Муносабат: Туризм мамлакатнинг қиёфасини, одамларнинг турмуш тарзини, муомала маданиятини буткул ўзгартириб юборадиган ҳодиса.
Аввало, туристлар кўп келадиган мамлакат гуллаб кетади. Чунки сайёҳларга қулайликлар яратиш учун кўплаб меҳмонхоналар, боғлар барпо этилади, йўллар таъмирланади, кўприклар солинади. Одамларнинг муомаласи ўзгариб қаршисидаги киши билан очиқ чеҳрали тарзда мулойим гаплашишни одат қилади Узоқ-яқиндан келган меҳмонлар кўрганда уялиб қолмайлик деган андешада ҳамма жой топ-тоза қилинади, давлатга валюта тушуми ортади.
Зиёрат туризми эса, инчунун. Зеро, бунда зиёрат туризмига келган сайёҳлар ҳам, уларга хизмат кўрсатган мамлакатимиз аҳолиси ҳам савоб олади. Ўтган азизларнинг қаровсиз қолиб кетган қабрлари обод этилади. Ўша манзилларда ётган Аллоҳнинг дўстларини зиёрат этишга келганлар қабр қошида туриб тиловат қилар экан, қабристонда ётган мўмин-мусулмонларнинг ҳақларига ҳам дуо қилиб, Каломи шарифнинг фазилатидан жамики қабр аҳлининг руҳи баҳраманд бўлади.
Ушбу масала 22 февраль куни Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган туризмни ривожлантиришга бағишланган видеоселекторда қуйидагича таъкидлаб ўтилди: «Юртимизда ислом дунёсида тан олинган алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжолар кўп. Масалан, турли вилоятларда Нақшбандия тариқатини тарғиб қилган 12 уламонинг қабри бор. Биз ҳозир уларнинг 8таси, яъни Бухородаги «Етти пир» ва Самарқанддаги «Хўжа Аҳрор Валий» зиёратгоҳларини обод қиляпмиз. Лекин Сурхондарёдаги Муҳаммад Зоҳид Бухорий, Алоуддин Аттор ва Қашқадарёдаги Муҳаммад Дарвеш, Муҳаммад Инганакий мақбаралари таъмирга муҳтож», деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимларига ушбу қадамжоларни ободонлаштириш, уларга олиб борувчи йўллар ҳолатини яхшилаш, зиёратчилар учун барча шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берди. Ушбу азизларнинг қабрлари, қабристоннинг атрофи обод бўлиши, ўйдум-чуқур бўлиб ётган йўлларнинг текисланиши, сайёҳлар учун яратиладиган шароитлардан сайёҳлардан ҳам кўпроқ маҳаллий аҳоли фойдаланади. Сайёҳлик манзилларига турникетлар, видеокамералар ва йўл кўрсаткичлари ўрнатилади, ахборот марказлари ташкил этиб, уларда туристларни қизиқтирувчи хизматлар йўлга қўйилади. Хизматлар кўрсатилади, савдолар ташкил этилади, сантитария-гигиена шохобчалари очилади. Бу орқали давлат ғазнасига валюта тушуми кўпайтирилади ҳамда аҳолига ўз-ўзидан янги иш ўринлари, даромад манбалари пайдо бўлади.
Демак, зиёрат туризми маҳаллий аҳоли учун ҳам ҳар жиҳатдан катта фойда келтиради, кишиларимизнинг турмуш шароитини яхшилайди.
Йиғилишда зиёрат туризми бўйича мамлакатимизнинг салоҳияти жуда юқори экани, бу йўналишда зарур қулайликлар яратиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита таркибида Зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилгани Малайзия, Туркия, Индонезия каби давлатлар учун визасиз режим жорий этилгани таъкидланди. Шунингдек, хориж давлатлардаги элчилар мамлакатимиз, миллий қадриятларимизнинг тарғиботчилари бўлиши, бунга чет элдаги ватандошларимиз ҳам ҳисса қўшиши зарурлиги таъкидланди. Туризм ривожи учун зарур шароитлар яратишга доир устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Хорижга борган юртдошларимиз яхши билади: сайёҳлар кўп борадиган давлатлардаги эътиборли биноларга ёки шунга ўхшаш иншоотларнинг кўринарли жойига ушбу иншоотнинг қачон, ким томонидан барпо этилгани, қайси йилларда таъмирлангани, таъмирланганлик даражаси қанчалик даражада бўлгани ёзиб йирик-йирик ҳарфларда қўйилади. Бизда ҳам шу тажриба қўлланилса, бу – сайёҳлар учун яна бир қулайлик бўлиши баробарида уларга йўлбошловчилик қилаётганларга ҳам фойдаси тегарди.
ЎМИ Матбуот хизмати
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД