Нишонга урилган гаплар: “Инсон гапиришни ўрганиши учун икки йилга муҳтож бўлади. Жим туришни ўрганиши учун эса, эллик йилга муҳтож бўлади”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Қуръон ҳақида
Қуръонни тадаббур билан ўқишда кўп фойдалар бор. Қуръондаги ҳар бир оят, ҳар бир жумла, ҳар бир калима, ҳар бир ҳарф, ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир нуқтада улкан ҳикматлар бордир. Қуръонни тадаббур билан ўқиган киши қалбида ўта ёқимли лаззатни, ҳаловатни, маърифатни ҳис этади.
Тадаббур деганда Қуръонни ихлос билан, шошмасдан, ҳар бир калима ва жумланинг маъносига эътибор бериб, ҳикматини тушуниб, оятдан ибрат, панду насиҳат олиб, буйруқларига итоат қилиб, қайтарганларидан қайтиб тиловат қилишни тушунсак тўғри бўлади, деб ўйлайман. Валлоҳу аълам.
*****
ИСЛОМ ДИНИНИНГ УСТУНЛАРИ
Аллоҳ таоло Рўзани Мадинада, ҳижрий 2-йилда фарз қилди. Закотни ҳам Мадинада, ҳижрий 2-йилда фарз қилди. Ҳажни ҳам Мадинада фарз қилди. Яъни, Аллоҳ таоло Ислом динимизнинг устунлари бўлган бу фарз ибодатларни Мадинада (Ерда) фарз қилди. Аммо Намозни Меърожда фарз қилди. Бу эса, Намознинг шаъни, қадри, аҳамияти нақадар юксак эканини кўрсатади.
*****
Қуръон ўқиб, тиловатга берилиб кетиб, овқат қилишга кечроқ уриндим, бироздан сўнг пишади десанг, кечқурунга овқат емай, нон ва сув билан кифояланишга мингдан минг розиман.
*****
Золим кўзини очсин!
Агар мазлум золимга қонуний ёки жисмоний жавоб қайтармай, индамай қўя қолса, золим янада кўпроқ эҳтиёт бўлсинки, Аллоҳ таоло ўша золим кимсадан мазлум бандасининг ўчини, ҳаққини олиб беради.
*****
Инсон гапиришни ўрганиши учун икки йилга муҳтож бўлади. Жим туришни ўрганиши учун эса, эллик йилга муҳтож бўлади.
Эрнест Ҳемингуэй,
америкалик ёзувчи, журналист, Нобель мукофотининг лауреати
*****
Агар бир инсонни алдаган бўлсанг, бу унинг аҳмоқлигини англатмайди. Балки ўша одам сенга лойиқ бўлганингдан-да кўпроқ ишонганини англатади.
Чарлз Буковский,
америкалик шоир, журналист.
*****
Агар ёқтирмаслик, нафрат деган нарсаларнинг электрга айланиши мумкин бўлганда, (ўша электр) бутун дунёнинг ёруғ бўлишига кифоя қилган бўларди.
Никола Тесла,
кашфиётчи, инженер, физик
*****
Муҳаббат умрда бир марта келади. Ёқтириш эса, бир неча марта. Сен буларнинг орасини аралаштирма, тағин надомат қилиб юрмагин.
Марк Твен,
америкалик ёзувчи, журналист
*****
Аъзоларнинг тоати
Сабр - қалбнинг тоати.
Тафаккур - ақлнинг тоати.
Намоз - жасад ва руҳнинг тоати.
Зикр - тилнинг тоати.
Кўзни пастга қаратиш - кўзнинг тоати.
Закот - молнинг тоати.
*****
Бир йигит донишманднинг олдига бориб, унга: “Нафсимда иккита бўри урушяпти. Улардан бири яхшиликка чорлайди, бошқаси ёмонликка” деди. Шунда донишманд “Қайси бирига таом берсанг, ўша ғолиб бўлади” деди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳакимлардан бири айтади: “Одам дард олдида йиқилиши айб эмас, балки лаззатлар жарлигига қулаб кетиши ҳақиқий айбдир”.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Гуноҳдан лаззатлансанг, у лаззат арийди, унинг гуноҳи эса қолади. Агар яхшилик йўлида хорисанг, чарчоқлар тарқаб кетади, яхшилик (фойдага) қолади”, дедилар.
Мен Шайх Алий Тантовийдан ҳаётларида ўқиган энг гўзал ҳикмат қайси эканини сўраганимда, у зот: “Етмиш йилдан ошибдики, ўқиш билан бандман ва Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг “Сайдул-хотир” китобида ривоят қилган “Шак йўқки, тоатнинг машаққати кетади ва унинг савоби қолади, маъсиятларнинг лаззати кетади ва унинг гуноҳи қолади” деган ҳикматидан гўзалроғини ўқиганим йўқ”, деган эдилар.
Ушбу маъноларни Кусаййир Изза ҳам айтиб, бундай деганлар:
Ҳаромдан тотсанг гар лаззат қаймоғин,
Мазаси кетиб қолар, гуноҳи-ори...
Доимо ёдингизда тутингки, ҳаётда инсонни чалғитадиган зийнатлар қаршисида нафс устидан ғолиб бўлишдан-да лаззатлироқ нарса йўқ.
Ҳар кишининг ўз лаззат унсурлари бор:
Обидларнинг лаззати муножотда.
Уламоларнинг лаззати тафаккурда.
Сахийларнинг лаззати эҳсонда.
Муслиҳлар (ислоҳотчилар)нинг лаззати ҳидоятда.
Бадбахтларнинг лаззати биров билан ғижиллашишда.
Пасткашнинг лаззати дилозорликда.
Залолатдагиларнинг лаззати иғво ва бузғунчиликда.
Ҳеч нафсингиздан: “Менинг лаззатим нимада?” деб сўраб кўрганмисиз. Ҳаётнинг қадр-қимматини белгилайдиган лаззат пулдор бўлиш, обрў орттириш, катта-катта мансабларда эмас. Аслида у ўзингиздан кейин қолдирадиган яхши номдадир... У – риёсиз қилаётган яхши ишингизда. У – фойдали илмда. У – фарзандларингизга ўргатган илмингизда. Улар Қуръон тиловати ила сизга савоб йўллашади. Сиз ундан дунё ва охиратда фойда оласиз. Ҳаётнинг мазмуни бўлган лаззат – бу бирор-бир яхши одатдир. Сиздан кейин атрофингиздагилар уни одат қилиб, ҳаётларига татбиқ этадилар. Бу лаззат ҳаётнинг қайси жабҳасида бўлмасин, Аллоҳнинг розилигига эриштиради...
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.