Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Январ, 2025   |   5 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:27
Шом
17:11
Хуфтон
18:30
Bismillah
05 Январ, 2025, 5 Ражаб, 1446

Ийдул Фитр – Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

23.05.2020   2933   8 min.
Ийдул Фитр – Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Азиз юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан Сизларни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбдан муборакбод этамиз.

Ҳақ таборака ва таолодан қутлуғ ойда тутган рўзаларимиз қабул, ибодатларимиз мақбул ва дуоларимиз мустажоб бўлишини сўраймиз.

Мана шундай файзли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. Фазилатли кунларда Қодир Аллоҳдан халқимизга тинчлик-осойишталик, қут-барака ва турли бало-офатлардан Ўзи ҳимоя қилишини тилаб дуолар қиламиз.

Рамазон ҳайитини дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган Эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган ажойиб фурсатдир.

Алҳамдулиллаҳ, Рамазони шариф рўзасини тутиш барчамизга насиб этди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришдилар, файзли оқшомларда ифторлик қилиб, уйларида таровеҳ намозларини адо этдилар.

Шу йилнинг 20 апрель куни қабул қилинган муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида меҳр-саховат тадбирлари оширилиши, Қуръони карим хатмлари онлайн узатилиши элимизни чексиз хурсанд қилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан “САХОВАТ ВА КЎМАК” умумхалқ ҳаракатининг эълон қилиниши ушбу муборак ойнинг мақсад-моҳиятига айни мувофиқ келадиган улкан савобли иш бўлди.

Меҳр-мурувват ойи бўлмиш Рамазонда мўмин-мусулмонлар ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди. Қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, беморлар, муҳтожларнинг кўнгли олинди. Молиявий ибодат ҳисобланган закотлар адо этилди, фитр садақаси ва фидялар берилди.

Эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар бир имом-хатиб томонидан олийҳиммат инсонлар билан биргаликда кўмакка муҳтож оилаларга моддий-маънавий ёрдам қилинди.

Барча юртдошларимиз муборак Рамазон ойида бошланган саховат ва кўмак тадбирларини бундан кейин ҳам фаол давом эттиришлари, ўзларининг кундалик вазифалари қилиб олишлари дини мубинимиз ғояларига мувофиқ иш бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бас, яхшиликларга шошилинг”, деб марҳамат қилади.

Маълумки, бугунги синовли кунларда халқимиз бир тан-у, бир жон бўлиб, дунё халқлари бошига келган ушбу касалликка сабр-матонат, ҳамжиҳатлик билан қарши курашмоқда. Мана шундай вазиятда Бухоро ва Сирдарёда рўй берган офатлар халқимизнинг иродасини синади.

Муҳтарам Юртбошимиз офатдан зарар кўрган аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, бундай синовларни кўп бор енгиб ўтгани ва энг муҳими, кайфиятни туширмай, биргаликда курашиш кераклигини таъкидладилар. Азият чеккан юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламдаги инсонпарварлик ишларини ташкил этдилар.

Муборак ойда мана шундай эзгу ишлар аҳил ва иноқлигимизни янада мустаҳкамлади, синовли кунларни Яратган Парвардигорнинг мадади ила осон енгиб ўтишда асосий омил бўлмоқда.

Кўнгилларга хурсандчилик олиб кирадиган ишлардан яна бири – диёримизнинг ҳар бир ҳудудида хушовоз қориларининг хатми Қуръонлар ўқишлари бўлди. Юртимиз аҳли ижтимоий тармоқлар орқали Илоҳий каломни тўғридан-тўғри тингладилар. Бундай ташаббусдан миннатдор эканларини изҳор этдилар. Шубҳасиз, юртимиз узра Илоҳий калом янграши баробарида Яратган Парвардигорнинг раҳмати ҳам ёғилиб турди.

Яқинда муҳтарам Президентимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари эълон қилинди. Ушбу қарорда белгиланган муҳим вазифалар Рамазон ҳайитининг юртимизда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлади.

Ушбу қарорда белгиланган муҳим тадбирлар байрам кайфиятини янада ошириш, ушбу айёмни янада мазмунли ўтказиш учун улкан шароит ҳозирлайди, инша Аллоҳ.

Яна бир муҳим масала: Табаррук айём арафасида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ юртдошларимизни афв этиш тўғрисида Давлатимиз раҳбарининг фармонлари қабул қилингани халқимизга хос кечиримлилик ва меҳр-шафқат фазилатларининг олий намунаси бўлди. Бу галги афв бирмунча каттароқ миқёсда бўлиши қалбларни янада қувончга тўлғазди.

Ҳеч шубҳасиз, ушбу улуғ айём арафасида билиб-билмай нотўғри йўлга кирган инсонларни кечириш уларни оиласига ҳам хурсандчилик, бахт ва умид киришига сабабчи бўлди. Оиласи бағрига қайтган юртдошларимиз бундан буён оилавий тўкинлик, тинчлик-хотиржамликнинг қадрига етиб, Ватанимиз равнақи йўлида ҳалол меҳнат қилишларига ишонамиз.

Бундай улуғ ишларга бош бўлган давлатимиз раҳбари ва барча масъулларга халқимиз номидан чексиз миннатдорлик изҳор этамиз.

Бизлар мана шундай неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароитларни Аллоҳ таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.

Азизлар, эртага катта байрам – Рамазон ҳайити Ислом динимизнинг учинчи рукни бўлмиш рўза ибодатининг адо этилиши муносабати билан нишонланадиган қувончли воқеадир.

Улуғ алломаларимиз: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Исломнинг шиори бўлган икки байрам – Рамазон ва Қурбон ҳайитларида хурсандчилигимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим.

Мўътабар китобларимизда келтирилишича, мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини адо этиб, Рамазон ҳайитига етишганларида, Аллоҳ таоло: “Эй фаришталарим, ҳар бир ишчи ўз ҳақини талаб қилади, мен уларни мағфират қилдим”, дейди. Шунда бир нидо қилувчи: “Эй Муҳаммад уммати, манзилларингизга қайтинглар, батаҳқиқ, гуноҳларингиз савобларга, яхшиликларга алмаштирилди”, деб нидо қилади. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй бандаларим, Менинг учун рўза тутдингиз, Менинг учун оғиз очдинглар, бас, мағфират қилинган ҳолда ўринларингиздан туринглар”, дейди. Мўмин-мусулмонлар мана шундай бахтга муяссар бўладилар, инша Аллоҳ.

Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киради”, деб марҳамат қилинган. Мана шу бахт барчамизга насиб этсин.

Азизлар, бу йил Рамазон ҳайитини карантин мезонларидан келиб чиқиб, уйларимизда, оиламиз бағрида ўтказамиз. Бу ҳам аслида биз учун бир имконият. Негаки, аввало, ота-оналаримизнинг даврасида бўлиб, уларнинг панду насиҳатларига қулоқ соламиз, фарзанду аржумандларимизга эса байрам шукуҳини тушунтирамиз.

Ҳайит кунлари оила бағрида ҳам байрам кайфиятини нишонлаш мумкин. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш лозим. Иложи бўлса, аҳли оилаларга совға ва ҳадялар улашилса, янада савобли. Бунда ҳадяларни қўни-қўшни, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож инсонларга ҳам берилса, нур устига нур бўлади.

Бугун барчамиз жоме масжидларни тўлдириб, жамоат бўлиб намоз ўқишни жуда соғиндик, илҳақлик билан кутмоқдамиз. Яна бир оз сабр қилсак, ушбу касаллик хавфи камайса, яна жоме масжидлар эшиклари мўмин-мусулмонларимизга очилади, биргаликда файзли ибодатларимизни давом қиламиз, инша Аллоҳ.

Қайд этилганидек, Рамазон ҳайити – Ийдул Фитр байрами буюк байрам, ҳақиқий тантана, қувончли воқеадир. Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Аллоҳ таолонинг ибодатини адо этиш чинакам шодиёна, улуғ саодатдир.

Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул этсин, она-Ватанимизни жаннатмакон қилсин, халқимиз ҳаётини янада фаровон айласин.

Муҳтарам Юртбошимизни, бутун элимизни, дунёдаги мўмин-мусулмонларни Ийдул Фитр – Рамазон ҳайити байрами билан яна бир бор табриклаймиз, тинчлик-барқарорлик, қут-барака, бахт-саодат тилаймиз!

Аллоҳ таолонинг Ўзи юзларимизни ёруғ қилсин, йўлимизни ҳамиша очиб берсин. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақласин.

Азиз юртдошлар, Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари 
идораси раиси, муфтий
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ражаб ойининг рўзасини тутишни унутманг!

4.01.2025   11379   2 min.
Ражаб ойининг рўзасини тутишни унутманг!

ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

ҲАДИС ШАРҲИ

Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.

 

ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).

 

БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?

Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.

 

РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ

Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.

 

БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ

06 январь – душанба

Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12

 

ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?

Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.

 

Даврон НУРМУҲАММАД