Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Феврал, 2025   |   10 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:06
Қуёш
07:26
Пешин
12:42
Аср
16:07
Шом
17:52
Хуфтон
19:07
Bismillah
09 Феврал, 2025, 10 Шаъбон, 1446

Аллоҳдан қўрқишнинг аломатлари

20.06.2020   3108   3 min.
Аллоҳдан қўрқишнинг аломатлари

Аллоҳ азза ва жалла Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳар ким эрталик кун (қиёмат) учун нима қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (Ҳашр сураси, 18-оят).

Бутун вужуди, барча аъзолари билан Аллоҳдан қўрққан кишилар мўминлардир. Бу борада Имом Абу Лайс Самарқандий шундай дейди: “Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади”:

  1. Тилда: Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзлар айтишдан тияди. Уни Аллоҳни зикр этувчи, Қуръон ўқувчи ва илмий музокаралар билан машғул аъзо ҳолида шай тутади.
  2. Қалбда: Аллоҳдан қўрққан одам қалбида мусулмон қардошларига душманлик хис қилмайди. Ёлғон, бўҳтон ва ҳасад қилиш каби ғайриинсоний туйғуларни қалбидан йўқ қилади. Чунки ҳасад кишининг гўзал амалларини маҳв этади. Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюради: Олов ўтинини еб битиргани каби, ҳасад ҳам инсоннинг гўзал амалларини еб битиради. Эй ўқувчи, билки ҳасад қалбларга жойлашган ва жамият ҳаётида катта зарарларга йўл очувчи ёмон бир касалликдир. Қалблардаги хасталиклар, яъни ёмон туйғулар, ёмон феъллар фақат илм ва амал билан даволаниши мумкин.
  3. Кўзда: Аллоҳдан қўрққан одам ейишда ҳам, ичишда ҳам, кийишда ҳам ва бошқа хусусларда ҳамкўзини ҳаромдан эҳтиёт қилади. Дунёга ҳирс билан ва ҳар нарсани кўлга киритиш иштиёқи билан эмас, ибрат назари билан қарайди. Ҳалол бўлмаган нарсаларга қарашдан тийилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар: Ким кўзини ҳаром нарсалар билан тўлдирса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг кўзини олов билан тўлдиради”.
  4. Меъдада: Аллоҳдан қўрққан одам меъдасига ҳаром луқма бермайди. Чунки ҳаром луқма ейиш энг катта гуноҳлардан биридир. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар: Инсон зотининг меъдасига бир луқма ҳаром тушганда бу луқма меъдасида қанча вақт турса, еру кўқдаги фаришталар ҳам шунча вақт унга лаънат ўқийдилар”.
  5. Қўлда: Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди, аксинча Аллоҳнинг ризосига уйғун нарсаларга узатади. Каъбдан қуйидаги ривоят нақл қилинган: Аллоҳ яшил зумраддан бир бино яратган. Бу бинода етмиш минг доира ва ҳар доирада минг хона бор. Бу ерга фақатгина ўзига ҳаром нарса инъом этилганда ёлғиз Аллоҳдан қўрққани учун уни рад этган кишилар
  6. Оёкда: Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Илммаърифат ва яхши ахлоқ ўрганиш мақсадида олимлар ва солиҳ кишилар мажлисига боради.
  7. Итоатда: Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун унга итоат этади. Риёдан, инсонларга ўзини ва ё ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади.

 

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

“Мукошафатул қулуб” китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳақиқий ютуқ

8.02.2025   9380   3 min.
Ҳақиқий ютуқ

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

فَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِهِ فَيَقُولُ هَاؤُمُ اقْرَءُوا كِتَابِيَهْ. إِنِّي ظَنَنتُ أَنِّي مُلَاقٍ حِسَابِيَهْ. فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ. فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ. قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ.  كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئًا بِمَا أَسْلَفْتُمْ فِي الْأَيَّامِ الْخَالِيَةِ

Яқинда давлатимиз Раҳбари раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2025 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нутқ сўзлади.


Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган кишиларга ёрдам кўрсатишнинг фазилати, улар ҳақига хиёнат қилиш оғир гуноҳлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши, хайру эҳсонлар ўз эгаларига етказилаётгани, яхшилик қилишнинг файзу баракаси ҳақида тўхталди.


Қуръони каримда ютуққа эришиш ва охиратда нажот топишнинг тўрт асосий сабаби ҳақида сўз боради. Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар, руку, сажда қилинглар ва Раббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки, нажот топсангиз” (Ҳаж сураси, 77-оят).


“Яхшилик қилинглар” буйруғи барча яхшиликни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда айтадики: “Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор” (Нисо сураси, 114-оят).


Ҳақиқий ютуқ одамларнинг ҳолини ўнглаш каби воқеликда таъсири кўринадиган яхши амалларидир. Талабанинг муваффақияти илмий юксалишда, жамиятга фойдаси тегадиган мутахассис бўлиб етишишда. Устознинг муваффақияти талабаларга чиройли таълим беришда. Шу каби ҳар қандай касб эгасининг ютуғи ўз ишини пухта билиши, унга юкланган вазифани тўла-тўкис адо этишидадир.


Ҳақиқий ютуқ Ҳақнинг тоатида бўлиш, Унинг буйруғига амал қилиш, қайтариғидан қайтиш ила рўёбга чиқаркан!


Ҳақиқий ютуқ – қиёмат кунида кишининг амаллари ёзилган дафтари ўнг томонидан берилишидир: «Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”. Бас, у қониқарли маишатда, олий жаннатда, мевалари (узиб олувчига) яқиндир. (Жаннат аҳлига): “Ўтган кунларда (дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверингиз!” (дейилур)» (Ҳаққа сураси, 19–24-оятлар).


Мусулмон инсон дини ва охирати хусусида муваффақиятга эришиши керак дегани дунёвий муваффақиятларга эришишга ҳаракат қилмасин, дунёга бутунлай қўл силтасин деганимас! Аксинча, мусулмон кишининг дунёда муваффақият қозониш учун ҳаракат қилиши – Аллоҳнинг ердаги “халифаси” мақомига муносиб иш! Ўткинчи ҳаётда муваффақият қозонишга берилиб кетиб, охират тадоригидан чалғимаса, бас! Мусулмонлар дину дунёларида, охиратларида ютсалар, нақадар соз бўлади!


Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,

Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби


"Ҳидоят" журнали 2-сонидан