Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Май, 2025   |   26 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
04:57
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:46
Хуфтон
21:19
Bismillah
24 Май, 2025, 26 Зулқаъда, 1446

28.04.2017 й. Ҳалолликни лозим тутайлик!

25.04.2017   6341   12 min.
28.04.2017 й. Ҳалолликни лозим тутайлик!

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсонни мавжудотларнинг энг шарафлиси этиб яратган. Ислом дини инсонларни икки дунё саодатини қўлга киритиш учун лозим бўлган барча нарсаларни баён қилиб берган. Инсонлар динимиз кўрсатмаларига  риоя қилиб яшасалар, дунёда тинч-омонликда яшаб, саодатли ҳаёт кечирадилар. Буюк ватандошимиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍرَضِيَ الله عَنْهُ عن النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْحَلَالُ بَيِّنٌ وَالْحَرَامُ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشَبَّهَاتٌ لَا يَعْلَمُهَا كَثِيرٌ مِنْ النَّاسِ فَمَنْ اتَّقَى الْمُشَبَّهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ كَرَاعٍ يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يُوَاقِعَهُ أَلَا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى أَلَا إِنَّ حِمَى اللَّهِ فِي أَرْضِهِ مَحَارِمُهُ أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ.

رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Яъни, Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳалол очиқ ойдиндир, ҳаром очиқ ойдиндир. Улар орасида кўпчилик одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қўриқхона атрофида чўпонлик қилиб, унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди. Огоҳ бўлинг! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳнинг ердаги қўриқхонаси – ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шариф ҳалол нарсалар баён қилинганини, бандалар ҳаром ва шубҳали нарсалардан сақланиб, фақат ҳалолни талаб қилиши лозим эканини баён қиляпти.

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта ўринларида мўмин-мусулмон бандаларини ҳалол ризқ ейишга буюрган. Жумладан Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ  

яъни: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”(Бақара 168-оят).

Ушбу ояти каримада шайтоннинг изидан эргашиш ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб қўйилмокда. Бундан мурод – “Шайтоннинг йўлида юрганларни ҳалоллик йўлидан юришга қўймайди", деганидир. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Нажот уч нарсада - ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деганлар.

Ҳалолдан ризқ ейиш деганда ейдиган нарсанинг ҳалол бўлишининг ўзи кифоя қилмайди. Балки унга ҳалол йўл билан эришиш лозим бўлади. Чунки истеъмол қилинадиган нарса гарчи шаръий жиҳатдан ҳалол бўлса-да, лекин айрим инсонлар уни ҳаром йўл билан қўлга киритиб истеъмол қилишлари ҳам мумкин.

Расулуллоҳ (с.а.в.) видолашув ҳажида кўп нарсаларни васият қилганлар. Шулар қаторида бошқа кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини ўқтириб айтдилар: “Огоҳ бўлинглар! Албатта Аллоҳ таоло сизларга қонларингиз ва молларингизни бир-бирингизга ҳаром қилди”. Бу ҳадисдан маълум бўладики, инсонларнинг қонини тўкиш қанчалик ёмон амал бўлса, уларнинг молларини ноҳақдан ейиш ҳам шунчалик манфур (нафратли) амалдир.

Аллоҳ таоло яна бир оятда шундай марҳамат қилган:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ

Яъни, “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ ، رَضِيَ الله عَنْهُمَا قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:» أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا اللَّهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ فَإِنَّ نَفْسًا لَنْ تَمُوتَ حَتَّى تَسْتَوْفِيَ رِزْقَهَا وَإِنْ أَبْطَأَ عَنْهَا فَاتَّقُوا اللَّهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ خُذُوا مَا حَلَّ وَدَعُوا مَا حَرُمَ« .

رَوَاهُ ابن ماجة

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар! Аллоҳдан қўрқинг ва талабни гўзал қилинг! Чунки ҳеч бир жон гарчи (ризқи)  ундан кечикса-да, лекин ризқини тўлиқ олмагунича вафот этмайди. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқинг ва талабни гўзал қилинг. Ҳалол бўлганини олинг ва ҳаром қилинганини тарк қилинг!”, дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда ризқни ҳалол-покиза йўл билан талаб қилишга, ҳаром йўлга зинҳор яқинлашмасликка тарғиб қилинмоқда.

Муҳтарам  жамоат! Ҳалоллик деганда нафақат ризқ талаб қилиш, балки барча ишларимизда ҳалол йўлни танлашимиз лозимдир. Ҳалолликнинг мезони кенгдир. Ҳар бир мўмин, у ким бўлишиданқатъий назар, ҳалолликка аҳамият бериши унинг жамият олдидаги бурчидир. Шунингдек, камолот топиши ҳамда Аллоҳ таолонинг фазлу-карамига эришиб икки дунё саодатини қўлга киритиши учун ҳалолликни лозим тутиш ўта аҳамиятлидир. Бу эса турли касб ва соҳаларда хизмат қилаётганлар иймону ихлос билан ҳалолликни лозим тутишини ифодалайди.

Жумладан: Нонвой эрта-тонгдан унни қориб, касбга киришар экан, ёпадиган нони ҳар бир инсоннинг қўлига ҳалол пок етиб бориши учун ундан покизалик талаб қилинади. Ҳатто пешонасидан томадиган терни ҳам қораётган хамирга томмаслиги чорасини кўриши лозимдир.

Қассоб ҳам сўяётган жонлиқни "Бисмиллоҳ"ни айтиб, ҳалол покиза сўйиши, жамиятга ҳалол гўшт тақдим қилишни ўзининг бурчи деб билиши ҳамда бу борада ўзини  омонатдор ҳис қилиши лозимдир.

Жамоат жойларида хизмат қилаётган ошпазлар, ҳатто идиш-товоқ ювушчилар ҳам покизаликка катта аҳамият қаратиши лозим бўлади.

Ҳайдовчилар ҳам белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилиб, йўловчилар хавфсизлигини  кўзлаб ҳаракат қилиши ва ўзгаларга халақит бермасдан автоуловларни бошқариши лозим бўлади.

Ўқитувчи-муаллимлар ҳам дарс вақтини риоя қилиши ҳамда ўз касбининг омонатдори эканини асло унумасликлари лозимдир. Улар синфхонада 45 минут ёки 80 минут дарс вақтидан ҳар бир дақиқасини унумли фойдаланиши, ўқувчи ёки талабаларга манфаатли билимлари етказишга бор имкониятини сарфлаши, бунинг учун эса аввало дарсга яхши тайётгарлик кўриб вақтида келиши лозим бўлади.

Ўқувчи талабалар ҳам ўқитувчининг ҳамда синфдошларининг вақтини беҳуда зое қилмаслиги учун уй вазифаларини яхши тайёрлаб келишлари, бу борада уларни ота-оналари қаттиқ назорат қилишлари талаб қилинади.

Шунингдек, халқнинг соғлиғига масъул бўлган соҳа мутахассисларининг хизматлари ҳам алоҳида таҳсинга муносибдир. Шундай бўлса-да, уларга маслаҳатимиз беморларга нисбатан имкон қадар яхши муомала қилиши, уларни даволашда бор имкониятларини ишга солишлари лозим бўлади.

Худди шу каби бошқа барча соҳа вакиллари ҳам ҳалолликка аҳамият қаратиши, ўзлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳамда жамият олдида касбининг омондори деб билишлари лозим бўлади.

Муҳтарам жамоат! Ҳалоллик баъзан бандага қийин кўриниб, унинг нафсига ёқмаслиги мумкин. Лекин бандалар ҳалолликнинг ортида жаннат борлигини, шунингдек, ҳаромнинг ортида эса дўзах борлиги билиши ва шунга кўра амал қилиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: Аллоҳ таоло жаннатни ва дўзахни яратган вақтида Жаброилни жаннатга жўнатиб: “Унга ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”, - деди. У келиб унга ва у ерда Аллоҳ таоло жаннат аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларга қаради. Сўнгра Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб бориб: “Иззатингга қасамки, бу ҳақида эшитган киши борки, албатта, унга киради” деди. Сўнгра Аллоҳ жаннатга буюрди, у бажарилиши қийин ва инсоннинг нафсига зид амаллар билан ўралди. Аллоҳ таоло Жаброилга: “Унга қайтиб бор ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”, - деди. Жаброил унга қайтиб келиб қараса, у бажарилиши қийин ва инсоннинг нафсига зид амаллар билан ўралибди-ку. У Аллоҳнинг ҳузурига қайтди ва: “Иззатингга қасамки, унга бирор кимса киролмаса керак, деб хавфсираб қолдим”, - деди. Аллоҳ таоло унга: “Дўзахга бор ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”, - деди. Қараса, унинг баъзиси баъзининг устида турган эди. Шунда у (Жаброил) Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб бориб: “Иззатингга қасамки, у ҳақида эшитмай қолган кимсагина унга кириши мумкин”, - деди. Аллоҳ унга буюрди, у шаҳватлар (нафснинг хоҳишлари) билан ўралди. Аллоҳ таоло: “Унга қайтиб бориб қара”, - деди. Жаброил қайтиб бориб қаради ва: “Иззатингга қасамки, ундан бирор кимса нажот топа олмай, унга кириб кетса керак деб қўрқиб қолдим”, - деди”, - деб айтдилар. Имом Термизий ривоят қилган.

Яҳё ибн Муоз раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Эй одам боласи, жаннат нафс хуш кўрмайдиган нарсалар билан ўралган. Сен эса (нафсингга эргашиб) уларни ёмон кўряпсан. Жаҳаннам нафс хоҳлайдиган нарсалар билан ўралган. Сен эса (нафсингга эргашиб) уларни талаб қиляпсан. Сен худди қаттиқ дардга чалинган бемор кабисан. Агар банданинг нафси муолажанинг оғриғига сабр қила олса, сабр сабабли шифога эришади. Агар унинг нафси муолажа сабабли етадиган оғриққа сабр қила олмаса, касали узайиб бораверади”.

Муҳтарам жамоат! Дуоларимиз ижабот бўлиши учун ҳам биз барча ишларда ҳалолликни лозим тутишимиз керак. Зеро ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Эй инсонлар, албатта, Аллоҳ таоло покдир, пок (амал)дан ўзгасини қабул қилмас. Албатта, Аллоҳ таоло пайғамбарларни нимага буюрган бўлса, мўминларни ҳам шунга буюргандир. (Аллоҳ таоло): “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу иш қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман (Муъминун сураси, 51-оят) деган, ҳамда: “Эй, мўминлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!” (Бақара сураси, 172-оят)деган. Сўнгра (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) сочлари тўзғиб чанг-тўзонга беланиб, узун сафар қиладиган ва қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Роббим, эй Роббим” – дея дуо қиладиган кишини (мисол тариқасида) зикр қилиб: “Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озуқаланган, шундай экан, қандай қилиб (унинг дуоси) ижобат қилинсин”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.  

Муҳтарам жамоат! Демак, ҳаётимизнинг барча ўринларида биз ҳалолликни лозим тутайлик. Ҳалоллигимиз бир-биримизнинг мулкимизга кўз олайтирмаслигимиз, касб-коримиздан келиб чиқадиган ишларни фидокорона бажармоғимиз, шунингдек, умматимизнинг барча ўзаро муносабатларида ҳалоллик акс этмоғи лозим.

Аллоҳ таоло халқимизнинг барча ишларини ҳалолдан бўлишини муваффақ қилсин, ҳалол касб қилаётган юртдошларимизнинг касби-корларига баракалар ато қилсин. Юртимизни ҳамиша тинч, осмонимизни эса мусаффо қилсин! Омин!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Замзам ҳақида нималар биламиз?

23.05.2025   6311   12 min.
Замзам ҳақида нималар биламиз?

Аллоҳ таолонинг инсон зотига кўрсатган чексиз марҳаматларидан бири шубҳасиз сув неъматидир. Заминдаги бирор тирик жон сувдан беҳожат бўлолмайди. Ушбу ҳаётдаги барча нарса сув билан тирикдир. Лекин Яратувчи бу улуғ неъматини махсус бир сув билан хослади. Унга фазл ва баракот ато этди. Мусулмонлар курраи заминнинг турли нуқталаридан ушбу хос неъматдан баҳраманд бўлиш учун келадилар. У ҳам бўлса замзам сувидир. Хўш, замзам суви ўзи нима ва унинг қандай мўъжизакор хусусиятлари бор?

Замзам суви

Замзам суви бу - замзам қудуғидан чиқадиган сувдир. Бу қудуқ Маккаи мукаррамадаги Ҳарам ҳудудида жойлашган. Бу сув барча мусулмонлар наздида муқаддас сув ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло уни ўзига хос мў'жизавий хусусиятлар билан бошқа сувлардан афзал қилган. Дини Ислом таълимотларига кўра, замзам булоғини Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом ва унинг онаси учун чиқариб берган.

Замзам қудуғи Маккий Ҳарам ҳудуди ўз ичига олган муҳим тарихий унсурлардан бири ҳисобланади. У ер сатҳидаги энг машҳур булоқ бўлиб, мусулмонлар қалбида ўзига хос руҳий ўрни бор. Айниқса, ҳожилар ва умра зиёратчилари учун бу сувнинг аҳамияти катта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ер юзидаги энг яхши сув замзам сувидир. У тўйимли таом ва касалликдан шифодир" (Табароний ривояти, ал-Мўъжам ал-Кабир, саҳиҳ ҳадис).

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса бундай марҳамат қилинади: "Замзам суви нима ниятда ичилган бўлса, ўша ниятнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлади" (Имом Аҳмад, ибн Можа ва бошқалар ривояти).



Замзам сувининг номлари

Замзам сувининг кўп номлари бўлиб, қуйида уларнинг баъзиларини зикр қиламиз:

1. "Замзам" ва "Зумазим". Бу сўз "замма-язимму-зумуман" феълидан олинган бўлиб, бирор идишга сув лим-лим тўлиб ёнларидан оқиб тушганда ишлатилади. Замзам булоғининг суви кўп ва баракали бўлганлиги учун шундай номланган. Бошқа бир ривоятда келишича, замзам булоғи отилиб чиққан пайтда Ҳожар онамиз унга қараб "зам-зам!" яъни "кўпай ва зиёда бўл!", деган эканлар. Яна бир қавлга кўра эса замзамнинг бундай номланиши Жаброил алайиссаломнинг замзамасидан яъни, фариштанинг мазкур булоқ устида чиқарган товуши ва каломи туфайлидир. Бошқа бир фикрга кўра, мазкур булоқ илк маротаба отилиб чиққан вақтда ўзидан махсус товуш чиқариб шарқираб турган,  шу сабабли замзам деб номланган. Зеро, замзама сўзи шовқин бермоқ, муттасил товуш чиқармоқ маъносини англатади. Замзама сўзининг яна бир маъноси бирор нарсанинг ёйилиб кетган четларини тўплаш, тарқалиб кетмаслиги учун жамлаш маъносини англатади.

2. "Барака" ва "Муборака". Барака сўзи ўсиш, зиёда бўлиш, кўп яхшилик ва саодат маъноларини англатади. Зеро, уларнинг бари замзамда мавжуддир.

3. "Барра". Бу сўз яхшилик, эзгулик ва вафо маъноларини англатувчи "биррун" сўзидан олинган. Чунки Аллоҳ таоло бу сув билан Исмоил алайҳиссаломга яхшилик қилган. Яна бир қавлда эса айтиладики, чунки у аброрлар, яъни яхшилар учун оқиб чиққан, фожирлардан эса тийилган.

4. "Бушро". Бушро сўзи луғатда яхшилик ва хурсандчилик хабари, мужда маъносини англатади. Замзамнинг бундай ном билан аталишига сабаб ўзи ва ўғлининг ҳаётини сақлаб қолиш учун жон ҳолатда сув қидираётган пайтда Ҳожар онамиз учун хушхабар бўлганлигидандир. Зеро, Ҳожар онамиз Сафо ва Марво орасида сув излаб умидлари узилай деган пайтда Аллоҳ таоло томонидан инъом қилинган замзамни кўриб қолгач, бениҳоя хурсанд бўлиб кетадилар ва "менга хушхабар бўлсин, ахир бу сув-ку!", деб юборадилар.

5. "Мактума" (яширилган). Журҳум қабиласидан сўнг замзам булоғи ерга кўмилиб, беркилиб кетганлиги учун шундай аталган эди. Сўнгра Абдул Муттолиб уни қайта очган.

6. "Ҳарамийя". Замзам қудуғи Аллоҳ таолонинг Ҳарами ичкарисида бўлганлиги туфайли унга "Ҳарамийя", яъни Ҳарам булоғи деган ном берилди.

7. "Ракзату Жибрийл" (Жаброилнинг қанот қоқиши), "ҳазмату Жибрийл" (Жаброил пайдо қилган қуйилик, чуқирча), "ватъату Жибрийл" (Жаброилнинг оёқ босиши). Замзам сувининг бундай номлар билан номланишига сабаб унинг Жаброил фаришта ўз қаноти билан ерга уриши ёхуд оёғи билан ерга тепиши натижасида пайдо бўлиб, ердан отилиб чиққанлигидир.

8. "Солима" (соғлом ва саломатли сув). Замзамнинг бу исм билан номланишига сабаб унда саломатлик ва офият борлигидандир.

9. "Сиқоятул ҳож" (Ҳожиларга сув бериш). Замзам суви ҳожиларни сув билан таъминлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларни замзам суви билан таъминлаш ишини Аббос розияллоҳу анҳу ва оиласига топширдилар.

10. "Саййида". Чунки замзам суви бошқа барча сувларнинг саййиди, энг афзали, энг шарафлиси ва энг қадри баланди ҳисобланади.

11. "Шаббўатул 'иёл" (камбағалларни тўйдирувчи) шунингдек, "шабъа" (тўқлик, тўйимлилик). Жоҳилият даврида замзам булоғи шу ном билан ҳам номланарди. Сабаби, у чанқаганни чанқоғини қондирарди, камбағалларнинг қорнини тўйдирарди.

12. "Шаробул аброр" (яхшиларнинг шароби). Сабаби ҳамма яхшилар ва солиҳ кишилар замзам сувидан ичишга ҳарис бўладилар.

13. "Шифау суқмин" (касалликлар шифоси). Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: "Замзам ер юзидаги энг яхши сувдир. Унда очиққанлар учун таом, касалликлар учун шифо бордир" (Табароний {11167, 11/98}, Ҳайсамий {3/286}, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деганлар). Унда Аллоҳ таолонинг изни билан барча касалликларга даво бордир. Ким шифо ниятида ичса, Аллоҳнинг иродаси билан, албатта, тузалиб кетади.

14. "София" (соф). Замзам барча зарарли нарсалардан пок ва соф бўлган сувдир.

15. "Тоҳира" (пок). Замзам барча айбу нуқсонлардан пок, ичувчи киши учун фойдали сувдир. Бундан ташқари, замзам ҳурмати баландлиги учун ифлос нарсаларга истеъмол қилинмайди.

16. "Тоййиба" (хуш, ширин, мазали). Замзам сувининг бу ном билан номланиши сабаб, ичган киши лаззатланади, уни ҳамма яхши кўради.  

17. "Зоҳира" (зоҳир, очиқ-ойдин). Замзам сувининг манфаати доим зоҳир бўлиб, кўриниб туради.

18. "Офият". Замзам суви уни ичган инсон учун офият ва шифодир. Аллоҳ таоло мутахассис табиблар ҳам даволай олмаган қанча-қанча касалликлардан замзам  туфайли шифо берган.

19. "Ғиёс" (ёрдам, қутулиш). Чунки у Ҳожар онамиз ва у кишининг фарзанди Исмоил алайҳиссалом учун ёрдам, қаттиқ қийинчиликдан сўнг қутулиш манбаи эди.

20. "Кофия" (кифоя қилувчи). Замзам суви уни ичаётган кишининг барча ҳожатларига кифоя қилувчидир.

21. "Ла тунзофу вала тузамму" (йўқ бўлмайди ва камаймайди). Замзам сувидан қанча кўп ичилмасин камаймайди ҳам, тугаб ҳам қолмайди.

22. "Маъсарату Аббос" (Аббоснинг улуғ мероси). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларга замзам сувини ичиришдек шарафли вазифани Аббос розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи учун ажратиб берадилар. Бу эса Аббос розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи учун улуғликда тенгсиз бўлган мерос эди.

23. "Муъниса" (дўст, дилдош). Замзам сувидан ичган мўмин унга ўрганиб, ўзида унга нисбатан доимий майл ҳис қилади ва уни яхши кўриб қолади. Мудом замзам сувидан ичгиси келаверади.

24. "Маймуна" (баракали). Замзам суви ҳар тамонлама баракалидир.

25. "Нофиъа" (фойдали). Замзам суви санаб тугатиб бўлмайдиган манфаатларга эга эканлиги туфайли шундай номланган.



Замзам сувининг фойдалари

Замзам суви ўзининг маънавий фойдаларидан ташқари саломатлик учун кўплаб фойдали хусусиятларга эгадир. Уларнинг баъзиларини қуйида зикр қиламиз:

1. Эрта қаришнинг олдини олади.

2. Жисмнинг ҳимоя тизимини (иммунитет) кучайтиради.

3. Овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.

4. Саратонга қарши самарали воситалардан бири ҳисобланади.

5. Жисм учун фойдали бўлган озуқа моддаларини қонга сўрилиш жараёнини кучайтиради.

6. Жисмга куч-қувват бахш этади. Айниқса, ҳожилар ҳаж мавсимида бундай куч-қувват ва энергия манбаига муҳтож бўладилар.

7. Кўплаб касалликлардан тузалишга ёрдам беради. Жумладан, кўриш қобилиятининг пасайиши, қизамиқ, юрак-қон томир касалликлари, қон босими, қон айланиши касалликлари ва бошқа бир қатор хасталиклардан тузалишда самарали ёрдам беради.

8. Шунингдек, замзам суви қандли диабет касалига чалинганлар, буйрак хасталари учун ҳам шифодир. Шу билан бирга суяк ва бўғин касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари, ҳазмдаги муаммолар, йўғон ичак муаммолари, қабзият ва яна бир қанча касалликларни даволашда самарали восита ҳисобланади.

 


Замзам сувини бошқа сувларга аралаштириш ҳақида

Агар замзам сувидан бошқа оддий сувларга аралаштирилса мазкур оддий сув унга қўшилган аралашма миқдорича баракот ва фазилат касб этади. Қанча кўп аралаштирилса, шунчалик баракоти ортади. Камроқ аралаштирилган бўлса ҳам мазкур сув замзам қўшилмаган сувдан афзалроқ ва баракотлироқ бўлади. Зеро, замзам аралаштирилган сувдан ичган кимса замзам сувининг маълум миқдорини ичган ҳисобланади. Шу туфайли, унинг файзидан бонасиб бўлади.

Имом Косоний (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: "Агар бир кимса замзам сувидан иборат бўлган бирор сувни ичмайман деб қасам ичган бўлса ва ўша (замзамдан иборат бўлган) сувга бошқа сувлардан жуда кўп миқдорда қуйилиб, натижада замзам суви ўзига қуйилган кўп миқдордаги сувга аралашиб, бошқа сув унинг устидан ғолиб келса ва шундан сўнг, мазкур сувдан ичса, қасамини бузган ҳисобланади" ("Бадоиъу-с-санои'": 3/63;).

Юқоридаги матнда айтилмоқчи бўлаётган нарса шуки, замзам сувини ичмайман деб қасам ичган киши ўзига жуда кўп оддий сув аралаштирилиши натижасида оддий сувга аралашиб кетган замзам сувидан ичса, қасамига риоя қилмаган ва замзамдан ичиб қўйган ҳисобланар экан. Бу эса оддий сувга аралаштирилган замзам буткул йўқолиб кетмаслигини англатади. Балки, у аралашган сувига баракот киргазади.

Шу маънода, замзам аралаштирилган сувга "замзам" дейилса ҳам у ҳукман замзам мақомида бўлади. Унда замзамнинг баракоти ва фазилати мавжуд бўлади. Оддий сувлардан ортиқ бўлади. Унга ҳар қанча кўп сув қуйилса ҳам барибир, ичида замзам мавжуд бўлади. Аммо фазилатда мусаффо замзамчалик бўлмайди.

Саҳобаи киромлар нафақат замзам, балки Набий алайҳиссалом таҳорат қилган сувлардан ҳам табаррукланганлар. Узоқдан келган кишилар уйларига қайтишда У зотнинг (алайҳиссалом) таҳоратдан қолган сувларини ўзлари билан олиб кетиб, уни кўп миқдордаги сувларга қўшиб кўпайтирганликлари ривоят қилинади.

Бу ҳам бўлса, табаррук нарса бошқа оддий (тоҳир ва пок) нарсага аралаштирилганда, аралаштирилган оддий нарса ҳам баракот ва фазилат касб этишига далолат қилади.

Ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом Макканинг ҳокимига одам юбориб, ундан Мадинага замзам сувидан жўнатишни талаб қилар эканлар. Бундан мақсад, Мадиналиклар ҳам замзамдан юқорида айтилганидек, оддий сувларга аралаштириб, кўпайтириш орқали баҳраманд бўлишлари учун экан.

Абдуллоҳ Камолов