Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
Бугун замонамизнинг энг машҳур олимларидан бщлган шайх Муҳаммад Али ибн Жамил ас-Собуний ал-Ҳалабий Истанбул яқинидаги Ялоқо шаҳрида Ҳақ раҳматига сазовор бўлди.
Аллома Муҳаммад Али ибн Шайх Жамил Собуний раҳимаҳуллоҳ 1930 йил Суриянинг илм ва уламолари билан машҳур бўлмиш шаҳри Ҳалабда дунёга келди. Ўғлини етук олим бўлишида сабабчи бўлган падари бузруквори Ҳалабдаги “Умавий жоме” масжидида дарс берар эди. Ёш Муҳаммад Али Қуръон дарсларига қатнашиб, Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Қорилар шайхи Нажиб Хиёта, Шайх Муҳаммад Нажиб Сирож, муҳаддис шайх Абдуллоҳ Сирожиддин, Шайх Роғиб Таббох, Шайх Муҳаммад Идлибий, Шайх Аҳмад Шаммоъ каби кўплаб фазилатли уламолар Муҳаммад Али Собунийнинг устозларидан ҳисобланадилар.
Бошланғич ва ўрта мактабни имтиёзли тамомлаб, Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” университетида таҳсил олди. 1952 йилда университетнинг Шариат факультети дипломига эга бўлди. 1954 йил мутахассислик ўқишини тамомлаб, Азҳари шарифнинг “Шаръий суд мутахассислиги”нинг имтиёзли дипломини қўлга киритди. Бу диплом ўша вақтларда энг олий диплом ҳисобланиб, ҳозирги кундаги докторлик дипломи билан баробардир. Мисрда ўқишни тамомлагач она юрти Сурияга қайтиб, 1955-1962 йиллар давомида Ҳалабдаги ўрта мактабда “Ислом маданияти” фанидан дарс берди.
Шайх Собуний Сурия таълим вазирлиги томонидан Маккаи мукаррамага исломий фанлар, тарбия ва шариъат факультетига дарс бериш учун жўнатилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган муборак заминда йигирма саккиз йилга яқин дарс берди. Бу вақт давомида бир қанча уламолар, жумладан Масжидул ҳарам имомлари етишиб чиқди.
Собуний ҳазратлари дарс бериш билан чекланмай, шайх Саййид Алавий ва Ҳасан Машшот каби ўз даврининг забардаст олимларининг дарсларида ҳам қатнашар эди.
Абу Жаъфар Наҳҳас (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг “Маъонил Қуръон” номли асарини беш йил давомида тадқиқ қилиб, олти жузда нашр қилдирган. 1998 йилдан Маккадаги халқаро ташкилот ҳамда Ислом олами уюшмасига қарашли муассасада бир неча йил фаолият юритди. Масжидул ҳарамда имомлик ҳам қилган.
Шайх Муҳаммад Али Собуний Маккада бўлган онлари ҳар куни Каъбаи мауззаманинг яқини, “Ҳажарул асвад” билан “Рукнил яманий”нинг орасида ўтириб, Қуръони карим тиловат қиларди, савол сўраганларга жавоб берар эди.
Муҳаммад Али Собуний “Ат тибён фи улумил Қуръон”, “Сиҳоҳи ситта” (олти саҳиҳ тўплам) китобларининг шарҳи ҳисобланган “Мин кунузис суннат ан набавийятил мутоҳҳароҳ” (Пок набавий суннат хазиналари), “Ал фиқҳ аш шаръий ал муяссар”, “Софват ат тафосийр”, “Равоиул баён фи тафсирил Қуръон” ҳамда “Мухтасар тафсири Ибн Касийр” каби бир қанча асарларнинг муаллифидир. “Равоиул-баён” номли асари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида ўқитиб келинмоқда.
Алломанинг аксар асарлари инглиз, француз, рус, форс, урду ва бошқа тилларга таржима қилинган. Унинг Қуръони карим тафсири соҳасига бағишланган таснифлари чуқур илм, кенг маъно ва гўзал ифода ҳамда осон ибораси билан ажралиб туради.
Шайх Собуний ҳаётларини Қуръони Карим ва суннати набавийя хизматига сарфлади. Тафсир, ҳадис ва бошқа илм соҳаларига бағишланган асарлари билан илмий-маърифий кутубхоналарни бойитди ва ҳақли равишда “Китоб ва суннат ходими” унвонига эга бўлди.
Аллоҳ таоло улуғ олимни Ўз раҳматига олсин!
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَيْسَ مِنْ بَلَدٍ إِلَّا سَيَطَؤُهُ الدَّجَّالُ إِلَّا مَكَّةَ وَالْمَدِينَةَ وَلَيْسَ نَقْبٌ مِنْ أَنْقَابِهَا إِلَّا عَلَيْهِ الْمَلَائِكَةُ صَافِّينَ تَحْرُسُهَا فَيَنْزِلُ بِالسَّبْخَةِ فَتَرْجُفُ الْمَدِينَةُ ثَلَاثَ رَجَفَاتٍ فَيَخْرُجُ إِلَيْهِ مِنْهَا كُلُّ كَافِرٍ وَمُنَافِقٍ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Дажжол Макка билан Мадинадан бошқа ҳар бир юртни албатта оёқости қилади. Иккисининг ҳар бир йўлини фаришталар саф бўлиб қўриқлайдилар. Шунда у тузли ерга тушади. Кейин Мадина уч марта титрайди, ундан барча кофир ва мунофиқлар у (Дажжол) томонга чиқади».
Шарҳ: Дажжол Мадинаи Мунавварани қўриқлаб турган фаришталарни кўриб, тузли ерда тўхтайди. Унинг келганини эшитиб, Мадинадаги барча кофир ва мунофиқлар чиқиб, унинг олдига боришади.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَدَّثَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا حَدِيثًا طَوِيلًا عَنِ الدَّجَّالِ فَكَانَ فِيمَا حَدَّثَنَا قَالَ: يَأْتِي الدَّجَّالُ وَهُوَ مُحَرَّمٌ عَلَيْهِ أَنْ يَدْخُلَ نِقَابَ الْمَدِينَةِ فَيَنْتَهِي إِلَى بَعْضِ السِّبَاخِ الَّتِي تَلِي الْمَدِينَةَ فَيَخْرُجُ إِلَيْهِ يَوْمَئِذٍ رَجُلٌ هُوَ خَيْرُ النَّاسِ أَوْ مِنْ خَيْرِ النَّاسِ فَيَقُولُ لَهُ: أَشْهَدُ أَنَّكَ الدَّجَّالُ الَّذِي حَدَّثَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَدِيثَهُ فَيَقُولُ الدَّجَّالُ: أَرَأَيْتُمْ إِنْ قَتَلْتُ هَذَا ثُمَّ أَحْيَيْتُهُ أَتَشُكُّونَ فِي الْأَمْرِ فَيَقُولُونَ: لَا، قَالَ: فَيَقْتُلُهُ ثُمَّ يُحْيِيهِ فَيَقُولُ حِينَ يُحْيِيهِ وَاللهِ مَا كُنْتُ فِيكَ قَطُّ أَشَدَّ بَصِيرَةً مِنِّيَ الْآنَ قَالَ: فَيُرِيدُ الدَّجَّالُ أَنْ يَقْتُلَهُ فَلَا يُسَلَّطُ عَلَيْهِ. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Дажжол ҳақида узоқ гапирдилар. У зот бизга гапирган нарсалар ичида қуйидагилар бор эди: «Дажжол келади. Мадинанинг йўлларидан кириш унга ҳаром қилинган. У Мадинанинг яқинидаги тузли ерлардан бирига етиб, тўхтайди. Ўша куни унинг олдига одамларнинг яхшиси (ёки одамларнинг яхшиларидан бири) чиқиб, «Гувоҳлик бераманки, сен –
Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга айтиб берган Дажжолсан!» дейди. Шунда Дажжол: «Айтинглар-чи, агар мана буни ўлдириб, кейин тирилтирсам ҳам шак қиласизларми?» дейди. «Йўқ!» дейишади. Шунда у ҳалиги одамни ўлдириб, кейин тирилтиради. У бўлса тирилганидан кейин «Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон сени ҳозиргидек яхши танимаганман», дейди. Дажжол уни яна ўлдирмоқчи бўлади, лекин бунга қодир бўла олмайди».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Шундоқ қилиб, Дажжол ўзига эргашганлар олдида шарманда бўлади.
وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَخْرُجُ الدَّجَّالُ، فَيَتَوَجَّهُ قِبَلَهُ رَجُلٌ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ، فَتَلْقَاهُ مَسَالِحُ الدَّجَّالِ، فَيَقُولُونَ لَهُ: أَيْنَ تَعْمِدُ؟ فَيَقُولُ: أَعْمِدُ إِلَى هَذَا الَّذِي خَرَجَ، فَيَقُولُونَ لَهُ: أَوَ تُؤْمِنُ بِرَبِّنَا؟ فَيَقُولُ مَا بِرَبِّنَا خَفَاءٌ فَيَقُولُونَ: اقْتُلُوهُ، فَيَقُولُ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ: أَلَيْسَ قَدْ نَهَاكُمْ رَبُّكُمْ أَنْ تَقْتُلُوا أَحَدًا دُونَهُ؟ قَالَ: فَيَنْطَلِقُونَ إِلَى الدَّجَّالِ، فَإِذَا رَآهُ الْمُؤْمِنُ، قَالَ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ هَذَا الدَّجَّالُ الَّذِي ذَكَرَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: فَيَأْمُرُ الدَّجَّالُ بِهِ فَيُشَبَّحُ، فَيَقُولُ: خُذُوهُ وَشُجُّوهُ فَيُوسَعُ ظَهْرُهُ وَبَطْنُهُ ضَرْبًا، فَيَقُولُ: أَوَ مَا تُؤْمِنُ بِي؟ قَالَ: فَيَقُولُ: أَنْتَ الْمَسِيحُ الْكَذَّابُ، قَالَ: فَيُؤْمَرُ بِهِ فَيُؤْشَرُ بِالْمِئْشَارِ مِنْ مَفْرِقِهِ، حَتَّى يُفَرَّقَ بَيْنَ رِجْلَيْهِ، ثُمَّ يَمْشِي الدَّجَّالُ بَيْنَ الْقِطْعَتَيْنِ، ثُمَّ يَقُولُ لَهُ: قُمْ، فَيَسْتَوِي قَائِمًا، ثُمَّ يَقُولُ لَهُ: أَتُؤْمِنُ بِي؟ فَيَقُولُ لَهُ: مَا ازْدَدْتُ فِيكَ إِلَّا بَصِيرَةً، ثُمَّ يَقُولُ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّهُ لَا يَفْعَلُ بَعْدِي بِأَحَدٍ مِنْ النَّاسِ، قَالَ: فَيَأْخُذُهُ الدَّجَّالُ لِيَذْبَحَهُ، فَيُجْعَلَ مَا بَيْنَ رَقَبَتِهِ إِلَى تَرْقُوَتِهِ نُحَاسًا، فَلَا يَسْتَطِيعُ إِلَيْهِ سَبِيلًا، قَالَ: فَيَأْخُذُ بِيَدَيْهِ وَرِجْلَيْهِ، فَيَقْذِفُ بِهِ فَيَحْسِبُ النَّاسُ أَنَّمَا قَذَفَهُ إِلَى النَّارِ، وَإِنَّمَا أُلْقِيَ فِي الْجَنَّةِ»، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: «هَذَا أَعْظَمُ النَّاسِ شَهَادَةً عِنْدَ رَبِّ الْعَالَمِينَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Дажжол чиқади. Мўминлардан бир киши у томон боради. Уни Дажжолнинг силоҳли одамлари учратиб, «Қаёққа бормоқчисан?» дейишади. «Анави чиққан одамнинг олдига бормоқчиман», дейди. «Роббимизга иймон келтирасанми?» дейишади. «Роббимиз(нинг сифатлари) махфий эмас», дейди. «Уни ўлдиринглар!» дейишади. Сўнгра улар бир-бирига «Роббимиз менинг изнимсиз ҳеч кимни ўлдирманглар демаганмиди?» дейишади. Сўнг Дажжолнинг олдига боришади. Мўмин уни кўриши билан, «Эй одамлар! Манави Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган Дажжол!» дейди. Шунда Дажжол уни юз тубан ётқиздириб, «Уни ушлаб, уринглар!» дейди. Унинг елкасига, қорнига калтак ёғилади. Кейин у: «Менга иймон келтирмайсанми?» дейди. Мўмин «Сен каззоб Масийҳсан!» дейди. Амр қилиниб, унинг бошидан арра солиб, икки оёғи орасидан ажратиб ташлашади. Сўнгра Дажжол икки бўлакнинг орасида юриб, унга «Тур!» дейди. У туради. Кейин Дажжол унга «Энди менга иймон келтирасанми?» дейди. «Сен ҳақингдаги билимим зиёда бўлди, холос! Эй одамлар! Бу мендан кейин бирор кишига бундай қила олмайди!» дейди. Сўнг Дажжол яна уни сўймоқчи бўлади, аммо унинг бўйни билан кекирдаги мисга айлантириб қўйилиб, уни сўя олмайди. Кейин унинг қўл-оёғидан тутиб, улоқтиради. Одамлар уни дўзахга улоқтирди, деб ўйлашади, аслида эса жаннатга улоқтирган бўлади».
Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Бу – оламларнинг Робби наздида одамларнинг энг улуғ шаҳидидир», дедилар».
Муслим ривоят қилганлар.
«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан