Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов «Amanie Group» ислом молиялаштириши бўйича консалтинг компанияси асосчиси ва Малайзия халқаро ислом университети Президенти (International Islamic University Malaysia – IIUM) Моҳд Дауд Бакар билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.
Йиғилиш доирасида «Amanie Group» компаниясини Ўзбекистонда ислом молиялаштирилиши тамойилларини амалга оширишга жалб қилиш, жумладан, зарур ҳуқуқий асосни яратиш, шунингдек, IIUM билан биргаликда ушбу соҳада ўзбек мутахассисларини тайёрлашни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Моҳд Дауд Бакар, шунингдек, Малайзия Марказий банки (Bank Negara Malaysia), Малайзия қимматли қоғозлар комиссияси (the Securities Commission of Malaysia), Лабуан молиявий хизматлар бошқармаси ((Labuan Financial Services Authority) ва First Abu Dhabi Bank банки Шариат кенгашлари раиси ҳисобланади.
2000 йилда ташкил этилган «Amanie Group» компанияси тегишли норматив-ҳуқуқий базани ривожлантириш, шу жумладан, ислом молиялаштириши воситаларини амалга ошириш бўйича тажрибага эга. Бу йўналишда Қозоғистон ва Афғонистонда ишлар амалга оширилди. «Amanie Group» Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия ва Қозоғистонда ўз ваколатхоналарига эга.
IIUM ислом банкинги соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича етакчи университет ҳисобланади. У 1983 йилда Малайзия ҳукумати томонидан ташкил этилган ва Селангор штатида жойлашган. Университетда таҳсил олаётган талабаларнинг умумий сони 117 мамлакатдан 26 минг талабани ташкил этади. Университет Малайзия бўйлаб 6 та филиалларига эга. Университетда 13 факультетлардаги бакалаврлик, магистратура ва докторантура дастурларини ўз ичига олувчи ўқитишнинг тўлиқ цикли амалга оширилади.
IIUM курслари инглиз ва араб тилларида ўқитилади. IIUM ислом ҳуқуқи соҳасида кенг кутубхонага эга. Умумий коллекция 550 минг монография, 1,6 минг босма нашр, 60 минг аудиовизуал материаллардан иборат.
Музокаралар натижасида мамлакатимизда ислом банкинги воситаларини жорий этиш соҳасида Ўзбекистон Марказий банки ва «Amanie Group» компанияси ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, жамиятни янгилаш йўлида туб ўзгаришлар рўй бераётганини таъкидлади. Мазкур эзгу амаллар диний ва миллий қадриятларимизни янада юксалтириш борасида ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Тарихий обидалар, муборак қадамжолар ва зиёратгоҳларнинг ободонлаштирилгани, масжид ва мадрасалар фаолиятининг йўлга қуйилгани, ўзбек халқи ҳамда Ўзбекистонда яшовчи турли миллат вакилларининг миллий ва диний маросимлари, шунингдек, анъанавий байрамларининг ўтказилаётгани бунинг яққол далилидир.
Эътиборлиси, кейинги йилларда Ўзбекистон фуқаролари учун Ҳаж квотаси 3 баробарга оширилиб, Умра зиёратига квоталар тўлиқ бекор қилинди. Улуғ аждодларимизнинг диний-маърифий салоҳиятини дунёга танитиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиб, ўз фаолиятларини кўрсата бошлади.
Қонун ва концепция билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари белгиланмоқда.
Ушбу ҳужжат билан белгиланаётган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Сенатор Комила Каромованинг фикрича, юртимиз аҳолиси кўп миллатли ва кўп конфессияли ҳисобланади. Яъни, 16 та конфессия мавжуд бўлиб, 130 дан ортиқ миллат ва элатлар аҳил ва тинч-тотув яшамоқда. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, юртимизда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, умуммиллий ва умуминсоний қадриятларни белгилаб олиш, ижтимоий адолат асосида тотувликда яшаш учун барқарор муҳитни таъминлаш зарур. Концепцияда айнан ушбу механизмлар белгилаб берилмоқда. Концепциянинг яна бир муҳим томони – унда сохта диний эътиқодлар таъсири остида тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган шахсларни ижтимоийлаштиришга ҳам эътибор қаратилган. Ушбу норма инсонпарварликнинг энг олий намунаси ҳисобланади.
Фуқароларнинг шахсий диний қарашлари асосида маълум бир диннинг бошқаларига нисбатан устунлигини тарғиб қилиш, диний қоидаларни қонунчилик талабларидан юқори қўйишга йўл қўйилмайди.
Шу боис, Концепцияда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат экани белгиланмоқда.
Концепциянинг долзарблиги шундаки, мазкур ҳужжат фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принципларини ҳамда устувор йўналишларини аниқ белгилашга, бу эса, жамиятда бу соҳада вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга, динлараро ва миллатлараро низолар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.
Мажлисда концепциянинг қабул қилиниши диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга асосланган муносабатлар моделини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллашишига, жамиятда тотувлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳити мустаҳкамланишига хизмат қилиши қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА