Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинким, диний адабиётларимиз кўпайиб, халқимизнинг диний билимларга бўлган эҳтиёжи қондирилмоқда.
Жорий йилнинг 29 октябрь куни «Жўйбори Калон» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида «Ҳилол-нашр» томонидан тақдим қилинган китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Одатдагидек, тақдимот маросими Қуръони Карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Билим юрти маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари Роҳат Муҳаммадшоева “Ҳилол-нашр” фаолияти ва ундаги нашр қилинган аксар китобларнинг ёзилиш тарихи, уларнинг ёзилишига туртки бўлган омиллар ҳақида гапириб бериш учун сўзни билим юрти мудири Азизхўжа Иноятовга берди.
Билим юрти мудири Азизхўжа Иноятов фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг бугунга қадар нашр этилаётган китоблари ҳақида тўхталиб, китобларнинг ўзига хос хусусиятлари, таркиби ҳақида батафсил маълумот берди, ҳар бир ўзбек хонадонида шу каби китоблар бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Билим юрти АРМ раҳбари Гўзал Нажмиддинова томонидан талабаларга китобларни ўқиш учун тартибли усуллари ва йўналишларини эслатиб ўтди.
Тақдимот давомида ушбу нашрлар устида кўп кишилик ижодий жамоа ишлагани, жумладан мусаввирлар, дизайнерлар, техник мутахассислар, саҳифаловчилар китобга ўзгача меҳр бергани ҳолда нашрга тайёрлашгани, босмахона жамоаси ушбу китобларнинг юқори сифатда босилишида алоҳида жонбозлик кўрсатишгани алоҳида эътироф қилинди.
Билим юрти талабалари Ҳазратнинг «Тафсири Ҳилол», «Хислатли ҳикматлар», «Ислом тарихи», «Зикр аҳлидан сўранг» каби бир қатор китобларига кўз югуртирар экан, кутубхоналари қандай улкан хазина билан бойиганидан мамнун бўлдилар.
Устоз Азизхўжа Иноятов бугунги тадбирда тақдим этилаётган китобларнинг муаллифларини, нашриёт ходимлари ва уларнинг чоп этилишида ўз ҳиссасини қўшган барча ходимларни ва аввало, ҳазратимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳамда у кишининг хайрли ишларини давом эттираётган ўғиллари Исмоил Муҳаммад Содиқ ҳақларида дуои хайрлар ва самимий ташаккурини изҳор қилди.
Роҳат Муҳаммадшоева
Билим юрти мударрисаси
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД