Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Исро ва Меърож ҳодисаси қачон юз берган?

22.03.2020   3890   10 min.
Исро ва Меърож ҳодисаси қачон юз берган?

«Исро» (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.

«Меърож» (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.

Маълумки, бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан олий, устун ва юксакдир.

 

Ҳикмати

Бу мўъжизавий сафарнинг ҳикматлари кўп бўлиб, энг буюги ва лўндаси Аллоҳ таоло: (لِنُرِيَهُ مِنْ أَيَاتِنَا) «…унга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) Ўз мўъжизаларимизни кўрсатиш учун…»[1] деб, айтган оятидир. Шундай ҳам бўлди: (لَقَدْ رَأَى مِنْ أَيَاتِ رَبِّهِ الْكُبْرَى) «Дарҳақиқат, у (Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорининг буюк мўъжизаларини кўрди»[2].

Аллоҳнинг ҳузурида «меҳмон» бўлиш мушрикларнинг азиятлари чўққисига чиққан пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга катта тасалли бўлди, бу иш туфайли у зотнинг кўнгилларидан тушкун кайфият ариди, умид ниҳоли гуркиради.

Айни чоқда, бу воқеа мусулмону кофир учун синов-имтиҳон ҳам бўлди. Бу имтиҳондан барча саҳобалар ўтишди, кофир-мушриклар эса, яна доғда қолишди.

Тафсилоти

Жумҳур аҳли сунна вал жамоа уламолари Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан сал олдин, ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта юз берганига иттифоқ қилишган.

Беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари пайғамбарликнинг 14-йили, рабиул аввал ойининг бошида, у зот қамарий ҳисобда 53 ёшга тўлганларида (милодий 622 йил сентябр ойи ўрталарида) бўлганига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган.

Вақти

Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин (бу ривоят шозз[3] бўлиб, Шарик ибн Абу Намир тарафидан содир этилган хато эканига барча муҳаддислар иттифоқ қилишган[4]);

– пайғамбарликнинг биринчи йили (имом Табарий ихтиёр қилган);

– пайғамбарлик келганидан бир йилу олти ой кейин (имом Заҳабийнинг ушбу қавли ҳақида Абу Умар ибн Абдул Барр: «Мен Заҳабийдан бошқа бу гапни айтган бирорта сийрат олимини билмайман», деган[5]);

– пайғамбарлик келганидан беш йил ўтиб (қози Иёз нақли);

– пайғамбарлик келганидан етти йил кейин (Зуҳрийнинг бир қавли);

– пайғамбарликнинг ўнинчи йили (Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий ихтиёр қилган);

– ҳижратдан уч йил олдин (Ибн Асийр нақли);

– ҳижратдан бир йилу олти ой олдин, рамазон ойида (Воқидий ривояти);

– ҳижратдан бир йилу беш ой олдин, шаввол ойида (Мовардий қавли ҳамда, Суддийдан Табарий ва Байҳақийлар ривоят қилишган);

– ҳижратдан бир йилу тўрт ой олдин, зулқаъда ойида (Суддий ва Муқотилларнинг бир қавли);

– ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида (Ибн Форис нақли);

– ҳижратдан бир йилу икки ой олдин, муҳаррам ойида (Ибн Абдул Барр нақли);

– ҳижратдан бир йил олдин, рабиул аввал ойида (кўпчилик ровийлар ривояти, жумладан: Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умар, Анас, Жобир, Оиша, Умму Салама, Умму Ҳонилардан ривоят қилинган (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин). Қатода, Урва ибн Зубайр, Мусо ибн Уқба, Ибн Қутайба, Байҳақий, Ибн Саъд, Ибн Асокир, Ибн Мардавайҳ, Ҳофиз Иброҳим Ҳарбийлар ривоят қилишган (Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин). Муқотил ва Зуҳрийларнинг бир қавли);

– ҳижратдан саккиз ой олдин, ражаб ойида (Абул Фараж ибн Жавзий нақли);

– ҳижратдан олти ой олдин, рамазон ойида (Ҳофиз Абу Рабиъ ибн Солим нақли).

Қайси кунда рўй бергани хусусидаги фикрлар ҳам хилма-хилдир

– 12-рабиул аввал (Жобир ва Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумлар қавли);

– 17-рабиул аввал (Ибн Умар, Оиша, Умму Салама ва Умму Ҳони розийаллоҳу анҳумлар қавли);

– 27-рабиул аввал (Ҳофиз Иброҳим Ҳарбий қавли);

– Ражаб ойининг биринчи жума кечаси[6] (ровийи номаълум);

– 10-ражаб (Қайс ибн Аббод ривояти);

– 25-ражаб (ровийи номаълум);

– 27-ражаб (Қосим ибн Муҳаммад ривояти);

– 17-рамазон (Ибн Саййидиннас нақли);

– 29-рамазон (ровийи номаълум).

Таҳқиқ (ҳақиқатини аниқлаш)

Исро ва Меърож ҳодисасининг қачон юз бергани ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ёки саҳобалардан саҳиҳ асар йўқлигини, шу сабабли муҳаққиқ уламоларимиз кўп ва хўб баҳслар олиб боришганини, натижада, маълумотларни «таржиҳ»[7] қилишганини (яъни, ҳақиқатга яқинини аниқлашганини) айтиб ўтмоқчимиз.

Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий: «Саҳиҳ қавлга кўра[8] Абу Толиб пайғамбарликнинг ўнинчи йили ражаб ойида, Хадича розийаллоҳу анҳо ҳам шу йили рамазон ойида вафот этишган. Бу пайтда ҳали беш вақт намоз фарз қилинмаган эди. Ислом уммати беш вақт намоз Исро кечаси фарз қилингани хусусида ижмоъ қилган. Исро сурасининг сиёқи-оқими Исро ҳодисасининг жуда кеч (яъни, Макка даврининг охирги йилларида) юз берганига далолат қилади. Натижада, биз Исро ҳодисаси (пайғамбарликнинг 12-йили, ҳаж мавсумида бўлиб ўтган) «Биринчи ақаба байъати»дан сал олдинроқ бўлган ёки (биринчи ақаба байъати билан пайғамбарликнинг 13-йили, ҳаж мавсумида бўлган) «Иккинчи ақаба байъати» орасида бўлган, деган фикрга келдик, яна Аллоҳ билувчироқ» деган[9].

Ҳофиз Ибн Форис Асбиҳоний Исро воқеасининг ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида бўлганига жазм қилган (ишонч ҳосил қилган ва бир тўхтамга келган эди)[10].

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра: «Исро ва Меърож ҳодисаси йигирма еттинчи ражабда бўлган, деган фикр саҳиҳ бўлмаган хабар ила келгандир. Баъзи одамлар бу ой-кунни рост-тўғри деб қабул қилишганининг гувоҳи бўлдик. Биз буни аниқ ишонч ҳосил қилмаган ва бир тўхтамга келмаган ҳолдагина қабул қиламиз. Сабаби, ровийлар яна Исро ва Меърож ҳодисасининг ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлганига иттифоқ қилишган», дейди.[11]

Имом Нававий бу хусусда икки хил фикрни келтирган. «Равзатут толибин» китобида: «Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлган», деса, «Фатово»китобида[12]: «Рабиул аввал ойида бўлган», дейди.

Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни Абдул Ғаний Мақдисий ихтиёр қилган. Аммо ҳофиз Абу Исҳоқ Иброҳим Ҳарбий уни инкор этгандир[13], қолаверса, барча муҳаддис уламолар ривоятнинг саҳиҳ эмаслигини бир овоздан таъкидлашган.

Аллома Абу Шома Мақдисий[14], имом Абул Хаттоб Умар ибн Диҳя[15] каби олимлар: «Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойида бўлгани ҳақидаги ривоят таъдил ва таржиҳ уламолари наздида кизбдир», дейишган.

Ражаб ойининг биринчи жума кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни аллома Ибн Касир: «Асли-асоси йўқ», деган[16].

Хулоса

Жобир билан Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рабиул аввал ойининг душанба куни ҳам туғилганлар, ҳам ваҳий у зотга рост туш орқали кела бошлаган, ҳам Меърожга чиққанлар, ҳам Мадинага ҳижрат қилганлар, ҳам вафот этганлар»[17].

«Ибн Асийр Жазарий: «Исро воқеасининг душанба куни бўлгани менинг назаримда саҳиҳдир», деган. Ибн Мунир ушбу гапни ихтиёр қилгандир»[18].

Абул Баракот Насафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлган», дейди[19].

Шайх Алоуддин Мансур: «Исро Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлган», дейди[20].

Доктор Аҳмад Абу Зайд[21] билан доктор Абдул Азиз Усмон Тувайжирий[22]: «Аржаҳ (ҳақиқатга яқинроқ) сўзга кўра, беш вақт намоз ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) Исро ва Меърож кечаси фарз қилинган», дейишади.

Мулла Али қори ибн Муҳаммад Султон Ҳанафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Ибн Асийр: «Мана шу саҳиҳдир», деган», дейди[23].

Шайх Али Нойиф Шаҳҳуд: «Исро ва Меърож ҳодисаси кўпчилик ва муҳаққиқ уламоларнинг сўзларига кўра, ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Тадқиқот ва мушоҳада қилинса ҳам, Исро ва Меърож ҳодисаси рабиул аввалда бўлганига ишонса бўлади», дейди[24].

Қози Иёз: «Бир эмас, бир қанча олим Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) юз берганини айтган», дейди[25].

Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: «Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Бу кўпчилик уламоларнинг сўзидир. Ҳатто Ибн Ҳазм бу борада муболаға қилиб, ижмоъни нақл қилган», дейди[26].

Имом Бағавий: «Меърож ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлганига илм аҳли иттифоқ қилган», дейди[27].

Демак, Исро ва Меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, пайғамбарликнинг 13-йили рабиул аввал ойида, душанба куни бўлгани «рожиҳ» (ҳақиқатга яқин)дир. Бу вақт милодий 621 йилнинг сентябрь ёки октябрь ойига тўғри келади.

Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 52 ёшга тўлган эдилар.

Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила бу ҳодисанинг аниқ вақтини Қадр кечаси каби унуттирди!

Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: «Исро кечасида «рағоиб» намозини ўқиш ўйлаб топилган бўлиб, унинг асли-асоси йўқ», дейди[28].

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: «Исро кечаси тўпланиб, илмий суҳбатлар ўтказиш кейинги даврларда юзага чиққан. Баъзи аҳли илмлар мазкур улуғ ҳодисани ёдга олиш билан бирга кўпчиликка унинг аҳамиятини эслатиш ва дину диёнат йўлида ваъзлар қилишни мусулмонлар учун фойдали деб бу ишни ўтказишган. Исро кечасидаги алоҳида намозлар ва бошқа нарсалар ҳужжатсиз ишлардир», дейдилар[29].

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Абдул Азим ЗИЁУДДИН

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дуо қилиш одоблари баёни (2 қисм)

31.01.2025   458   19 min.
Дуо қилиш одоблари баёни (2 қисм)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Давоми...

Ўн биринчи одоб – бирор гуноҳ ишни амалга ошириш учун ёки қариндошлик алоқаларини узиш учун дуо қилмаслик.

Мусулмон киши бирор гуноҳни бажаришга эришиши учун ёки бирор қариндоши билан алоқани узишга муваффақ қилинишини сўраб дуо қилмаслиги керак. Зеро, бундай дуо ижобат ҳам қилинмаслиги ҳадиси шарифда хабар берилган:

 عَنْ جَابِرٍ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَا مِنْ أَحَدٍ يَدْعُو بِدُعَاءٍ إِلاَّ آتَاهُ اللَّهُ مَا سَأَلَ أَوْ كَفَّ عَنْهُ مِنَ السُّوءِ مِثْلَهُ مَا لَمْ يَدْعُ بِإِثْمٍ أَوْ قَطِيعَةِ رَحِمٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимда ким бирор дуо қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло, албатта, унга сўраганини беради ёки ўшанча ёмонликни ундан тўсади, модомики у бирор гуноҳга ё қариндошлик алоқасини узишга дуо қилмаган бўлса”, – деяётганларини эшитганман” (Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифда шариат ман қилган ишлардан сақланиб дуо қилиш, албатта, мазкур учта зарур нарсадан бирига сабаб бўлиши баён қилинган. Шунинг учун ориф зотлардан бири: “Дуо гуноҳни тарк қилишдир”, деган.


Ўн иккинчи одоб – ўзига ё фарзандига ё молига зарар етишини сўраб дуо қилмаслик.

Одатда ақли расо инсон ҳеч қачон ўзига ё фарзандига ё молига зарар етишини сўраб дуо қилмайди. Аммо “жаҳл келганда ақл кетади” деганларидек баъзи инсонлар бирор нарсадан қаттиқ ғазабланган пайтларида ўзларига нисбатан “ўлсам бўлмасмиди”, фарзандига нисбатан “бўйнинг узилгур”, молига нисбатан “қирилиб кетгур” каби сўзларни “жаҳл қилиб” айтиб юборадилар. Ушбу сўзларни айтаётган кимса зоҳиран шу нарсалар содир бўлиши учун дуо қилаётганга ўхшаб қолади. Зеро, дуонинг асли сўровдир. Ҳадиси шарифларда бундай “сўров”нинг ўта хатарли экани ҳақида огоҳлантирилган:

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لاَ تَدْعُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ وَلاَ تَدْعُوا عَلَى أَوْلاَدِكُمْ وَلاَ تَدْعُوا عَلَى خَدَمِكُمْ وَلاَ تَدْعُوا عَلَى أَمْوَالِكُمْ لاَ تُوَافِقُوا مِنَ اللَّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى سَاعَةَ نَيْلٍ فِيهَا عَطَاءٌ فَيَسْتَجِيبَ لَكُمْ. رَوَاهُ اَبُو دَوُودَ

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзларингга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, фарзандларингга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, хизматчиларингга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, молларингга зарар етишини сўраб дуо қилманглар (тағин) Аллоҳ табарока ва таоло (сўралган нарсани) ато қиладиган ижобат соатига мувофиқ келиб қолмангларки, (сўровларингни) ижобат қилиб қўяди”, дедилар (Абу Довуд ривоят қилган).

Ушбу ҳадисга риоя қилган мусулмонлар жаҳллари чиққан пайтда “бўйнинг узилгур”нинг ўрнига “барака топкур”, “уйинг буғдойга тўлгур” каби сўзлар билан “койиган”лар.


Ўн учинчи одоб – бирор зарар ё мусибат етгани сабабли ўлим сўраб дуо қилмаслик.

Мусулмон кишининг бирор мусибатга учрагани туфайли ўзига ўлим тилаши беодоблик ҳисобланади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَدْعُوا بِالْمَوْتِ وَلَا تَتَمَنَّوْهُ فَمَنْ كَانَ دَاعِيًا لَا بُدَّ فَلْيَقُلْ اللَّهُمَّ أَحْيِنِي مَا كَانَتْ الْحَيَاةُ خَيْرًا لِي وَتَوَفَّنِي إِذَا كَانَتْ الْوَفَاةُ خَيْرًا لِي. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўлим сўраб дуо қилманглар, уни ҳаргиз тиламанглар, агар кимки дуо қилишга мажбур бўлиб қолса: “Аллоҳим, ҳаёт мен учун хайрли бўладиган бўлса, мени ҳаётда қолдиргин, агар вафот мен учун хайрли бўладиган бўлса, мени вафот эттиргин, десин”, дедилар (Насоий ривоят қилган).

Шунинг учун мўмин киши доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб, яхшилик сўраб дуо қилиб бориши лозим.


Ўн тўртинчи одоб – дуо қилишда ҳаддан ошмаслик.

Банда дуо қилишда ҳаддан ошмаслиги, бандалардан сўрашдаги ҳолатлар сингари майдалаб гапириб эзмалик қилмаслик ҳам муҳим одоблардан ҳисобланади. Бу ҳақида Қуръони каримда бундай буйруқ келган:

“Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, у ҳаддан ошувчиларни севмас”[1].

Бир куни Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу ўғилларидан бирининг дуо қилаётиб: “Аллоҳим, Сендан жаннатни, унинг неъматларини, шодликларини ва фалон-фалон нарсаларни ато қилишингни сўрайман, дўзахдан паноҳ беришингни, унинг занжирлару кишанларидан ва фалон-фалон нарсалардан паноҳ беришингни тилайман”, – деб дуо қилаётганини эшитиб қолибди. Шунда у зот: “Ҳой ўғилгинам, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Келажакда дуода ҳаддан ошадиган бир қавм бўлади”, – деяётганларини эшитганман, ўшалардан бўлиб қолмагин. Агар сенга жаннат ато қилинса, унда нима бўлса ҳаммаси ато қилинган бўлади-ку, агар сенга дўзахдан паноҳ берилган бўлса, ундаги ҳамма ёмонликлардан ҳам паноҳ берилган бўлади-ку”, – деган экан.

Шунинг учун дуо қилишда ҳаддан ошмаслик керак.


Ўн бешинчи одоб – дунёнинг ўзида тезроқ жазо берилишини сўраб дуо қилишдан сақланиш.

Охиратдаги жазонинг қаттиқлигидан қўрқиб, дунёда берилишини сўраб дуо қилишдан сақланиш лозим. Чунки унинг мазкур сўрови ижобат қилинса, уни кўтара олмай қолиши ҳам мумкин. Балки унинг ўрнига Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик билан У зотдан мағфират ва офият сўраб дуо қилиш керак. Бунга қуйидаги ривоят ёрқин далилдир: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан бир беморни зиёрат қилдилар. Бемор жуда ночор ҳолатда жўжадек бўлиб қолган эди. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор нарса тўғрисида дуо қилдингми, ёки У зотдан бирор нарсани сўрадингми?” – дедилар. Ҳалиги бемор: “Ҳа, мен: эй Аллоҳим менга охиратда берадиган жазоингни, тезроқ дунёда бергин”, деб дуо қилган эдим”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳаналлоҳ! Унга тоқатинг етмайди-ку (ёки бир ривоятда) уни кўтар олмайсан-ку, (унинг ўрнига): Эй Аллоҳим, бизларга дунёда яхшиликни ато қилгин, охиратда ҳам яхшиликни ато қилгин”, деб айтмадингми”, – дедилар. У Аллоҳ таолога (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган дуо билан) дуо қилган эди, Аллоҳ унга шифо берди”.


Ўн олтинчи одоб – Аллоҳ таолога доимо муҳтож эканини изҳор қилиб дуо қилиш.

Мусулмон киши ўзига бирор манфаат ҳосил бўлишида ҳам, бирор зарардан сақланишда ҳам Аллоҳ таолонинг мададига муҳтож эканини доимо ёдида тутиши лозим. Банда дунёга тааллуқли ишда ҳам, охиратга тааллуқли ишда ҳам ўзича мустақил бирор нарсага қодир бўла олмайди. Шунинг учун у ўзининг ожизлигини, Роббисининг қодирлигини эътироф этиб, эҳтиёжларини раво қилишни сўраб Роббисига дуо қилиши лозим. Ушбу одоб мусулмонликнинг асоси бўлган энг муҳим одоблардан ҳисобланади.

Яҳё ибн Муоз раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳим, Сенга осийлик қилиб туриб яна Сенга қандай қилиб дуо қиламан? Аллоҳим, Сен раҳмату икроми сўнгсиз Ал-Карийм зот бўлсанг, қандай Сендан дуо қилиб сўрамайман?”, деб дуо қилган экан.

Ўн еттинчи одоб – сермазмун ва умумий дуо қилиш.

Дунё ва охират яхшиликлари сўрови жамланган дуолар сермазмун ва умумий дуолар ҳисобланади. Бундай дуоларнинг афзаллари, албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган дуолардир. У зот алайҳиссалом кўпроқ қуйидаги дуони ўқиганлар:

“Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин”[2].


Ўн саккизинчи одоб – кўпроқ офият сўраб дуо қилиш.

Офият сўзи луғавий жиҳатдан “тўлиқ эсон-омонлик” маъносига тўғри келади. Шунга кўра кимки офият сўраб дуо қилган бўлса ва Аллоҳ таоло уни дунёю охиратда офиятда қилган бўлса, унга барча яхшиликлар берилган бўлади. Офият сўраб дуо қилишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг алоҳида кўрсатмалари бор. У зот амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга шундай буюрганлар:

أَكْثِرِ الدُّعَاءَ بِالْعَافِيَةِ

“Кўпроқ офият сўраб дуо қилинг”.

Шунинг учун кўпроқ офият сўраб дуо қилиш керак.

Ўн тўққизинчи одоб – ижобат сабабларини адо этиб дуо қилиш.

Дуонинг ижобат қилиниши сабаблари жуда кўп бўлиб улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилиб қўйилган. Масалан, Аллоҳ таоло Ўзининг исмларини айтиб дуо қилишга буюрган:

“Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг”[3].

Басраликлар Иброҳим Адҳамдан: “Бизга нима бўлганки, дуо қилсак ҳам ижобат этилмайди”, – деб сўрашибди. Шунда у зот қуйидагича жавоб берган экан: “Дуоларингиз қабул бўлмаслигининг сабаби, қалбларингиз ўнта нарсани ҳис қила олмайдиган бўлиб қолган:

1. Аллоҳни танигансиз-у, бироқ Унинг ҳаққини адо этмагансиз;
2. Аллоҳнинг китобини ўқигансиз-у, бироқ унга амал қилмагансиз;
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зотнинг саҳобаларини яхши кўришни даъво қилгансиз-у, бироқ у зотнинг суннатларини тарк қилгансиз;
4. Шайтонни ўзларингизга душман деб билгансиз-у, бироқ у билан муроса қилиб қолгансиз;
5. Жаннатни яхши кўрамиз дегансиз-у, аммо у учун амал қилмагансиз;
6. Дўзахдан қўрқамиз дегансиз-у, аммо унга ўзингизни гаров қилиб қўйгансиз;
7. Ўлимни ҳақ деб билгансиз-у, бироқ унга ҳозирлик кўрмагансиз;
8. Одамларнинг айблари билан машғул бўлгансиз-у, бироқ ўзингизнинг айбларингизни ташлаб қўйгансиз;
9. Роббингизнинг неъматларидан баҳраманд бўлгансиз-у, бироқ уларнинг шукрини адо этмагансиз;
10. Ўликларингизни дафн этгансиз-у, лекин улардан ибрат олмагансиз”.

Йигирманчи одоб – кўпроқ “Йа Зал жалали вал икром” деб дуо қилиш.

Аллоҳ таолонинг исмларидан бири Зул жалали вал икром бўлиб, луғатда “улуғлик ва фазлу карам эгаси” маъносини англатади. Дуо қилувчи кўпроқ Аллоҳ таолонинг ушбу исмини айтиб дуо қилиши афзал ҳисобланади. Чунки бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг алоҳида кўрсатмалари бор:

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ أَلِظُّوا بِيَا ذَا الْجَلاَلِ وَالإِكْرَامِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йа Зал жалали вал икромни лозим тутинглар”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Матнда келган أَلِظُّوا калимаси “уни лозим тутинглар”, “унда собит бўлинглар”, “уни кўп гапиринглар” ва “дуоларингда талаффуз қилинглар” каби маъноларни англатади.

Йигирма биринчи одоб – ялиниб дуо қилиб юришда доимий равишда бардавом бўлиш.

Дуо қилиш одобларидан бири ихлос билан ялиниб сўрашда бардавом бўлишдир. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ عَائِشَةَ اَنَّ النّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا سَأَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيُكْثِرْ فَإِنَّمَا يَسْأَلُ رَبَّهُ. رَوَاهُ ابْنُ حِبَّان

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам” “Қачон сизлардан бирингиз сўраса, (сўровини) кўпайтирсин. Албатта, у Роббисидан сўрамоқда”, – дедилар”. Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Банданинг доимий равишда Роббисидан дуо қилиб сўрашни ўзига одат қилиб олиши У зотнинг марҳаматига ҳамиша муҳтож экани изҳори бўлади. Чунки бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади”, – деб хабар берилган.

Ҳикматли шеърлардан бирида шундай дейилган:

لاَ تَسْأَلَنَّ بَنِى آدَمَ حَاجَةً وَسَلِ الَّذِى أَبْوَابُهُ لاَ تُحْجَبُ

اَللهُ يَغْضَبُ إِنْ تَرَكْتَ سُؤَا لَهُ وَإِذَا سَأَلْتَ بَنِى آدَمَ يَغْضَبُ

Одамлардан ҳеч қачон сўрамагил эҳтиёж,
Қўлларингни доимо чексиз даргоҳ сари оч.
Аллоҳ сендан ғазабланар агар сен сўранмасанг,
Ғазаб қилар одамлар гар улардан сўрасанг.

Абу Язид Бастомий раҳматуллоҳи алайҳ: “Банданинг Аллоҳдан мадад тилашни қўйиб, бандадан мадад тилаши, худди зиндонда ўтирган кишининг зиндондаги ўзига ўхшаш тутқундан мадад тилашига ўхшайди”, деган.

Йигирма иккинчи одоб – ижобат ваъда қилинган вақтларда ва фазилатли маконларда дуо қилишга ошиқиш.

Дуолар ижобат қилиниши ваъда қилинган фазилатли вақтлар ва маконларда кўпроқ дуо қилишга ошиқиш лозим бўлади. Буларнинг энг машҳурларидан айримлари қуйидагилардир:

– Азон ва такбир орасида;
– Фарз намозлар ортида;
– Кундузнинг охирги вақтида;
– Рўзадорнинг ифтор вақтида;
– Кечанинг охирги қисмида;
– Рамазон кунларининг барчасида;
– Зул ҳижжанинг ўн кунида;
– Арафа кунида;
– Ҳажда;
– Каъба ёнида ва ҳакозолар.


Йигирма учинчи одоб – кенгчилик ҳолатларда дуо қилишни кўпайтириш.

 Дуо қилишнинг муҳим одобларидан бири қийинчиликка учрамаган кенгчилик пайтларда ҳам доимо ихлос билан ёлвориб дуо қилиб юриш ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзига тазарруъ қилмаган бандаларини доимо тазарруъ қилиб юришлари учун унинг сабабларини ҳам рўёбга чиқариб қўйишини баён қилган:

“Сўнгра, шояд, тазарруъ қилсалар деб, уларни бало ва зиёнларга тутганмиз”[4].

Қолаверса, кенгчилик пайтида тазарруъ билан дуо қилиб юриш қийинчилик пайтида дуоси тез ижобат бўлишига ҳам сабаб бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

 عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رضى الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَسْتَجِيبَ اللَّهُ لَهُ عِنْدَ الشَّدَائِدِ وَالْكُرَبِ فَلْيُكْثِرِ الدُّعَاءَ فِى الرَّخَاءِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни қийинчиликлар ва машаққатлар чоғида Аллоҳ таоло (унинг дуосини) ижобат қилиши хурсанд қилса, кенгчилик пайтида дуони кўпайтирсин”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.


Йигирма тўртинчи одоб – дуо ижобат қилинмаслигига сабаб бўладиган нарсалардан сақланиш.

Дуо қилувчининг қилаётган дуолари қабул бўлмаслигига сабаб бўладиган бир қанча ишлар бўлиб, улар динимизда баён қилиб қўйилган. Жумладан, бирор гуноҳ ишни амалга ошириш учун дуо қилиш, қариндошлик алоқасини узиш учун дуо қилиш, зулм қилиш, ҳаром нарсани истеъмол қилиш ва ҳакозо ишларни қилувчиларнинг дуолари қабул этилмаслиги ҳадиси шарифларда баён этилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй инсонлар, албатта, Аллоҳ таоло покдир, пок (амал)дан ўзгасини қабул қилмас. Албатта, Аллоҳ таоло пайғамбарларни нимага буюрган бўлса, мўминларни ҳам шунга буюргандир. Албатта (Аллоҳ таоло): (Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман[5]) деган, ҳамда: (Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар[6]) деган. Сўнгра (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) сочлари тўзғиб чанг-тўзонга беланиб, узун сафар қиладиган ва қўлларини самога чўзиб: “Эй Роббим, эй Роббим” – дея дуо қиладиган кишини (мисол тариқасида) зикр қилиб: “Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озуқаланган, бас, шундай экан, қандай қилиб (дуоси) ижобат қилинсин”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Ориф зотлардан бири: “Дуо эҳтиёжларни қондириш калитидир, фақат бу калитнинг тишлари ҳалол луқмалардир”, – деган экан.


Йигирма бешинчи одоб – етишиб бўлмайдиган беҳуда нарсаларни дуо қилиб сўрашдан сақланиш.

Одатда бўлиши мумкин бўлмаган нарсаларни сўраш дуодаги беодоблик ҳисобланади. Масалан, “эй Аллоҳим, Ўзинг мадад бер мен фариштага айланиб қолай” ёки “эй Аллоҳим, менга тоғни кўтаришга етадиган куч бергин” ва ҳакозолар. Албатта, бундай беодобликлардан қатъи равишда сақланиш лозим бўлади.

Ҳикматли сўзларнинг бирида: “Дунёдаги бахт орзу қилган нарсага етишишда эмас, балки эришган нарсасининг қийматини англашдадир”, дейилган.

Мазкур одоблар дуонинг энг зарур ва машҳур одоблари бўлиб, дуо қилувчи ушбу одоблар билан зийнатланган бўлса, иншааллоҳ, бу одоблари самараларидан дунёда ҳам, охиратда ҳам баҳраманд бўладиган саодатманд бандага айланади.

Эй Роббимиз, бизларни дуо қилиш бахтига муваффақ қилгин, унда бардавом қилгин, ҳеч қачон бу бахтдан айирма...

Кейинги мавзу:
Васила қилиш баёни.

 


[1] Аъроф сураси, 55-оят.
[2] Бақара сураси, 201-оят.
[3] Аъроф сураси, 180-оят.
[4] Анъом сураси, 42-оят.
[5] Муъминун сураси, 51-оят.
[6] Бақара сураси, 172-оят.

Мақолалар