Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 21 апрель куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида бўлди.
Мамлакатимиз раҳбари мазкур тумандаги “Имом ат-Термизий” жоме масжидига ҳам ташриф буюриб, уламолар ва нуронийлар билан суҳбатлашди.
Ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш бўйича самарали ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Президентимиз буюк аллома бобомиз номидаги “Имом ат-Термизий” жоме масжидини тубдан қайта қуриш, атрофларини гўзал масканга айлантириш юзасидан муҳим кўрсатма ва топшириқлар берди.
Шу муносабат билан 22 апрель куни ушбу масжидда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, уламолар ва нуроний отахонлар иштирокида тадбир ўтказилди, эҳсон дастурхони ёзилди. Муқаддам ушбу масжидда хизмат қилиб ўтган Яҳё қори, Салоҳиддин Муҳиддин каби уламолар хотирланди. Қуръони карим тиловат қилинди.
Тадбирда нутқ сўзлаган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қайта қурилиши бошланаётган ушбу жоме масжид мўмин-мусулмонларга узоқ йиллар давомида хизмат кўрсатадиган муборак масканга айланишини, халқимиз фаровонлиги, динимиз равнақини, мамлакатимиз ривожини сўраб, дуо қилдилар.
Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга бўлган юксак эътибор натижасидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18). Демак, масжидларни барпо қилиш, обод этиш ҳамда уларни таъмирлаш юксак имон ва мустаҳкам эътиқоднинг кўринишидир.
Дарҳақиқат, ўтган йилларда Тошкент шаҳрида “Яккасарой”, “Авайхон”,“Пул емас ота” каби масжидлар тубдан қайта қурилди. Сурхондарё вилоятида “Оқ масжид” жоме масжиди, Сирдарё вилоятида “Ховос” жоме масжиди, Жиззах вилоятида “Хўжа Нуриддин” жоме масжиди, Тошкент вилоятида “Ўсмат ота” жоме масжиди, Самарқанд вилоятида “Имоми Аъзам”, “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидлари ва Тошкент шаҳрида муҳташам “Ислом ота” жоме масжиди замонавий лойиҳа асосида бутунлай янгидан бунёд этилди. Тошкент шаҳридаги “Олтинтепа” жоме масжидида қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.
Мана шундай бунёдкорлик ишларининг узвий давоми сифатида, Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Имом ат-Термизий” жоме масжидини янгидан барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. Хушхабар мўмин-мусулмонларимиз учун катта хурсандчилик бўлди.
Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишади. Зеро, масжид қуриш, уни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб, масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда қаср барпо қилади” (Имом Бухорий ривояти).
Масжидларни кўркам қилиш, намозхонларга қулай шароитлар яратиш катта ажр бериладиган амаллардандир. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келганлар ҳар намоз сўнгида она-Ватанимиз тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуолар қилишади. Бундай хайрли дуолар шарофати ила Яратган Парвардигор юртимизни янада фаровон қилади.
Азим пойтахтимизда қад ростлайдиган ушбу янги жоме масжид халқимиз учун жуда катта туҳфа бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир куни имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ хуфтон намозини масжиднинг муаззини ортидан ўқиди. Муаззин намозда “Зилзала” сурасини тиловат қилди. Намоз тугагач, одамлар масжиддан чиқиб кетишди ва фақат имом Абу Ҳанифа ва муаззин қолишди.
Муаззин айтади: “Мен Абу Ҳанифага қарасам, у ўйга чўмган ҳолда ўтирган, чуқур-чуқур нафас олар эди. Мен унинг хаёлини бузмаслик учун туриб чиқиб кетдим. Масжиддан чиқатуриб фонусни қолдирдим, унинг ичида жуда озгина мой қолган эди”.
Муаззин айтади: “Мен кирсам фонус ҳали ҳам ёниб турган экан”.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ