Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Январ, 2025   |   4 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:25
Шом
17:09
Хуфтон
18:29
Bismillah
03 Январ, 2025, 4 Ражаб, 1446

Фарзанд салоҳияти – гўзал натижа

16.12.2017   4153   4 min.
Фарзанд салоҳияти – гўзал натижа

“Ўғлим, бизнинг сендан бошқа умид нишонамиз, ҳаёт қувончимиз йўқ. Дунёда кўриб ўтатурғон барча орзу-ҳавасимиз фақатгина сенга қараб қолган. Биз Аллоҳга минг шукрлар айтамизки, сен бошқаларнинг фарзандидек эсли-ҳушли бўлдинг, кишилардек сен билан ифтихор қилолмасак-да, сен орқали хижолат чекмаслигимизга ишондик…” Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожи тилидан айтилган бу сўзлар замирида отанинг ички дунёси, умидлари, орзу- ҳаваслари, шунингдек, фарзандидан мамнунияти, “Отангга раҳмат” деган улуғ дуоси содда тилда баён қилинган.

Кўзларни қувонтирадиган фарзанди улғайиб, солиҳ инсон бўлишини истаган ота-онадан қаттиқ меҳнат талаб қилинади. Бир ниҳолни умид билан эккан киши катта дарахт бўлиши учун уни астойдил парваришлайди. Ёввойи шохчаларини олиб ташлайди, тагини юмшатади, сув қуяди, ўғит беради. Шундагина мақсадига етиши мумкин. Оилада инсон ҳаёти, эзгу анъаналар давомийлигини таъминловчи шахслар шаклланади. Маданият, урф-одат, диний, ахлоқий,  миллий қадриятлар сақланади ва ривожланади. Бўлажак ота-онанинг соғ-саломатлиги, дину диёнати, насл-насаби, одоб-ахлоқи, моддий ва маънавий даражасининг кафолати, турмуш қуришга ҳар томонлама тайёр бўлиши, фарзанд кўриш ва унинг тарбиясини тўғри ташкил эта оладиган қобилиятга эга бўлиши эса мустаҳкам оила қуриш учун муҳим асосдир.

Фарзанд – Яратганнинг улуғ неъмати, дунё ҳаётининг зийнати, қалб райҳонидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб, кўнглимиз ҳузур топса, катта бўлганида ғамхўрлигидан кўнглимиз яйрайди. Болага нисбатан бағрикенглик, меҳридарёлик, фидойилик халқимизга хос фазилат. Ота-она қанча меҳр-муҳаббат билан ардоқлаб улғайтирса-да, гоҳида ота-онага мусибат келтирадиган фарзандлар ҳам учрайди. Бунга ота-онанинг тарбияда эҳтиётсизлик, бепарволик қилгани сабабдир. Боғбон ниҳолни яхши ривожланмагани учун кесиб, ўрнига бошқасини экиши мумкин. Аммо ноқобил фарзандни алмаштириб бўлмайди, фақат парваришига зўр бериш керак.

Ҳикоя қилишларича, қадимда икки мамлакат ўртасида қаттиқ тўқнашув бўлиб, бири зафар қозонади. Бир қанча асирлар билан юртига қайтиб келган ғолиб шоҳ элга зиёфат беради. Асирларни ўлимга ҳукм этади. Шун- да улардан бири:

– Шоҳим, бизни ўлдириб нима фойда кўрасиз, ундан кўра бизлардан фойдаланиб қолинг, – дейди.

– Сендан қандай фойдаланаман? – деб сўрайди шоҳ.

– Шоҳим, ҳар биримизнинг ҳунаримиз бор. Масалан, мен ҳар қанча отларингиз орасидан бир кўз югуртириб, энг зўр тулпорни ажратиб бера оламан, – дейди асир. Шоҳнинг амри билан минглаб от яйловга қўйиб юборилади. Шунда асир йигит шоҳнинг энг яхши кўрган отини узоқдан кўрсатиб: “Мана бу тулпор сигир сути билан ўсмаганида етти иқлимга номи кетарди”,  дейди. Шоҳ ҳайратланиб, отбоқарни чақиртиради ва бу отни туққан бия касалланиб ўлгани, эмизишга бошқа от топилмагани сабабли бир сигирни эмиб катта бўлганини билиб олади. Шоҳ йигитдан буни қандай аниқлаганини сўрайди:

– Бошқа отлар сувдан кечиб, тўғри кетишди. Бу эса ариқдан ўтганидан сўнг тўхтаб, орқа оёғини бир силкитиб қўйди. Бу иши сигирларга хосдир, – дейди йигит. Шоҳ унинг фаросатига, билимига қойил қолади ва унга қўшиб барча асирларни озод қилиб юборади.

Демак, онанинг табиатига хос яхшилик ва қусурлар сут орқали фарзандларга таъсир кўрсатар экан. Шунинг учун ҳам солиҳа хотинга уйланиш никоҳнинг илк шартларидан ҳисобланади. Афсус, отанинг фарзанд тарбиясига бепарволиги, лоқайдлиги, чиройли, гўзал ахлоқли қилишга,  ҳалолу ҳаромни, савобу гуноҳни ажратишга аҳамият бермаслиги ҳам ноқобил фарзандлар пайдо бўлишига муҳит яратади.

Хуллас, ота ҳам, она ҳам яхши ният билан фарзандлар салоҳиятини бош мақсад деб билса ва шунга яраша ҳаракат қилса, гўзал натижага эришилади.

 

Муҳаммадхон БАДРИДДИНОВ,

Ҳидояўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Мен яқинман... жуда яқинман

3.01.2025   1384   1 min.
Мен яқинман... жуда яқинман

Кўпинча денгиз сатҳи ташқаридан қараган кишига гўёки ипакдан тўқилган майин гиламни тўшаб қўйгандек, тинч ва сокин кўринади...

Лекин ўша тинч ва сокиндек кўринаётган алдамчи манзара остида тинимсиз кураш, ҳаёт ва мамот тўқнашувлари, ҳалокатли нидолар яшириниб ётади. Денгиз қаърида китлар, акулалар, илонлар ва сувсарлар сузиб юради, бир-бирларини ўлжага айлантириш мақсадида тинимсиз таъқиб қиладилар.

Худди шу каби сизнинг юзингиз ҳам ойна қаршисида тинч, меҳрли ва мусаффо кўринади. Аммо танангизни ичида эса, хужайралар ғалаён қилади, нафс хоҳишлари аланга олади, ғаризалар авж олади ва адоватлар оловланади.

Агар сиз денгиздаги ўша махлуқлар жанг қилаётган чегаралардан ўтиб, денгизнинг уларданда қаърига етиб борсангиз, у ерда сукунат ҳукмрон эканлигини, садафлар, марваридлар ва маржонлар яшаётганини кўрасиз.

Худди шунингдек, танангизда ҳам агар нафсоний ҳирслар ҳукмронлик қилаётган чегарадан ўтиб олиб, руҳият ҳудудига етиб борсангиз, у ерда сакинат топасиз, ҳикмат зиёсининг нуридан баҳра оласиз, Парвардигорнинг ҳузуридан оқиб чиқаётган муҳаббат булоғидан қонасиз.

Роббимиз бизга бундай марҳамат қилади:
"Албатта, Мен яқинман... жуда яқинман. Сизларга жон томирингиздан ҳам яқинроқман".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ