Юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танлови ўтказиб келинмоқда.
Шу муносабат билан 2017 йил 15 декабрь куни Хоразм вилояти Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали анжуманлар саройида ушбу танловнинг вилоят босқичида 2017 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 1 ноябргача маънавий-маърифий мавзуларда газета ва журналларда босилган ва интернет тармоғида эълон қилинган мақолалар, радио орқали эфирга узатилган эшиттиришлар, телевидениедаги кўрсатувлар ва тадбирлардаги иштироки бўйича ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мовароуннаҳр” нашриёти директори Абдул Жалил Хўжам, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Х. Абдуллаев ва бир қанча ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок қилди. Ғолиблар қуйидаги номинациялар бўйича аниқланди:
Маънавий-маърифий тадбирлардаги иштироки бўйича Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби Қўзибой Машарипов;
Интернетдаги мақолалар бўйича Боғот туман бош имом-хатиби, “Дарвеш бобо” масжиди имом-хатиби Рашидбек Эрназаров;
Радио орқали чиқишлар бўйича Урганч шаҳар “Имом Фахриддин ар-Розий” ЎМИБЮ мудир ўринбосари, Урганч туман “Шайидлар бобо” масжиди имом-хатиби Музаффар Авезов;
Телевидения орқали чиқишлар бўйича ЎМИ Хоразм вилояти вакили ўринбосари, Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом-хатиби Ҳасанбой Кенжаев ғолиб деб топилди.
Тадбир давомида бир қанча матбуот нашрлари жамоалари ва ходимлари ҳам ўз йўналишлари бўйича ғолиб деб эълон қилинди. Ғолиблар махсус диплом ва ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбирда “Мовароуннаҳр” нашриёти директори Абдул Жалил Хўжам “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасига обунани яхши ташкиллаштирган масжид имом-хатибларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг ташаккурномалари ва “Мовароуннаҳр” нашриётининг махсус совғалари билан тақдирлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.
БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.
ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.
Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади