Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёшлиги Андижонда ўтган. Буюк тарихчи олим Абдулҳай Лакнавий Ҳасаний «Нузҳат ул-хавотир (Хотиралар сайри)» асарида бундай ёзади: “Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор унинг исмини Заҳириддин Муҳаммад деб қўйган. Лекин туркий халқлар орасида (довюраклиги учун) у Бобуршоҳ номи билан машҳур бўлган”.
Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим олиб, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини яхши ўзлаштиради. Жумладан, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилиб, шеъриятга қизиқиши ортади.
Бобурнинг отаси – Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси – Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи бўлган. У ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, ўғлига ҳокимиятни бошқаришида яқиндан ёрдам берган ва бир қанча ҳарбий юришларида ҳамроҳлик қилган. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг тўнғичи 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида 1494 йил июнь ойида тахтга ўтиради.
Бобур икки қўлида қилич ўйнатадиган моҳир саркарда бўлиши билан бирга серқирра ижодкор эди. Саркарданинг Ҳанафийлар мазҳаби фиқҳида “Мубайян” номли асари бўлиб, унга Шайх Зайниддин (ибн Қутбуддин Ҳанафий) Хавофий шарҳ ёзиб, уни “Мубаййин” деб номлаган” (“Нузҳат ул-хавотир (Хотиралар сайри)”, 314-бет.). “Рисолаи аруз”да айтилишича, бу асар милодий 1521 йили ёзилган. Мазкур асардан шу нарса маълумки, Бобур фиқҳга муҳаббати кучли, ҳанафий мазҳабида мустаҳкам эътиқодли шахс бўлган. Бу асар кўп йиллар давомида “Мубийн” (“Мубаййин”) дея талқин қилиб келинди. Исломшунос олим Мирзо Кенжабек “Рисолаи Хожа Ахрори Вали” рисоласи муқаддимасида келтиришича, аслида “Мубаййин” китоб шарҳининг номидир. Уни Бобурнинг муншийси (шахсий котиб) Шайх Зайн ёзган. Бу асар яна “Фиқҳи Бобурий” деб ҳам аталган” (“Урду доираи маъорифи исломия” энқиклопедияси, урду тилида. Панжоб университети нашри, мил. 1972 й.).
Шоҳ Бобур «Мубайян» асарини фарзандлари Носириддин Ҳумоюн ва Комрон Мирзога атаб, фиқҳий бир дастур сифатида ёзган. Унда Исломдаги беш фарзнинг фиқҳий масалалари таълим берилади. Яъни, иймон-эътиқод, намоз, рўза, закот ва ҳаж масалалари шеърий тилда гўзал баён этилган. Таҳқиқ қилиб, солиштирилганда “Мубайян” асари асосида “Мухтасари Виқоя” ҳамда «Ҳидоя»и шариф китоблари намоён бўлади. Асардаги дуо матнлари эса, асосан кутуби ситтада, яъни Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Насоий каби олти улуғ муҳаддиснинг китобида келган ҳадислардан ҳамда Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид-дин» асаридан олинган.
Улуғ шоир, қомусий аллома, маърифатли фақиҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” ёки “Тузуки Бобурий” асари дунёга машҳур. Шунингдек, саркарданинг шеърлар “Девон”и мажоз ва ҳақиқатлар гавҳари бўлса, “Волидия” рисоласи назмий таржимаси унинг маънавий ҳоли Убайдуллоҳ Аҳрор Вали ҳазратлари билан боғлиқлигидан дарак беради. “Мубайян” асарини Темурийлар даври ижтимоий, оилавий, диний маданиятининг кўркам ифодаси дейиш мумкин.
“Бобурнома”нинг ўз даврида Мирзо Абдураҳим ибн Байрамхон томонидан форс тилига таржима қилиниши ҳам асарнинг жуда улуғ қадр-қиммат топганини англатади.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
1.Бартолд В. В. Сочинения, т. 2 (част 2), Москва, 1964 й.
2.Оқилов Саидмухтор. Мотуридия ва Ашъария таълимотлари тархи. Тошкент. Мовароуннаҳр. 2015. – Б. 44.
3.“Урду доираи маъорифи исломия” энқиклопедияси, урду тилида. Панжоб университети нашри, ҳиж. 1392 й, мил. 1972 й.
4.Фасих Хавафи. Муджмал-и фасихи., Тошкент: 1980 й; Темурнома (Амир Темур Кўрагон жангномаси). Тошкент: 1990 й.
5.Шарафиддин Али Яздий. “Зафарнома”, Тошкент: 1997 й.
6.Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома, Тошкент: 1997 й.; Амир Темур Кўрагон, Қиссаи Темур ("Малфузоти Темурий"), Тошкент: 2000 й.
7.Файзийев Т. Темурийлар шажараси, Тошкент, 1995 й;
8.Ҳаким Сатторий. “Ҳазрати Соҳибқирон”. Тошкент. Ғафур Ғулом. 2005 й. – Б. 20.
1490 йил (бундан 535 йил олдин) – Ўрта осиёлик мутафаккир, нақшбандия тариқати раҳнамоларидан Хожа Аҳрор Валий Самарқанднинг Камонгарон даҳасида оламдан ўтди (баъзи адабиётларда унинг вафоти санаси турлича келтирилган). “Рашаҳот” асари муаллифи Фахруддин Али Сафийнинг ёзишича, ҳазратнинг жони узилиши билан Самарқандда қаттиқ зилзила бўлиб, ердан чанг-тўзон кўтарилган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бу зотнинг асл исми Убайдулло бўлиб, Аҳрор ибораси ҳур, олижаноб маъносидаги лақабдир. Мусулмон дунёсида 356 авлиё ўтган бўлиб, улардан уч нафари “Қутб ул-Ақтоб” (“Қутблар қутби”, улуғ даражага етган авлиё) сифатида эътироф этилган. Шу уч зотнинг бири Хожа Аҳрор Валий бўлган.
Тарихдан маълумки, Хожа Аҳрорни бир нечта фахрли номлар билан аташган. Зотан, Алишер Навоий бу зотни “Қутби тариқат” деб эътироф этган бўлса, Абдураҳмон Жомий “Каъбаи мақсуд” деб билган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса “Ҳазрат Хожа Убайдулло” деб ҳурмат билан тилга олган.
1897 йил (бундан 128 йил олдин) – навоийшунос ва матншунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Порсо Шамсиев таваллуд топди (вафоти 1972 йил). У Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Мажолис ун-нафоис”, “Маҳбуб ул-қулуб” ва бошқа асарларининг илмий-танқидий матнини нашрга тайёрлаган ҳамда шоир асарларининг 15 жилдлигини нашр этишда фаол қатнашган.
Порсо Шамсиев “Хамса”нинг илмий-танқидий матнини яратиб, мазкур матн юзасидан амалга оширилган матншунослик тадқиқотларини докторлик диссертацияси сифатида ҳимоя этган. У Британия музейида сакланаётган ва Абдужамилга нисбат берилган “Туҳфат ул-салотин” асари микрофильмини ўрганиб, унинг Навоий ғазалларидан олинган ва Абдужамил хаттот томонидан кўчирилган шоҳбайтлар эканини ва мавзу бўйича 45 фаслга бўлинганини аниқлаган.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Хоразм республикаси ҳукуматининг қарорига кўра Хоразм Иқтисодий Кенгаши қайта ташкил қилинди. Иқтисодий Кенгаш раиси этиб А.Усмонов тайинланди. Мазкур кенгаш дастлаб 1921 йил майда ташкил этилиб, 1922 йил июлда тугатилган эди.
1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Бухоро республикаси Иқтисодий Кенгаши мажлисида пахта экиладиган майдонларни кўпайтириш мақсадида деҳқонларга 1 миллион рубль миқдорида қарз беришга қарор қилинди. Бу вазифа Ўрта Осиё Қишлоқ хўжалик банки зиммасига юклатилди.
1939 йил (бундан 86 йил олдин) – Сирдарё вилоятидаги Сирдарё, Фарғона вилоятидаги Данғара туманлари ташкил этилди.
1940 йил (бундан 85 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Ўзбекистон ҳукумати “Катта Ўзбекистон трактини қуриш тўғрисида” қарор қабул қилди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё вилоятларини кесиб ўтиб, Тошкентдан Термизгача бориши лозим бўлган, халқнинг кучи билан 1940–1941 йилларда ҳашар йўли билан қурилган бу тракт кейинчалик ўз атрофидаги туманлар иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим роль ўйнади.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – ҳашар йўли билан Сирдарёнинг ўрта оқимида жойлашган Фарҳод гидроэлектр станцияси қурилиши бошланди. Унинг бунёд этилиши ҳақидаги қарор 1942 йил 18 майда қабул қилинган эди. 1948 йилда унинг биринчи гидроагрегати ишга туширилиб, 1949 йил июнь ойидан ўрнатилган умумий қуввати 126 МВт бўлган 4 та гидроагрегатли станция тўла қувват билан ишлай бошлади. Фарҳод гидроэлектр станцияси 1951 йилда саноат фойдаланишига қабул қилинди.
Фарҳод гидроэлектр станциясининг қурилиши ноёб археологик топилмалар, қадимий ёзувларнинг аниқланишига ҳам ёрдам берган. Мана шундай ноёб топилмалардан бири Гарпократнинг тош шаклидир. Қадимда гўдаклар соғлиғини асровчи “илоҳ”ни оддийгина “Болалар худоси” деб атаганлар. Бундай вазифани Миср “худо”си Гарпократ ҳам бажарган. Миср афсоналарига кўра, ер ости “худо”си Осириснинг хотини Исида ўз ўғлини Гарпократ, яъни “бегуноҳ, ғаройиб чақалоқ” деб атаган.
Тарихчи А.Мирбобоевнинг ёзишича, Марказий Осиёда Гарпократнинг ягона тош шакли 1947 йили Фарҳод гидроэлектр станцияси қурилиши вақтида Сирдарёдан топилган эди. У хризолитдан ишланган туморга лабига бармоғини текизиб турган чақалоқ қиёфасида тасвирланган. Мазкур образни қадимдан кўчиб юрувчи дейиш мумкин. Чунки исломгача бўлган даврда болаларнинг, айниқса, чақалоқ ёшидагиларнинг кўп ўлими она аёлларни кимга мансуб бўлишидан қатъи назар ҳар қандай “илоҳ”лардан ёрдам сўраб илтижо қилишларига мажбур этган.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Халқаро почтамти тузилди.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик фонди ташкил қилинди. Бу орқали Орол денгизи фожеасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва мустаҳкамлаш дастури амалга оширила бошланди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Исроил, Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония давлатлари фуқаролари ҳамда Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида талабгорларга фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (РhD) илмий даражаларини беришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга асосан, 30 июль – Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президети “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади