Шу йил 10 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Шайх Талъат Тожиддин билан онлайн мулоқот ўтказдилар. Унда икки давлат диний идоралари масъул ходимлари, Россия ислом университети ректори Артур Сулейманов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ҳам қатнашди.
Онлайн мулоқот Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Унда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Шайх Талъат Тожиддиннинг 40 йиллик муфтийлик фаолияти давомида катта ишлар амалга оширгани, икки давлат диний идоралари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганини алоҳида қайд этдилар. Келгусида ҳам диний соҳа ходимлари ва талабаларининг ўзаро тажриба алмашиши ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш муҳокама қилинди.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари юртимизда диний соҳага берилаётган эътибор, соҳа вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, икки давлат раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кенг қулоч ёзаётганини қайд этдилар. Ушбу мулоқот ҳам мамлакатлар диний идоралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, турли таҳдидларга қарши биргаликда курашиш ва мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлашга хизмат қилишига алоҳида урғу қаратдилар.
Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Шайх Талъат Тожиддин жаноблари бугунги мураккаб даврда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш муҳим экани, минтақаларда сохта салафийлик, экстремизм ва терроризм каби таҳдидлар зўрайган вақтда уламоларнинг бирдамлиги зарур эканини таъкидлади. Россия Федерацияси, МДҲ ва Марказий Осиё минтақаларида фаолият юритаётган уламоларнинг аксари илм-маърифатни Ўзбекистон заминида олгани, жумладан, ўзи ҳам Мир Араб мадрасасида устозлардан таълим олганини мамнуният билан эсга олди.
Онлайн учрашув давомида Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, Россия ислом университети ректори Артур Сулейманов ҳам сўз олиб, икки давлат диний таълим муассасалари ҳақида маълумот беришди, бу борада ўзаро тажриба алмашиш яхши натижалар беришини қайд этишди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган видеомулоқот якунида икки давлат мусулмонлари идораси раҳбарлари келгусида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича ўзаро келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД