Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Декабр, 2024   |   23 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
24 Декабр, 2024, 23 Жумадул сони, 1446

“Нега мен?” Деманг!

6.01.2018   5142   4 min.
“Нега мен?” Деманг!

           Хотиржамлик таслимиятда                                                

– Қаттиқ хасталаниб, ётиб қолдим, – деб ҳикоя қилади бир танишим. – Тузалишдан умид қилсам ҳам, юриб кетишимга кўзим етмасди. Шу чоққача яхши юрганим учунми, беқтоқат бўлар, “Нега энди ҳамма соп­па соғ-у, мен касал бўлишим керак?” деган савол хаёлимдан кетмасди. Энг хижолатлиси, соғ пайтимда гап-гаштакларимизга кам қўшилгани учун биз доим мазах қилиб юрадиган бир ўртоғим ҳолимдан тез-тез хабар оларди. Узоқ суҳбатлашиб ўтирар, айтаётган гаплари, ривоятлари кўнглимга ёруғлик соларди. У кетгач, эшитганларимни тафаккур қилиб, хулосалар чиқарардим. Ўша ўртоғим ўргатганидек, ҳар қандай ҳолатда ҳам “Алҳамдулиллаҳ” калимасини такрорлардим. Бора-бора бир жойда ётишга ҳам кўникдим. Аммо бу шунчаки, ҳамма нарсадан умид узиш эмас. Бу  қазойи қадарга розилик эди. Кўнглимда тузалиб кетишга, яна оёқларим билан юришга чинакам умид уйғонди. Шунда тушундим, ҳаловат, хотиржамлик таслимиятда экан...

 

Саодат асридан...

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобалар йиғилган мажлисда сўрадилар:

– Сизлар мўминмисиз?

Мажлис аҳли сукутга чўмди. Шунда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу жавоб берди:

– Ё Расулуллоҳ, мўминмиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам савол бердилар:

– Имонингизнинг аломати нима?

Ҳазрат Умар дедилар:

– Неъматларга шукр, балога сабр қиламиз, қазойи қадарга рози бўламиз.

Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жавобдан мамнун бўлиб:

:– Каъбанинг Раббига қасам, сизлар бу сифатларингиз билан ҳақиқий мўминсиз, – дедилар. (Имом Табароний).

 

Яқин ўтмишдан ибрат

Машҳур теннисчи, Уимблдон чемпиони Артур Эш қон қуйиш жараёнида оғир хасталикни юқтириб олди. Аҳволи кундан-кун ёмонлашарди. Умрининг сўнгги кунларини яшаётган Артур мухлисларидан кўплаб мактублар оларди. Улардан бирида бундай сўзлар бор эди: “Парвардигор бундай дард учун нега бошқани эмас, сизни танлади?”

Артур Эш мухлисига бундай жавоб ёзди: “Бутун дунёда ҳар йили эллик миллион бола теннис ўйнашни бошлайди, шундан беш миллиони ўрганади, беш юз минг нафари профессионал даражага чиқади, беш минги катта мусобақаларда қатнашиб, эллик нафари “Уимблдон”гача келади, тўрттаси ярим финалда, иккитаси финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Қўлимда чемпионлик кубогини тутиб, қувониб турарканман, бирор марта: “Нега мен?” демаган эдим. Энди хасталикка чалиниб, азоб чекаётганимда: “Нега мен?” десам, кўрнамаклик бўлмайдими?”

 

Мўминнинг сифати

Ҳар қандай ҳолатни ҳам розилик билан қабул қилиш мўминлик белгиси. Зеро, бунда Аллоҳ таоло розилиги бор. Илоҳий ризога эришиш эса мўминнинг энг улуғ орзуси.

Кўпчилигимизга, бирор неъмат берилса, ўзимизни лойиқ деб билганимиз учун ҳам “нега менга?” деган савол хаёлимизга келмайди. Аммо қийинчилик етса, тилимизга чиқармасак-да, дилимиздан: “Нега машаққатларга фақат мен дучор бўларкинман?” деган савол ўтиши бор гап. Шундай пайтлар ўзимиздан юқори эмас, пастдагиларга қараш ҳақидаги муборак тавсияни унутиб қўямиз...

Яна бир ҳақиқат бор, банда илоҳий ризога фақат амаллари билан етишолмайди. Балки оз бўлса ҳам, амалнинг ихлос ила бажарилгани, ўша амал эгасининг ҳар қандай ҳолатда қазойи қадарга розилиги саодатга етишиш асосидир.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

 тайёрлади

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эҳромда тикилган кийимларни кийса

24.12.2024   1506   1 min.
Эҳромда тикилган кийимларни кийса

Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.

Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

 

Мақолалар