Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Январ, 2025   |   5 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:27
Шом
17:11
Хуфтон
18:30
Bismillah
05 Январ, 2025, 5 Ражаб, 1446

БААда жодугарликка жазо муқаррарлиги эслатилди

28.05.2021   1318   1 min.
БААда жодугарликка жазо муқаррарлиги эслатилди

Бирлашган Араб Амирликлари прокуратураси маҳаллий аҳолига жодугарлик амалиёти учун жиноий жазо берилишини эслатди. Жумладан, унда БААнинг Жиноят кодексига зид бўлган қора сеҳрни тарғиб қилиш ёки бундай фаолиятни амалга оширишда ҳар қандай ёрдамнинг йўл қўйилмаслиги ҳақида боради.

Қонунга кўра, шариат қонунларига зид бўлган, ўзгаларнинг танаси, қалби, ақли ёки иродасига бевосита ёки билвосита, хоҳ реал, хоҳ хаёлий тарзда таъсир этиш мақсадида қилинган ҳар қандай сўз ёки ҳаракатлар жодугарлик деб эътироф этилади.

Islam.ru хабарига кўра, уларнинг имонига, ақлига таъсир қилиш ёки фойда олиш мақсадида уларни ҳақиқатда мавжуд бўлмаган нарсаларни кўришга ундаш мақсади билан оптик иллюзия ва одамларнинг онги ва қалбини назорат қилишга уринишни ўз ичига олувчи ҳар қандай ҳаракат қора сеҳр, деб тушунилади. Бундан ташқари, одамлардан фойда олиш учун олдиндан кўриш ва башорат қилиш, сирларни билиш қобилиятига эгаликни даъво қилиш ҳам жазоланади.

Қонунда айтилишича, сеҳргарлик ёки қора сеҳргарлик билан шуғулланувчи ҳар бир киши қамоқ жазоси ва камида 50 минг дирҳам (13.6 минг АҚШ доллари) жаримага тортилади. Қамоқ жазосини ўташ натижасида хорижликлар ҳам ватанига депортация қилинади. Барча ҳолларда суд жодугарлик амалиёти билан шуғулланиш учун буюмларни мусодара қилиш тўғрисида ҳукм чиқаради.

Қонунда бундай ҳаракатларда иштирок этганлар ва уларни амалга оширишда ёрдам кўрсатганларнинг барчаси учун ҳам жавобгарлик белгиланган, деб хабар бермоқда Gulf News нашри.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ражаб ойининг рўзасини тутишни унутманг!

4.01.2025   13730   2 min.
Ражаб ойининг рўзасини тутишни унутманг!

ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

ҲАДИС ШАРҲИ

Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.

 

ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).

 

БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?

Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.

 

РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ

Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.

 

БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ

06 январь – душанба

Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12

 

ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?

Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.

 

Даврон НУРМУҲАММАД