Самарқанд шаҳар Боғибаланд маҳалласи ҳудудида жойлашган Хўжа Исҳоқи Вали масжиди ёнида Хўжа Исҳоқи Вали зиёратгоҳи барпо этилади. Бу ҳақда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи Дилшод Нарзиқулов маълум қилди.
Унга кўра, вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида 2020 йил давомида умумий қиймати 306,6 миллиард сўмлик 74 та инвестицион лойиҳа амалга оширилди, 763 нафар янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, 17 та меҳмонхона, 29 та оилавий меҳмон уйи, 3 та хостел, “туризм қишлоғи”, “туризм кўчаси”, 9 та экотуризм маскани ташкил этилди.
Сайёҳларнинг белгиланган туризм манзилларига қулай, хавфсиз ҳамда юқори сифатли сервис кўрсатилган ҳолда етиб боришлари, эркин сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида Самарқанд шаҳри маркази, темирйўл вокзали, аэропорт ва автовокзалларда туризм бекатлари ташкил этилади. Самарқанд темирйўл вокзалида шундай бекат фаолият бошлади.
“Зарафшон” газетаси хабар беришича, ўтган йил республикамиздаги илк туризм қишлоғига айлантирилган Самарқанд туманидаги “Конигил туризм қишлоғи”да бу йил иккинчи босқичда қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Ҳозирда бу ерда 92 та туристик объект ва хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланди. Умумий узунлиги 2,2 километр, майдон 7,1 гектар бўлган ҳудуд танлаб олинди. Ушбу ҳудуд лотларга ажратилган ҳолда ҳунарманд ва тадбиркорларга тақдим этилади.
Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида ташкил этилаётган туристик марказдан Конигил туризм қишлоғи бўйлаб Регистон майдонигача бўлган ҳудудда пиёдалар йўлаги ва велойўлаклар ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ҳам маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун катта қулайлик бўлади.
Бугунги мураккаб шароитда мазкур лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ушбу жараёнда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бюджетдан ташқари туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туризм соҳасидаги “стартап” лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан, биринчи навбатда туристлар учун қулайликлар яратишга йўналтирилган ахборот дастурлари ва хизматлари 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидияланади. Шунингдек, 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш орқали қўшимча кўмак кўрсатилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД