Савол: Бир кунда беш вақт намоз бор, деймиз. Витр намози-чи? Ёки у хуфтон намози таркибига кирадими?
Жавоб: Йўқ, витр хуфтон намози таркибига кирмайди. У алоҳида намоз, лекин вақти хуфтон намози вақтидир, Пайғамбаримизга фарз, умматларига эса (бизнинг мазҳабга кўра) вожиб қилинган (Сарахсий. “Муҳит”). Чунки Расулуллоҳ бундай марҳамат қилганлар: “Эй Қуръон аҳли, витр намозини ўқинг! Зеро, Аллоҳ таоло тоқдир, тоқни яхши кўради” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
“Витр” луғатда тоқ маъносини бергани учун ҳадисда “Аллоҳ таоло тоқдир, тоқни яхши кўради”, дейилмоқда.
Витр намози хуфтон вақти кирганидан бошлаб кечанинг охиригача ўқилаверади. Аммо хуфтондан олдин ўқиш жоиз эмас. Агар витр хуфтон намозининг таркибига кирганида, уни кечанинг охиригача кечиктириш макруҳ бўларди. Ҳолбуки, уни кечанинг охиригача (бомдод вақтига қадар) кечиктириб ўқиш мустаҳабдир (“Табйин”).
Ҳанафийликда витр намози уч ракат. Ҳар бир ракатида Фотиҳа сураси ўқилади. Унинг биринчи ракатида Аъло, иккинчи ракатига Кофирун, учинчи ракатига Ихлос сураларини ўқиш мандубдир. Бунга Расулуллоҳнинг витр намозини ана шундай ўқиганлари ҳақидаги Имом Аҳмад, Насаий ва Ибн Можанинг Убай ибн Каъбдан ривоят қилган ҳадислари далил бўлади (“Фиқҳул ислам ва адиллатуҳу”).
Витр намозининг учинчи ракатида “Қунут” дуосини ўқиш, саҳиҳ қавлларга кўра, вожибдир (“Жавҳаратун наййира”).
“Сўраган эдингиз” китобидан
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими томонидан 2025 йил 5 февраль куни “Zoom” платформаси орқали адлия органларига диний ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳисоботлар юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликларининг юрисконсультлари иштирок этди.
Унда жумладан, диний ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини барча масъул ходимларга етказиш орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мунтазам равишда ошириб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ижрочиларга тўлиқ етказиш, меҳнат қонунчилигига оид ҳужжатларни тўғри юритиш, масъул ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, диний соҳа ходимларини қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш, буйруқларни тўғри расмийлаштириш, ҳужжатлар алмашинувини тўла тизимлаштириш, рўйхатдан ўтказувчи ташкилотларга ўз вақтида ҳисобот тақдим этиш каби муҳим тушунтириш ва эслатмалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати