Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

Масжидга бориш одоблари

10.01.2018   6476   4 min.
Масжидга бориш одоблари

Масжидлар ер юзидаги энг покиза жойдир. У ерда Аллоҳ зикр этилади, намоз ўқилади, илм-маърифат олинади, яхши амаллар қилинади. Масжидга бориш, у ерда ўзини тутишнинг ҳам тартиб-қоидалари, одоблари бор. Жамоат билан намоз ўқиш учун масжидга кетаётганда мана шу одобларга амал қилган киши сергак тортади, хаёли бир ерга жамланади, дилида ихлос пайдо бўлади.

Масжидга йўл олганда мана бу дуо ўқилади: “Аллоҳуммажъал фий қолбий нувро, ва фий басорий нувро, ва фий самъий нувро, ва ай ямийний нувро, ва ав ясаарий нувро, ва фавқий нувро, ва таҳтий нувро, ва амаамий нувро, ва холфий нувро, важъал лий нувро”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, менинг қалбимда нур қил, кўзимда нур қил, қулоғимда нур қил, ўнг томонимдан нур қил, чап тарафимдан нур қил, тепамда нур қил, тагимда нур қил, олдимда нур қил, ортимда нур қил, мен учун нур қил” (Муттафақун алайҳ).

Киши масжидга кетаётганда номаъқул ишлардан тийилади. Жумладан, бармоқларини бир-бирининг ичига киргизмайди. Чунки яхшилаб таҳорат қилиб намозни кутаётган одам намоз ўқиётган ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар биронтангиз чиройли таҳорат қилиб масжид(да намоз ўқиш)ни мақсад қилиб чиқса, бармоқларини бир-бирига киргизмасин. Чунки у намоздадир” (Термизий ривояти).

Бармоқларни бир-бирининг ичига киргизиш ахлоқсизлик, беҳуда иш саналади. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундан қайтарганлар. Зеро, мусулмон одам бемаъни ишлардан йироқ юради. Жумладан, жамоат билан намоз ўқийман деган ниятда мукаммал таҳорат қилиб йўлга чиққан киши муҳим ишга отланган, дин асосларидан бўлмиш намозни адо этиш сари одимлаган бўлади. Бундай киши фойдасиз нарсалардан сақланади, тили, қалби ила Аллоҳни ёд этади. Шунда номаи аъмолига намоз ўқиш савоби тўхтовсиз ёзилиб туради.

Масжид Аллоҳга ибодат қилинадиган, гуноҳлар учун истиғфор айтиладиган, дуою илтижолар этиладиган, инсон қалби таскин топадиган муборак жойдир. Шунинг учун мусулмон киши масжидга боришдан олдин ўзидаги ёмон ҳидларни кетказади, тишини тозалайди, энг чиройли, покиза либосларини кияди, хушбўйлик сепади, оёқ кийимига алоҳида эътибор беради. Агар нопок нарсалар илашган бўлса, масжидга киришдан олдин пойабзалини яхшилаб тозалайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Агар биронтангиз масжидга келса, қарасин, мабодо пойабзалида нопок ёки азият берадиган нарса бўлса, (тупроққа) ишқалаб, унда намоз ўқийверсин!” (Абу Довуд ривояти).

Авваллари масжидларда жойнамозлар бўлмаган, ерда намоз ўқилган. Шунинг учун кимнинг оёқ кийими тоза бўлса, унда намоз ўқийверган. Ҳозир ҳолат бошқача: масжидларга гиламлар, жойнамозлар тўшаб қўйилади, у ерга оёқ кийимда кирилмайди. Шундай бўлса-да, намозхон одам Аллоҳнинг уйига келишдан олдин пойабзалини тозалайди, уст-бошига бир қараб қўяди, ёнидагиларга, фаришталарга азият етказадиган нарсалардан сақланади. Бу мўминнинг гўзал одобларидандир.

Шунингдек, намозхонларни ранжитадиган, малоикаларга озор берадиган сигарет, нос, пиёз, саримсоқ кабиларни истеъмол қилиб масжидга бориш дуруст эмас.

Киши масжидга оҳиста юриб боради, йўл-йўлакай маъсур (яъни, Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда келган) дуоларни ўқиб кетади, ибодатга – Аллоҳ билан юзма-юз туришга руҳан тайёрланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга ҳовлиқмасдан, секин-аста юриб боришни тавсия этганлар: “Агар намозга иқомат айтилса, ҳеч бирингиз унга шошилмасин, балки хотиржам ҳолда, виқор билан келсин. Етган жойингни ўқи, ўтиб кетганини қазо қил” (Муслим ривояти). Ташқи омиллар ҳам хушуга монеълик қилади. Зеро, намозга ҳаллослаб, терлаб-пишиб келган кишининг хотиржамлиги йўқолади.

Хоҳ жума намозига, хоҳ бошқа намозларга бўлсин, киши масжидга виқор билан, оҳиста юриб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир тавсияларида ҳикмат бор. Агар уларга амал қилсак, икки дунёда бахтли бўламиз.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Эҳромда тикилган кийимларни кийса

24.12.2024   6691   1 min.
Эҳромда тикилган кийимларни кийса

Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.

Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.