Мисрнинг «Ал-Хабар ал-Йаум» газетаси «Ўзбекистон - дунёнинг зиёрат туризми қалъаси» сарлавҳали мақола чоп этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Мақола аввалида бой тарих, маданият, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб олим ва мутафаккирлар, бетакрор маданий мерос, кўҳна меъморий обидалар, пазандачилик ва халқ амалий санъатига эга бўлган Ўзбекистон зиёрат сайёҳлиги йўналишида ҳам улкан салоҳият соҳиби экани акс эттирилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томнидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон мазкур йўналишда олиб борилаётган амалий чора-тадбирларга ҳуқуқий асос яратгани алоҳида таъкидланган.
«Ўзбекистонда зиёрат туризми учун ҳар жиҳатдан мос келадиган жами 622 та маданий мерос объектининг 595 таси ислом динига, 19 таси насронийлик, 8 таси эса буддавийлик динига мансуб», деб маълум қилинган материалда.
Мақолада Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий, Хўжа Абдуҳолиқ Ғиждувоний ва бошқа кўплаб машҳур аллома ва мутафаккирлар мақбаралари мусулмон сайёҳларни ўзига жалб қилиши ва уларнинг мероси нафақат ислом цивилизацияси ривожи, балки дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшгани қайд этилган.
Материалда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожланишига сабаб бўлаётган омилларга алоҳида эътибор қартилган. Таъкидланишича, туристларни жалб қилиш бўйича қабул қилинган ҳуқуқий-меёрий ҳужжатларга биноан, қатор давлатлар фуқароларига визасиз режимнинг жорий этилгани натижасида 2018-2019 йилларда Ўзбекистонга Индонезиядан келган сайёҳлар сони 170 фоиз, Малайзиядан 158 фоиз, Туркиядан 154 фоиз ва БААдан 153 фоизга ўсган.
«Сингапурнинг «Crescent Rating» ва АҚШнинг «Mastercard» ташкилотлари томонидан ҳар йили эълон қилинадиган «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» рейтингида Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар орасида сайёҳларни жалб қилаётган «энг жозибадор» ҳамда «хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори» бўлган 10 та мамлакат қаторидан ўрин олгани юқори баҳоланган», - дея қайд этади Миср газетаси.
Миср газетаси 2019 йил февралида Бухоро шаҳрида ўтказилган I Халқаро зиёрат туризми форумида якунида қабул қилинган “Бухоро декларацияси”да Ўзбекистон зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этилганига урғу берган. Ушбу тадбир иштирокчилари ва етакчи мутахассислар тавсиясига таянган ҳолда, газета ўз ўқувчиларига «очиқ осмон остидаги музей” бўлган Ўзбекистонга ҳеч ўйлаб ўтирмасдан сафар қилишни, ушбу юртдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни тавсия этган.
«Ал-Хабар ал-Йаум» ўз ўқувчилари эътиборига Ўзбекистон Халқаро ислом академияси томонидан ўтказилган “Рақамли иқтисодиётни шакллантириш шароитида туризмни ривожлантириш: жаҳон тажрибаси ва миллий устуворликлар” мавзусидаги илмий-амалий конференция ҳақидаги маълумотларни ҳам ҳавола этган.
Мақола интиҳосида «Ўзбекистон туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш ва хорижий сайёҳларни жалб бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бирига айланиши учун қулай имкониятларга эга», деб ишонч билдиради «Ал-Хабар ал-Йаум» газетаси.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД