Қалбларимизни қувончга тўлдирувчи Рамазонга ҳам саноқли кунлар қолди. Биз эса ўзимизни ислоҳ қилиб тайёргарлик кўришни давом эттирамиз!
Динимизда қалб инсонийликнинг асоси ва иймоннинг маскани ҳисобланади. Банда нияти ва қилаётган амаллари орқали қалбига нур кириши ёки зулматга чўмишига сабаб бўлади.
Уламолар айтадики, гуноҳни кўпайтириб, маъсиятда бардавом бўлиш, фарз амалларни Аллоҳ айтгандек бажармаслик, ҳаром амалларни хотиржам бажариш орқали қалб қораяди ва қотиб бошлайди.
“Агар мўминнинг қалби пок ва тоза бўлмаса унинг қилган ибодату амалларидан дунё ва охирати учун наф йўқ” дейишган уламолар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қалбнинг қорайиш сабабларини зикр қилиб, қуйидаги ҳадисларини марҳамат қилганлар:
“Агар мўмин киши бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилиб, гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса, у йўқолади. Аммо гуноҳни зиёда қилса, у қора доғ ҳам кўпаяди ва натижада бутун қалбини ўраб олади” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, мусулмон киши гуноҳ қилиши билан қалбнинг қорайишини ва унинг касаллигини зиёда қилади. Қалбнинг касалланиши бу – бир банданинг Аллоҳ таолога бўлган итоатидаги сусткашлик ва бандадан талаб қилинадиган солиҳ амалларга бўлган бепарволикни келтириб чиқариши демакдир. Зеро, бандаларнинг амаллари яхши ёки ёмон бўлиши унинг қалбидаги сакина, қаноат, сабр ва иффатига қаралади. Аммо ёмон амаллар бажаришида эса унинг бесабрлиги, гуноҳларга енгил қараши, дунёга ҳаддан ошиқ муҳаббат қўйиши, орзу-ҳавасларининг кўплигидан келиб чиқиб баҳоланади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун вужудга ўз таъсирини ўтказувчи қалбга эътибор қаратганлар.
“Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ривояти).
Шу ўринда бугун қалбларимизни ўртаб ҳаловатмизни йўқолишига сабаб бўлаётган яна бир омил борки бу – мусулмоннинг мусулмонга нисбатан кўнглида ғазаб, ҳасад, хусумат қилиши, қаҳр ва зулм ниятида юришидир. Айнан мана шу салбий туйғулар бандани Аллоҳнинг нури ва розилигидан мосуво этади.
Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар, шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар” (Ҳужурот сураси 10 оят).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло мўминларни шак-шубҳасиз бир-бирларига оға-ини эканлигини таъкидламоқда. Шундай экан нега бугун мусулмонлар орасида хусумат ва ҳасад, уруш-жанжаллар авж олиб кетди? Демак, муборак ой олдидан қалбимиздаги биродарларимизга нисбатан бўлган хусуматларнинг барчасини ювиб тозалаб, кўнглимиздан улоқтириб ташлашимиз лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:
“Бир–бирингиздан нафратланмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингизга орқангизни ўгирмангиз, бир-бирингиз билан алоқаларни узмангиз! Эй, Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлингиз!” (Имом Бухорий, Адабул Муфрад).
Яна бир ҳадисда: “Мўъмин мўъминга нисбатан бир-бирини тутиб турган бинога ўхшайди” – дедилар ва бармоқларини бир-бириги кириштирдилар. (Имом Бухорий, Адабул Муфрад)
Бу борада Саҳобалар барча умматга намунадир:
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир одам кириб келади”– дедилар. Ногаҳон, соқолларидан таҳорат сувлари томчилаб турган ва чап қўлида ковушларини кўтарган ансорлардан бири кириб келди. Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи гапларини қайтардилар. Яна ўша одам кириб келди. Учинчи куни ҳам ўша ҳолат такрорланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб кетганларида, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу ўша одамга эргашди ва (унга): Мен отам билан тортишиб қолдим ва унинг олдига уч кун кирмасликка қасам ичдим. Агар рухсат берсангиз сизникида уч кеча тунаб қолсам? – деди. У одам: Майли, деди”.
Ҳадиснинг ровийси Анас разияллоҳу анҳу айтди: Бизга Абдуллоҳ (ибн Амр ибн Ос) шундай деди: “Мен унинг уйида уч кечани ўтказдим. У таҳажжудга уйғонмас, фақатгина, бир тарафдан иккинчи тарафга бурилса Аллоҳни зикр қилар ва шу билан бомдод намозига турар эди. Мен ундан ҳеч ёмон гап айтганини ҳам эшитмадим. Уч кеча ўтгач унинг ишларини камситишимга оз қолди ва унга шундай дедим: Ҳой, Аллоҳнинг бандаси! Аслида, мен билан отам ўртасида бирон можаро бўлмаган эди. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиз учун уч марта: “Хозир хузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир одам кириб келади”– дедилар. Уччала сафарда ҳам сиз кириб келдингиз. Мен эса сизнинг қандай амалингиз борлигини билиш ва ундан ўрнак олиш учун сизникида қолдим. Кўрдимки, сиз кўп амал қилмас экансиз. (Айтингчи), сизни бу мақомга нима етказди?,– дедим. У одам: Мен сен кўрган амаллардан бошқа иш қилмайман, деб жавоб берди. Мен орқамга бурилиб кета бошлаганимда чақириб: Мен сен кўрган амаллардан бошқа ишларни қилмайман. Бироқ, юрагимда бирон кишига хиёнат қилишни тугмайман ва бировга Аллоҳ таоло унга берган яхшиликлар учун ҳасад ҳам қилмайман»,– деди. Мен: “Мана шу нарса сизни (у мақомга) етказибди! Бизнинг эса унга кучимиз етмайди!”– дедим”. (Имом Аҳмад).
Қалб тозалигининг фазилати, унинг жаннатга киришига сабаб бўлар экан.
Қалбларимизни тозалаш учун эса уламолар қуйидагича тавсияларни айтиб ўтишган:
“Ахир, кўксини Аллоҳ Ислом учун (кенг) очиб қўйган, ўзи эса, Парвардигори (томони)дан нур (ҳидоят) узра турган киши (бошқалар билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган кимсалар ҳолига вой! Улар аниқ залолатдадирлар” (Зумар сураси, 22-оят).
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД