх Абдулқодир Тошкандий Бухорий Саотийнинг ҳузурига олиб борди. У зот Макка атрофидаги Жарвал маҳалласида истиқомат қилар экан. У зотдан шайх Тошкандий ҳақида сўраган эдим, шайхни таниди ва менга унинг асл исмини айтди. Исми шайх Мир Иноят Тошкандий экан. Лекин у ҳам шайхнинг манзилини у билан учрашиш мумкин бўлган жойларни билмас экан.
Яна «Фатҳул бобил иноя...» китобини олган ўша шайх билан учрашишдан ноумид бўлиб қолдим. Орадан бир оз вақт ўтди. Бир куни Каъбаи муаззамани тавоф қилиб Аллоҳ таолодан мени ўша инсонга йўлиқтиришини ва ўша китобни қўлга киритишга муяссар этишини сўрадим. Ушбу дуо ва нолани би неча бор такрорлайвердим. Орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Бу муддат ичида китоб ва унинг эгасини қидиравериб, фикру ҳаёлим паришон бўлиб қолган эди. Бу Аллоҳга аён.
Бир куни (масжид кенгайишидан олдин) Масжидул Ҳарам эшикларидан бири- «Бобу зиёда»нинг олдидаги бозорда айланиб юрсам, Абу Араб деган эски дамашқлик тижоратчи мени кўриб, кўринишим ва кийимларимдан шомликка ўхшатиб олдига чақирди. Шом ўлкаси ва Шом аҳолиси ҳақида сўради. Китобга бўлган иштиёқим кучлилигидан у кишидан биринчи бўлиб ҳалиги бухоролик шайх ҳақида сўрадим. У олдидаги дўконда ўша шайхнинг куёви савдо қилишини, шайхни ҳаммадан кўра у яхши бўлишини айтди. Бу гапларни эшитиб, шу қадар хурсанд бўлдимки, қулоқларимга ишонмай қолдим.
Шундан сўнг мен туну кун у ерга қатнаб, охири у киши билан учрашишга муваффақ бўлдим. У зот китобни менга ўзлари истаган нархда арзонга сотдилар. Ўша кун умримда энг хурсанд бўлган онларимдан бири эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга ўша китобни биринчи жузини таҳқиқ қилиб, нашр қилишни насиб этди. Аллоҳ таолодан ўз фазли ва карами ила китобнинг қолган қисмларини ҳам нашр қилишга муваффақ бўлишини сўраб қоламан!».
Шайх Aбдулфаттоҳ Aбу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг
«Саҳифалар» китобидан.