Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ва Туркия Стратегик тафаккур институти билан ҳамкорликда Анқара шаҳрида «Ўзбекистон – ислом тамаддуни маркази» мавзусига бағишланган илмий-амалий анжуман ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда маъруза билан қатнашган мамлакатимиз академияси профессор-ўқитувчилари буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддуни, диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссаси, «Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс» шиори остида бугунги кунда мамлакатимизда кузатилаётган умуммиллий юксалиш ҳақидаги атрофлича маълумотларни ўртоқлашдилар.
Туркия вакиллари буюк алломаларимизнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказлари сингари илм-маърифат масканларининг аҳамиятини алоҳида эътироф этдилар.
Анқара университети Илоҳиёт факультетининг профессори Сўнмез Кутлу ўз маърузасида Ўзбекистон – том маънода тамаддунлар чорраҳаси, Ислом цивилизацияснинг марказида жойлашганига эътибор қаратди.
– Тарихда Боғдод, Андалусия каби илм марказлари қатори Мовароуннаҳр маърифат ҳавзасида ўзига хос ўринга эга бўлган, - деди у. - Қорахонийлар даврида бир шаҳарда 300 фақиҳ-ҳуқуқшунос фаолият кўрсатган. 9-10 асрларда Самарқандда илм шу қадар тараққий этганки, ёшлар мактаб ва мадрасада ўқишининг мажбурийлиги белгиланган. Қорахонийлар даврида илм-фанга катта эътибор қартилган ва илм аҳли қўллаб-қувватланган. Айнан шунинг натижаси ўлароқ ушбу заминда илму ирфон тараққий топиб, гуллаб яшнаган. Бугун Ўзбекистон Президенти томонидан «Учинчи Ренессанс» ғояси остида ушбу қадимий анаъналарни қайта тиклаш, ёшларни илм-фанга йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовордир. Имом Мотуридий, Имом Термизий, Имом Бухорий каби улуғ зотлар номи билан очилган бир қанча тадқиқот марказлари учун Ўзбекистон раҳбариятига бутун турк олимлари номидан миннатдорлик билдираман.
Қайд этиш керакки, Туркияда Ўзбекистонга бўлган юксак қизиқиш сабабли мамлакатимиз билан боғлиқ тадбирларда нафақат жамоатчилик вакиллари, балки юқори мартабали давлат хизматчиларининг кенг иштироки ҳам анъанага айланган. Мазкур тадбирда ҳам Туркия Буюк Миллат Мажлисининг ֿ«Туркия – Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен иштирок этиб, мамлакатимизга оид ўз фикрларини ўртоқлашди.
– Мен Туркия Буюк Миллат Мажлисига Бурса вилоятидан сайланганман, - деди у. - Асли мазкур вилоятнинг Келес қишлоғиданман. Бизнинг воҳада Ўзбекистон билан боғлиқ хотиралар бор. Ота-боболаримизнинг айтишларича, 1400 йилларда Ўзбекистон заминидан келган Салоҳиддин Бухорий номли зот бизнинг қишлоққа асос солган экан. Ислом тамаддунининг бешиги бўлган Мовароуннаҳрдан Онадўлига келиб маърифат тарқатган бундай зотлар кўплаб учрайди. Бурса марказида Амир Султон Бухорий ҳазратларининг мақбараси мавжуд. Шахсан менинг тахминимча, Туркиянинг турли шаҳар ва қишлоқларида Бухорий, Самарқандийларга бориб тақаладиган камида 200та олимнинг даҳмаси мавжуд. Аслида бу борада ҳам умумий бир тадқиқот амалга оширилиши мумкин. Бу ҳам Мовароуннаҳр ва Онадўли ўртасидаги маънавий-маърифий ҳамкорлик тарихини ёритиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Депутатлигим, хусусан, ўзбек-турк дўстлик гуруҳига раҳбарлигим сабабли сўнгги беш йилда Ўзбекистонни ўнлаб маротаба зиёрат қилиш шарафига муассар бўлдим. Ҳар сафар янги бир қадриятларни кашф этаман. Ҳар зиёратимда Ўзбекистоннинг гўзалликларига бот-бот гувоҳ бўламан. Ўзбекларнинг кундалик ҳаётида, ўзаро муомаласи, юриш-туришида, ахлоқ-одобида муқаддас Ислом динининг гўзал фазилатлари намоёндир. Бинобарин, ушбу қутлуғ заминнинг “Ислом тамаддуни маркази” дея аталиши бежиз эмас.
Тадбирда Ўзбекистондан келган профессор-ўқитувчилар турк ҳамкасблари билан яқиндан илмий ҳамкорлик қилиш, қўшма лойиҳалар устида ишлашга келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.
Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.