Ислом дини ўзининг мўъжизалари билан инсонларни ҳайратга солишда давом этмоқда. Бу дин нафақат инсониятнинг маънавий оламини шакллантириб тарбиялайди, балки, илм – фан тараққиётига ҳам катта ҳисса қўшади.
“Новости Узбекистана” интернет-нашри билдиришича, Ислом динининг яна бир илмий мўъжизаси яқиндагина кашф қилинди. Хусусан, ушбу кашфиёт бизга маълум бўлган илм-фан йўналишлари ожиз бўлган соҳада намоён бўлди.
“Комсомолская правда” газетасида шундай ёзилади: “Нью-Йорк университетининг Лангон Тиббиёт маркази (NYU Langone School of Medicine) олимларининг ўтказган тадқиқотларидан маълум бўлдики, инсоннинг жони узилиши жараёни шу кунгача одамлар тасаввур қилиб келгандек содир бўлмайди.
Маълум бўлишича, инсон ўлимидан сўнг, яъни тиббий жиҳатдан ўлим расмий қайд қилинганидан сўнг ҳам бир неча муддат хушида бўлади. Яъни, киши ўлганини сезади ва шу билан бирга атрофидагиларнинг қилаётган ҳаракатларини ҳам ҳис қилиб туради.
Ушбу факт профессор Сэм Парниа бошчилигидаги тадқиқот гуруҳи томонидан аниқланди. Кўп йиллар давомида профессор ва унинг гуруҳи жони узилаётган беморларнинг ва клиник ўлим ҳолатини бошидан ўтказганларнинг ҳолатлари билан яқиндан танишиб, бу ҳақда материаллар йиғиб келишди. Узоқ муддат давомида тўпланган далилларни бир ерга тўплаб, улардан ҳулоса чиқарган олимлар шундай фикрни илгари сурдилар:
Ўлим ҳолати расман қайд қилинганидан сўнг, яъни юрак уришдан тўхтаганидан кейин ҳам майитнинг мияси маълум муддат ишлашда давом этади. Демак, инсон жони узилганини сезади. Шу билан бирга унинг танаси ташқи муҳитга таъсирчанлигини йўқотганини ҳам ҳис қилади. Инсон ўзининг ҳудди жасадга қамалган маҳбусдек ҳис қилади. Атрофидаги товушларни эшитади, кишиларни кўради, лекин уларга жавоб қайтара олмайди, ҳаракат қилолмайди.
Клиник ўлим ҳолатини бошидан ўтказган беморларнинг таъкидлашича, “вақтинчалик ўлим” пайтида улар атрофдаги шифокорларнинг овозларини эшитиб турганлар ва ҳаттоки, уларнинг суҳбатларини такрорлаб берганлар.
Ислом ақидасига кўра, бу фоний дунё – инсон учун вақтинчалик қўноқдир. Бу дунёда озми-кўпми умр кечирган инсон, куни келиб абадий ва муқим қўноғига риҳлат қилади. Жанобимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадисларида кишининг вафотидан сўнг ҳам атрофидагиларни ҳис қилиши ҳақида кўп бора такрорланган.
Абу Саъид ал-Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Майит уни юваётганларини, кафанлаётганларини ва қабрга олиб кетаётганларини билади”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Албатта, агар банда қабрга қўйилса ва асҳоблари ортга қайтишса, (ҳолбуки) бу уларнинг пойабзаллари товушини эшитиб турганда икки фаришта келади...”, дейилган (Бухорий ривояти).
Юқорида келтирилган исбот ва даллиллар Ислом дининг нақадар буюк ва ҳикматли эканини, инсон зотининг ақлу-заковати ҳам баъзан ушбу ҳикматлар мағзини чақишга ожизлик қилишини кўрсатади.
Лекин, афсуски, баъзи кишилар ушбу ҳақиқат ва илоҳий мўжизаларни тасодифга йўйиб Аллоҳнинг ҳикматидан юз ўгирадилар.
Аллоҳ барчамизнинг қалбларимизни илоҳий ҳикматларни англаш ва уларни онгу-шууримизга жо қилишда қалб кўзимизни очиқ қилишини сўраймиз. Омин!
Ўзбекистон мусулмонлар идораси
Матбуот хизмати
Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.
Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.