Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

20.04.2018 й. Қўшничилик ҳақлари

4.04.2018   6141   10 min.
20.04.2018 й. Қўшничилик ҳақлари

2018 йил 20 апрель кунининг жума мавъизаси тезиси


 

بسم الله الرحمن الرحيم

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ

Динимизда қўшничилик ҳақларига риоя қилиш муҳим ишлардан ҳисобланади. Зеро, инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамланишида қўшниларнинг ўрни беқиёсдир. Қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари деганда шариатимиз юзасидан қўшниларнинг бир-бирларига нисбатан риоя қилишлари лозим бўлган мажбуриятлари тушунилади. Қўшниларнинг мартабалари ҳақида Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

 عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: اَلْجِيْرَانُ ثَلاَثَةٌ: جَارٌ لَهُ حَقٌّ وَاحِدٌ وَهُوَ أَدْنَى الْجِيْرَانِ حَقًّا، وَجَارٌ لَهُ حَقَّانِ، وَجَارٌ لَهُ ثَلاَثَةُ حُقُوقٍ وَهُوَ أَفْضَلُ الْجِيْرَانِ حَقًّا؛ فَأَمَّا الْجَارُ الَّذِي لَهُ حَقٌّ وَاحِدٌ فَالْجَارُ الْمُشْرِكُ لاَ رَحِمَ لَهُ وَلَهُ حَقُّ الْجِوَارِ، وَأمَّا الَّذِي لَهُ حَقَّانِ فَالْجَارُ الْمُسْلِمُ لاَ رَحِمَ لَهُ وَلَهُ حَقُّ الْإِسْلاَمِ وَحَقُّ الْجِوَارِ، وَأَمَّا الَّذِي لَهُ ثَلاَثَةُ حُقُوقٍ فَجَارٌ مُسْلِمٌ ذُو رَحِمٍ لَهُ حَقُّ الْإسْلاَمِ وَحَقُّ الْجِوَارِ وَحَقُّ الرَّحِمِ، وَأَدْنَى حَقِّ الْجِوَارِ أَلَّا تُؤْذِيَ جَارَكَ بِقُتَارِ قِدْرِكَ إِلَّا أَنْ تَقْدَحَ لَهُ مِنْهَا

  (رواه الإمام البزار)

яъни: “Қўшнилар уч хил бўлади: биринчиси, битта ҳақи бўлган қўшни бўлиб, бу қўшниларнинг ҳақи энг оз даражада бўлган тоифасидир. Кейингиси, иккита ҳақи бўлган қўшни. Яна бири учта ҳақга эга қўшни бўлиб, бу қўшниларнинг ҳақи энг кўп бўлганидир. Битта ҳақга эга қўшни бу ўртада қариндошчилиги бўлмаган мушрик қўшнидир. Унда фақатгина қўшничилик ҳақи бор. Иккита ҳақи бўлган қўшни бу қариндош бўлмаган мусулмон қўшнидир. Унда мусулмонлик ва қўшнилик ҳақлари мавжуд. Учта ҳақга эга бўлган қўшни эса мусулмон, қариндош қўшнидир. У мусулмонлик ҳақи, қўшничилик ҳақи ва қариндошлик ҳақларига эга. Қўшничилик ҳақининг энг қўйи даражаси қозонингдаги овқатнинг ҳиди билан ҳам озор бермаслигингдир. Фақат унга ҳам овқатингдан берадиган бўлсанг ҳиди чиқса майли” (Имом Баззор ривояти).

Демак, қўшнилар асосан уч хил бўлади:

  1. Мусулмон бўлмаган қўшни.

Бундай қўшнида фақат қўшничилик ҳақи мавжуд.

  1. Қариндош бўлмаган мусулмон қўшни.

Бунинг ҳақлари икки томонлама: қўшничилик ҳақи ва мусулмонлик ҳақи.

  1. Мусулмон, қариндош қўшни.

Бундай қўшниларнинг ҳақи уч томонлама собит бўлади.

Қўшничилик ҳақи, мусулмонлик ҳақи ва қариндошлик ҳақи.

Исломда қўшничилик мажбуриятлари жуда ҳам кўп, аммо уларнинг барчаси қуйидаги тўртта асосга бориб тақалади:

  1. Қўшнига озор бермаслик ва азият етказишдан тийилиш.

Қўшнига озор етказиш шариатимизда қаттиқ қораланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "وَاللَّهِ لاَ يُؤْمِنُ، وَاللَّهِ لاَ يُؤْمِنُ، وَاللَّهِ لاَ يُؤْمِنُ،"قِيلَ: مَنْ يَارَسُولَ اللَّهِ؟ قَالَ:"الَّذِي: لاَ يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ،" مُتَّفَقٌ عَلَيهِ وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ لاَ يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ "

яъни: “Аллоҳга қасамки, мўъмини комил бўлмайди, Аллоҳга қасамки, мўъмини комил бўлмайди, Аллоҳга қасамки, мўъмини комил бўлмайди” (деб уч марта айтдилар). Шунда эй Аллоҳнинг Расули, ким мўъмини комил бўлмайди? дейилди. Расулуллоҳ (сўзларини давом эттириб) “Қўшниси унинг озор ва ёмонликларидан  омонда бўлмайдиган кимса”, дедилар, (Муттафақун алайҳ). Имом Муслим ривоятида эса “, Қўшниси унинг озор ва ёмонликларидан  омонда бўлмайдиган кимса жаннатга кирмайди” дейилгандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда қуйидагича айтадилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يَقُولُ : " قِيلَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، إِنَّ فُلاَنَةً تَقُومُ اللَّيْلَ وَتَصُومُ النَّهَارَ ، وَتَفْعَلُ ، وَتَصَّدَّقُ ، وَتُؤْذِي جِيرَانَهَا بِلِسَانِهَا ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : لاَ خَيْرَ فِيهَا ، هِيَ مِنْ أَهْلِ النَّارِ ، قَالُوا : وَفُلانَةٌ تُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ ، وَتَصَّدَّقُ بِأَثْوَارٍ ، وَلاَ تُؤْذِي أَحَدًا ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : هِيَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ

(رواه الإمام البخاري).

"яъни: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади, кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир”, дедилар. Бояги кишилар: “Фалончи аёл бўлса, фарз намозларини ўқийди, кийимларидан садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шу аёл жаннат аҳлидандир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

 Мазкур ҳадиси шарифларда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни ҳурматларини сақлашлик нақадар зарур иш эканлиги таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиб, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди. Аксинча, қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган одам катта бахт-саодатга эришади ва аҳли жаннатдан бўлади.

  1. Қўшнини ҳимоя қилиш.

Қўшнини ҳимоя қилиш ҳақида мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ даврларидаги бир воқеани эслашни ўзи кифоядир.

Имом Абу Ҳанифанинг ичкиликка муккасидан кетган бир қўшниси бўлиб, у кечасини мастлик, ашула ва бақир-чақир билан ўтказар, унинг дастидан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ кечалари хотиржам мутолаа қилолмасдилар. Лекин у киши бу ҳолатга сабр қиларди. Бир кеча негадир қўшнининг овози чиқмай қолди. Бу ҳолатдан ҳайрон бўлган имом тонг отгач, унинг уйига чиқса, йигит уйда йўқ эди. Одамлардан суриштириб билсалар, маст ҳолатда ушланиб, қамалиб қолганлигини айтишди. Бу хабарни эшитган заҳоти Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тўғри шаҳар ҳокими Исо ибн Мусо олдига бориб, бояги кишини озод этишларини илтимос қилди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳурмати ва кафолати туфайли маҳбус дарҳол озод қилинди. Йигит имомни бундай олийжанобликларини кўриб, тасанно айтиб, ичкиликни ташлаб Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга шогирд бўлди.  Қўшнига кўрсатилган биргина оқилона ёрдам, ҳакимона муомала туфайли фисқу фужур ботқоғига ботган кимса яхши одамлар қаторига кирди. Имомимизни қўшни билан қилган муомалалари барчамизга ибрат ва намунадир.

3.Қўшнига эҳсон ва яхшилик қилиш.

Пайғамбармиз соллалоҳу алайҳи васаллам қўшнига яхшилик қилиш  ва уни икром қилишга ундаб шундай деганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ

(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم).

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин”,  (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا أَبَا ذَرٍّ، إِذَا طَبَخْتَ مَرَقَةً، فَأَكْثِرْ مَاءَهَا وَتَعَاهَدْ جِيْرَانَكَ

(رواه الإمام مسلم).

яъни: Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Эй Абу Зар, агар шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ сол ва қўшниларингдан хабар ол” (Имом Муслим ривояти).

  1. Қўшнидан етадиган азият ва озорларга сабр қилиш.

Қўшнига азият ва озор етказмаслик олижаноб кишиларнинг фазлилатидир.

Салафи солиҳларимиз буни яхши англаганлар ва унга амал қилганлар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

لَيْسَ حُسْنُ الْجِوَارِ كَفَّ الْأَذَى، وَلَكِنَّ حُسْنَ الْجِوَارِ اَلْصَبْرُ عَلَى الْأَذَى

яъни: “Чиройли қўшничилик азият бермасликни ўзида эмас, балки (унинг) азиятига сабр қилишдадир”. 

Қўшничилик одоблари

  • қўшни билан учрашганда салом бермоқ;
  • муомаласини чиройлик қилиш ва ортиқча саволларни бермаслик;
  • касал бўлганда ҳолидан хабар олиш;
  • мусибат етганда ёрдам қилиш ва сабрга ундаш;
  • хурсандчилик кунларида хурсанд бўлиб, ёнида туриш;
  • хатоларини кечириш;
  • уйига рухсатсиз назар ташламаслик;
  • уйининг олдига ахлат ва супуринди ташламаслик;
  • ўтиш йўлларини торайтирмаслик;
  • қулоққа чалинган оилавий сирларини тарқатмаслик;
  • йўқлигида уйини қўриқлаш;
  • унга қарши сўз айтилса ҳимоя қилиш;
  • боласига ширин сўзлар айтиш;
  • ҳар қандай масалаларда билмаганларини ўргатиш.

Аллоҳ таоло барчамизга  қўшниларимиз билан аҳл-иноқ ва гўзал муомалада бўлишни насиб айлаб, уларнинг ҳақларини шариатга мувофиқ ҳолда адо этиш бахтига муваффақ қилсин. Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Асло таслим бўлманг!        

31.01.2025   174   2 min.
Асло таслим бўлманг!        

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Гоҳида бошингиздан оғир дамлар кечади. Шу пайтларда сиз “бўлди, кучим етмайди, чарчадим” деб ўйлайсиз. Курашиш, сабр қилиш ва доимий маҳкам туришга тоқатингиз етмайдигандай кўринади. Бундай пайтда асло таслим бўлманг! Чунки ҳар жоннинг иқболию инқирози бўлади. Бу инқироз ўз ортидан иқболни эргаштириб келса, ажаб эмас...

Баъзи пайтларда шуурингизда қулаш ҳиссини туясиз, ишончсизлик ҳамда камчиликни ҳис этасиз. “Мен ҳеч ишга ярамай қолдим”, деб ўйлаб қоласиз. Бунда ҳам сира таслим бўлманг! Доимо ёдингизда бўлсинки, ихлос ила тинимсиз ҳаракатда бўлар экансиз, йиқилиш уят ҳисобланмайди. Киши мағлубиятини тан олмагунича ва қайта уриниб кўришдан воз кечмагунича муваффақиятсизликка учраган, деб ҳисобланмайди. Буни ҳам ёдингизда сақланг! Қайта-қайта уриниб кўраверинг, ҳужумни, зарбани яна ва яна амалга оширинг. Аллоҳ насиб этса, тез орада кўзлаган мақсадингизга эришасиз.

Гоҳида сизни манманлик ва “қойил, ўзимдан жуда ажабланяпман” деган ҳислар ҳам чулғаб олади. Бунинг ортидан сиз ўзингизни “ягона” эканлигингизни ўйлаб қоласиз. “Насиҳатгўй, маслаҳат берувчининг менга нима кераги бор” деган хулосага келасиз. Мабодо, ўзингизда шундай туйғуларни сеза бошласангиз, унга таслим бўлманг!

Мағрурликдан эҳтиёт бўлинг, у сизнинг қотилингиздир. Иблис сиздан аввалгиларни ҳам йўлдан оздирган ва унинг ўзи-да, Аллоҳнинг даргоҳидан қувиб-солинган. Ўзингиздаги камчилигу нуқсонларни,  заифлигингизни  эсдан чиқарманг. Тавфиқ фақатгина ёлғиз Аллоҳ таолодандир.

Баъзи вақтларда ғам-ташвишлар сизни таъқиб қилади. “Бутун умр мана шу ғам-ташвишлар ичра яшасам керак” деган хаёл билан, олдиндаги кунларингизнинг барчасини нурсиз қаро тундек бўлишига  гумонда бўласиз. Буларнинг ортида ҳеч бир хайр йўқ деб ҳам ўйламанг ва бу каби ўйларга ҳеч ҳам таслим бўлманг! Албатта ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир.

Доим тўғриликка интиласиз, бировнинг ҳаққида хатога йўл қўймасликнинг пайида бўласиз. Чоҳга тушишдан қўрқасиз. Феълингиздаги бу каби ҳолатлар сизни камолот зинапоялари сари етаклайди.

Лекин гоҳида бирор гуноҳ ишга ҳам қўл урасиз. Шунда шайтон: “Ҳайр-барака сендан узоқда, сен бахтсизликка маҳкумсан”, дея ичингизга ғулғула солади. Сиз бу шайтоний васвасаларга таслим бўлманг! Одам боласи хатокор эканини ҳамда хатокорларнинг энг яхшилари тавба қилувчилар эканини эсланг. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 201-оятида: “Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар”, дея марҳамат қилади.


Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

Мақолалар