Динимиз ҳамиша тўғри сўзлашга буюради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб, 70-71).
Тўғри сўзлаш энг яхши фазилат, ҳузур-ҳаловатнинг асоси. Оила ва жамият фаровонлиги ҳам тўғрилик, ростлик билан давомли бўлади. Тўғрисўзлик туфайли оила, жамият аъзолари ўртасида меҳр-муҳаббат, ишонч кучаяди, ҳар соҳада ривожланиш, илгарилаш бўлади.
Инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, ҳаётий тушунча ва тасаввурлари оилада шаклланади. Ота-она ўртасидаги ишонч хонадонда хотиржамлик муҳитини юзага келтиради, бу – фарзандлар тарбияси учун фойдалидир. Оилалардаги муҳит маҳалла, жамиятдаги инсонлараро муносабатларга ҳам таъсир этади. Демак, оилада катта-кичикнинг одоб талабларига риоя қилиши жуда муҳимдир.
Иш ё ўқиш жойидаги ҳамроҳларнинг маънавий касалликлари бошқаларга ҳам “юқиши” табиий. Зеро, Аллоҳ таоло содиқлар билан бирга бўлишга буюрган: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлинглар!” (Тавба, 119). Содиқлар сўз, иш, ният ва имонда садоқатли кишилардир. Сўзда садоқатлилик рост гапириш, ёлғондан сақланиш билан бўлади. Имон талаби, нажотга етишиш воситаси шу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Тўғрисўзлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта, киши тўғри сўзлайди, ҳатто Аллоҳ ҳузурида сиддиқлардан деб ёзилади” (Муттафақун алайҳ).
Ҳамма нарса доимий бажариб юриш билан одатга айланади. Тўғрисўзлик ҳам шундай. Ҳатто ўз фойдамизга қарши келса ҳам, тўғри гапни ўрнида айта билсак, бунинг мукофоти икки дунёда яхшилик бўлади.
Жозиба ЖАМОЛ қизи,
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ислом ўрта-махсус
билим юрти мударрисаси
ЎМИ Матбуот хизмати
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД