Пасқамгина дўнгликлардан иборат индамаслар олами. Бу олам шунчалик сокинки, хокисор тупроқ устида юрган чумолилар ва бошқа ҳашаротлар ҳам бехавотир, ўз ташвишлари билан банд. Бу макон гапирмасдан насиҳат қилувчи, тошбағир қалбларни эритгувчи, маъсият ботқоғига ботган вужудларни огоҳлантирувчи макон. Бу дўнгликлар бағрида не-не азиз инсонлар мангу қўним топган.
Собир ака кўрган одамнинг сўқи кирадиган машинасидан тушаркан, иссиқ ҳавонинг тафти юзига урилди, тўлагина қўллари билан қуёш нурини тусди.
Қабристон ҳовлисига кираркан ҳайратдан тўхтаб қолди. Кўзлари билан отасининг қабрини излай бошлади. “Э, воҳ, отамнинг қабри қаерда?” Юраги тўрга тушган беданадек безовталанар, кўзлари қиблагоҳи қабрини ахтарар эди. Нарироқда гўр қазиётган гўрков амакидан, отамнинг қабри қаерда?- деб сўрашга ийманди. Дўппайиб турган қабрлар оралаб бораркан, қабртошдаги таниш чеҳрага кўзи тушди.
– Ия, бу устоз Олимжон аканинг қабри-ку.
Қабр сомон сувоқ қилинган, оёқ томондаги арча ва яшнаб турган беш-ўн туп гуллар, ақли расо, оқибатли фарзандларидан далолат бериб турибди. Қабртошдаги сиймо гўё фарзандларидан миннатдордек жилмайиб турарди.
Ногаҳон қўшни қабрга кўзи тушди-ю, қалби вайрон бўлди. Бел баробар ўсган ёввойи тикон ўтлар “ўтганни илиб оламан” деяётгандек, атрофга бўй чўзган. Пастроқдаги бир қулоч судралиб юрувчининг пўстини қўрқинчли тус олганди. Тиконлар ортидан кимдир мўралаётгандек. Собир ака тиконни оҳиста эгди.
– Эҳ, наҳотки?! Ахир бу Ғофир аканинг қабри...
Тошдаги чеҳранинг ортида қолганлардан норози бўлгандек қовоғи солиқ эди.
– Ҳа, пешонасига тушган бу ажинлар ортида фарзандлар учун чекилган не-не машаққатлар тарихи яширин. Тиконларга тўр ёйиб пайт пойлаётган ўргимчаклар ваҳимали кўринарди.
– Э-э, аттанг... “Кўзингни ёғ босса, қабристонни зиёрат қил” деб бежиз айтишмаганда.
Девдек ўғлининг кўчани тўлдириб юриши, яна чойхонада ҳаммага насиҳат қилиши-чи...
Хаёллар оғушига берилди чоғи, беш-олти қадам наридаги қабрдан нидо келгандек бўлди ва беихтиёр ўгирилди. Қабрни одам бўйи қуриб-қақшаган қамишлар қоплаган. Қушлар ҳам қўнишга қўрққандек узоқдан учишмоқда. Жувадек калтакесак пойлоқчидек атрофга боқмоқда ва тилини чиқариб ҳашаротларни овламоқда. Қамишларнинг қабрга қадалган томирлари мўъжазгина қамишзор оролини эслатарди.
– Э воҳ! Оқибат шу экан-да. Ўғил-қиз фарзанд кўрдим, қувончимнинг чеки йўқ, хурсандчилигимни тўкин дастурхон атрофида дўслар билан баҳам кўрдим. Фарзандларимнинг алпанг-талпанг қилиб юриб, бийрон тили билан “дадажон” деб гапиришларидан, қилиқларидан осмону фалакда сузардим. Елкамга кўтарганимда қиқирлаб кулишига маст эдим. Йиллар ўтган сайин кичкинтойларим вояга ета бошлади. Ҳеч кимдан кам бўлмасин деб кечки сменада ҳам ишлай бошладим. Бироз толиқсам-да, бўйим тенги ўғил-қизларимни кўриб барчасини унутардим.
Эсимда, костюмим униқиб кетганди. Ўғлим “дада, велосипед оберинг”, деганда ҳеч иккиланмай олиб бердим. Фарзандларимнинг бахти учун меҳнатга шўнғидим. Кетма-кет тўйлар, уй-жойлар, орзу-ҳаваслар... Йиллар шу тарзда ўтаркан, бир кун ойнага қарасам, соч-соқолимга оқ оралабди, қаддим дол, белдан куч-қувват кетган, кўз нурим хиралашган, юзимдаги ажинларни ушласам, бармоқларим қалтираётгандек... Элчи келганини ҳам сезмай қолибман. Тўрт оёқли чубун отга солиб мени қабрга олиб келишди. Лаҳаднинг на туйнуги, на эшиги, на томи бор –зимистон.
Собир ака нидони тингларкан, қабр бошидаги эски тунукадаги ёзувни таниб, аъзойи бадани титраб кетди.
Қалбидаги тилига кўчди “Ахир, бу отамнинг қабри-ку”, дея ҳаяжондан уйғониб кетди. “Хайрият, тушим экан”, деб кўксига туфлаб қўйди.
Нотушта қилаётганда болаларига “Бугун бобонгизнинг қабрини зиёрат қиламиз”, деди.
Ота қабридаги тикон ўтлар тозаланиб, паст тарафига гул кўчатлар ўтқазилди. Кичкинтойларга отаси ҳақидаги хотиралардан сўзлаб берди. Тез-тез зиёрат қилишликни ният қилди.
Собир ака бугун яна туш кўрди. Тушида отаси “Балли ота ўғил, экканингни ўрасан”, деяётгандек жилмайиб турарди.
Ҳа, азизлар, бу ўткинчи дунёда барчамиз меҳмонмиз. Ўтганларимизнинг руҳларини шод қилишда кичикларга ўрнак бўлайлик.
Тойиржон ТУНГАТОВ
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Исро нима дегани?
“Исро” (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.
Меърож нима дегани?
“Меърож” (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.
Исро ва меърож кечаси қачон бўлган?
Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Бу ҳақда Қуръони каримда: «(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжидул Ақсога тунда сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир» (Исро сураси, 1-оят), дейилган.
Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Аллома Муборакфурий раҳимаҳуллоҳ “Ар-Раҳийқул махтум” китобида “Исро ва Меърож” воқеаси қачон содир бўлгани тўғрисида айтилган қуйидаги олти хил қарашни келтирган:
Бу кечанинг ҳикматлари кўп. Улардан бири –
Исро ҳодисаси Ислом даъватининг энг оғир ва машаққатли даврида содир бўлди. Бу вақтда мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кучли тазйиқ ўтказишарди. Уларнинг зулмидан ҳимоя қилувчи Абу Толиб, Хадийжа бинти Хувайлид онамиз ҳам вафот этганди.
Шундай қийин ва маҳзунли бир дамда Исро ва Меърож кечаси содир бўлди. Бу нарса у зотдаги ғам-ташвишни кетказиш, даъват йўлида собитқадам бўлиш, қалбга сурур бағишлаш учун тасалли бериш эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга қандай қилиб кўтарилдилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Менга Буроқ келтирилди. У эшакдан баландроқ, хачирдан эса пастроқ ҳайвон бўлиб, югурганда туёғини кўзи етган жойга ташлаб сакрар эди. Унга миниб бир лаҳзада Байтул Муқаддасга етдим. Масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиб чиқдим. Менга Жаброил бир идишда шароб, иккинчи идишда сут келтириб тутди. Мен сутни олган эдим, Жаброил: “(Соф) фитратни танладингиз”, деди. Кейин биз осмонга кўтарилдик...” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Набий алайҳиссалом самода қайси пайғамбарлар билан учрашдилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “...Биринчи осмонда мен Одам алайҳиссалом билан кўришдим.
Иккинчи осмонда Исо ва Яҳё алайҳимассалом билан учрашдим.
Учинчи осмонда Юсуф алайҳиссаломни кўрдим.
Тўртинчи осмонда Идрис алайҳиссаломни,
бешинчисида Ҳорун алайҳиссаломни,
олтинчисида эса Мусо алайҳиссаломни зиёрат қилиб, дуоларини олдим.
Еттинчи осмонда Иброҳим алайҳиссаломни Байтул Маъмурга суяниб турганларини кўрдим”.
“Байтул Маъмур”дан “Сидратул мунтаҳо”га
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Байтул Маъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб, зиёрат қиладиб кетар экан. Сўнг “Сидратул мунтаҳо” дарахти ёнига келдим. Аллоҳнинг амри билан бу дарахт шундай гўзал ҳолга келган эди, уни таърифлашдан инсон тили ожиз эди”.
5 маҳал намозда 50 маҳал намознинг савоби бор...
Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ шу ерда менинг умматимга эллик вақт намозни фарз қилди. Мен Мусо алайҳиссаломнинг ёнига тушдим ва умматимга буюрилган фарз амални айтдим.
Мусо алайҳиссалом: “Умматингиз бу амални бажаролмайди, Аллоҳдан енгиллатишини сўранг”, деб қайтарди. Мен Мусо алайҳиссалом билан Аллоҳ ўртасида бир неча марта қатнадим, ниҳоят Аллоҳ: “Эй Муҳаммад, сизнинг умматингиз учун ҳар кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилдим ва уни эллик вақт ўрнида қабул қиламан”, деб марҳамат қилди.
Мусо алайҳиссалом яна мени қайтарди. Мен энди Аллоҳдан ҳаё қиламан, деб беш вақт намознинг фарзлигига рози бўлдим”.
Бу кеча яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нималар берилди?
Бу кеча – беш вақт намоз фарз бўлди, Аллоҳга шерик қилмай, гуноҳларига тавба қилганларнинг кечирилиши ҳақидаги хушхабар берилди ва “Бақара” сурасининг сўнгги уч ояти нозил бўлди...
Даврон НУРМУҲАММАД