(1-мақола): Бизга миллий мафкура – халқ мафкураси керак
Миллий истиқлол мафкураси давлатимиз фуқароларини улуғ мақсад йўлида қалбан бирлаштиришга кўмаклашиши керак. Ислом Каримов[1]
Мустақил Ўзбекистон тараққиётининг узлуксизлигини таъминлаш учун халқни бир мақсад йўлида бирлаштириш муҳим аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан собиқ советлар тузумининг мафкуравий ақидаларидан воз кечиш лозим эди. Совет мафкураси коммунистик партиянинг ғояларига таянувчи ва совет тоталитар режимининг ғоявий таянчи функциясини бажарар эди. Бу мафкура қадимий ва бой тарихий маънавий қадриятларга эга халқнинг манфаатларига мос келмайдиган мафкура эди. Шу сабабли ундан воз кечилди. Мустақиллик мафкурасининг концептуал асослари ҳали яратилмаган. Бунинг устига халқимизнинг миллий менталитети мустамлакачилик даврларида жиддий деформацияга учраганди.
Бундай шароитда, яъни амалдаги мафкурадан воз кечилган, янги мафкуранинг концептуал тамойиллари ишлаб чиқилмаган бир шароитда изчил оилавий тарбия кўрмаган, ўзлигини англаб олишга улгурмаган айрим ёшларимиз онгида мафкуравий бўшлиқ (вакуум) ҳукм сурарди. Бундай ёшларни бегона мафкуралар таъсиридан ҳимоялаш ҳам долзарб вазифа бўлиб қолди.
Мустақиллик арафасида (ошкоралик даврида) ва мустақилликнинг илк даврида турли экстремистик оқимлар ва диний-конфессионал йўналишдаги миссионерлик ташкилотлари мафкуравий қадриятлари шаклланмаган соддадил ёшларимизни ўз сафларига қўшиб олишга ҳаракат қилишди ва бунга эришишди ҳам. Бу мамлакатимиз мафкуравий мустақиллигини сақлашга, мамлакатда барқарор тинчликни таъминлашга қарши катта хавф эди. Айниқса, кўп миллатлар ва элат вакиллари яшайдиган, турли дин ва диний конфессияларга эътиқод қиладиган бизнинг юртимизда миллатлараро, динлараро можаролар бошланиб кетиш хавфи кескинлашиши мумкин эди. Бунинг устига халқимиз 70 йиллик курашчан атеизм ҳукмронлиги даврида мусулмончилик анъаналаридан ҳам бирмунча бегоналашган эди. Мустақиллик муносабати билан мамлакатимизда диний эътиқод эркинлигига кенг йўл очилди. Бу масалада Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И.А.Каримов 1992 йил 2 июлда сўзлаган нутқида шундай деган эди: “Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очиб берилди. Буюк ҳажга илгари нари борса беш-олти киши борарди. Энди ҳар йили минглаб одамлар муқаддас жойларга эмин-эркин зиёратга боришяпти. Дин одамзодни ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди. Дин бу дунёнинг ўткинчи эканини, охиратни эслатиб туради, одам боласини ҳушёр бўлишга, ҳаром йўллардан узоқ юришга, яхши бўлишга, яхши из қолдиришга ундаб туради. Биз динга бундан кейин ҳам барча шарт-шароитларни яратиб берамиз. Диний расм-русумларга, байрамларга, диний тарбия ва таълимга доимо жиддий эътибор берилади”[2]. (Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти илгари сурган бу ғоялар бугунги кунда Ш.М.Мирзиёев муваффақиятли равишда амалиётга тадбиқ этмоқда).
Динга бундай демократик ёндашувни ўша даврда ҳамма ҳам тўғри қабул қилмасди. Юртимизда эътиқод эркинлиги қарор топиши билан халқимиз эмин-эркин ибодатларини давом эттира бошлашди, аммо, анъанавий диний ибодатлар билан фундаменталистик ғояларни ажрата олмайдиган баъзи ёшлар ва соддадил катталар динни бирёқлама тушуна бошлади. Бундай кишилар онгига диний қадриятлар сифатида турли хил диний ақидапарастлик ғоялари билан мутаассиблашган оқимларнинг бузғунчи ғоялар ҳам суқилиб кира бошлади. Бундай вазиятда миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг концептуал асосларини ишлаб чиқиш ҳаётий заруриятга айланди.
Ўзбекистоннинг биринчи Президенти мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ бу масалага алоҳида эътиборни қаратди. Ислом Каримовнинг жамоатчилик олдидаги чиқишларида миллий манфаатлар, миллий истиқлол, ватанпарварлик, миллий қадриятлар ва миллий менталитет масалаларига асосий эътибор қаратилган эди. Буни айрим сиёсатдонлар Ислом Каримовнинг миллатчиликка йўл очиши деб талқин эта бошлашди. Аммо ўзбек халқининг асрлар давомидаги эзгу нияти мустақил давлатчилигимизни ривожлантириш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш йўли билан амалга ошиши оддий ҳақиқат эди.
Халқни миллий манфаатлар ҳимояси йўлида бирлаштириш учун халқнинг мафкуравий концепциясини ишлаб чиқиши лозим эди. Бу ҳаётий заруриятни чуқур англаган И.А.Каримов ўзининг асарлар тўпламининг 1-жилдини “Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура” деб атади. Бу китобда Ўзбекистоннинг барча соҳалардаги миллий манфаатлари ўз ифодасини топган эди.
И.Каримов миллий мафкуранинг концептуал асосларини ишлаб чиқиш лозимлигига алоҳида эътибор бериб, Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинган куннинг бир йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали мажлисда шундай деди: “Асосий қонунимизда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривож-ланади, дейилган. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси мақомига кўтарилиши мумкин эмас. Бу конституциявий қоида бизнинг олдимизга миллий истиқлол мафкурасини яратиш вазифасини қўяди.
Миллий истиқлол мафкураси халқимизнинг азалий анъаналарига, удумларига, тилига, динига, руҳиятига асосланиб, келажакка ишонч, меҳр-оқибат, инсоф, сабр-тоқат, адолат, маърифат туйғуларини онгимизга сингдиришга хизмат қилиши лозимлигини ҳеч қачон унутмайлик“[3]. Ҳақиқатдан ҳам бу масала ниҳоятда долзарб масала эди. И.Каримовнинг кейинги мақолаларида, айниқса, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзамов билан суҳбатда миллий мафкура масаласи бош мавзу сифатида муҳокама қилинди[4]. Бу суҳбатда мафкуранинг моҳияти, унинг асосий вазифалари, тоталитар мафкуранинг оқибатлари. Жаҳондаги мафкуравий жараёнлар, мафкуравий полигоннинг ҳар қандай ҳарбий полигонлардан хатарли эканлиги. Миллий мафкуранинг хусусиятлари ва унинг жамият тараққиётидаги ўрни, мафкуравий бўшлиқнинг вужудга келиш сабаблари, мафкуравий иммунитет ва унинг жамият барқарорлигини таъминлашдаги ўрни, миллий мафкурани ёшлар онгига сингдириш йўллари, мафкурасизлик, мафкуравий нигилизм ва бошқа масалалар бу суҳбатда муҳокама қилинган[5].
Бахтиёр ТЎРАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, фалсафа фанлари доктори, профессор
[1] Каримов И.А. Буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолати // Биздан озод ва обод Ватан қолсин. 2-жилд. Т.: Ўзбекистон, 1996. Б.99.
[2] Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат мафкура. 1-жилд. / И.А.Каримов; [нашр учун масъул К.Бўронов]. – Тошкент: Ўзбекистон, 1996. Б. 18.
[3] Каримов И.А. Буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолати // Биздан озод ва обод Ватан қолсин. 2-жилд. Т.: Ўзбекистон, 1996. Б.98.
[4] Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни –халқ, миллатни миллат қилишга хизмат қилсин (“Тафаккур” журнали Бош муҳаррири саволларига жавоблар). – Т.: Ўзбекистон, 1998.
[5] Қаранг: Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни –халқ, миллатни миллат қилишга хизмат қилсин (“Тафаккур” журнали Бош муҳаррири саволларига жавоблар) // Биз ўз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Асарлар тўплами, 6-жилд. Т.: Ўзбекистон, 1999. Б.47-55.
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД