Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2025   |   20 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:03
Қуёш
05:31
Пешин
12:33
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:49
Bismillah
14 Август, 2025, 20 Сафар, 1447

Илм олиш учун қайси вақт афзал?

12.02.2024   925   3 min.
Илм олиш учун қайси вақт афзал?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Бешикдан то қабргача илм талаб қилинглар”, деганлар. Бу амр умумий бўлиб, ёш-у кексаларга баробардир.

Демак, илм талаб қилмоқ учун маълум бир ёш тайин қилинмаган ва ҳар ким ҳар-хил ёшда илмни таҳсил қилиш имконига эга. Оқил инсон эса ана шу имкониятдан унумли фойдаланади. Бундан ташқари, илм излаш чегара билмас ҳузур бағишлайди.

Ҳасан ибн Зиёд фиқҳ илми билан шуғулланишни бошлаганида саксон ёшда эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васаллам асҳобларининг кўплари кекса бўлса-да, Исломни қабул қилиб, сўнгра илм таҳсили билан машғул бўлганлари ҳаммамизга маълум. Аммо имкониятга қараб ёшликдан таҳсилни бошламоқ мақсадга мувофиқ.

Толибнинг фаҳми етадиган, англаб олишига яқин, енгилроқ бўлган сабоқдан бошлаш керак. Агар ўтган машойихларнинг услубларини кўллаб дарс берилса, энг тўғри йўл ва фойдалироқ бўлар эди, – дейди Шайхул Ислом, буюк имом Шарафуддин ал-Уқайлий (р.а.) ҳазратлари. Чунки улар таълимни бошловчига кичик-кичик, кенг ёритилган манбаларни ихтиёр қилганлар. Зеро, бу ёд олиш, тушуниб олишга ҳам енгил ва қулай бўлиб, малол ва оғир келишдан узоқдир. Дарс ўзлаштириб, пишиқ такрорлагандан кейин, янги сабоқни улаб кетмоғи шартдир. Дарсни узиб қўйишдан сақланиши зарур. Талаба дафтарига ўзи тушунмайдиган нарсани зинҳор ёзмасин! Чунки бу толиқишни, кейинроқ эса эринчоқликни келтиради. Зеҳнни кетказади ва вақтни зое ўтмоғига сабаб бўлади.

Дарс тайёрлашлик учун энг қулай вақт саҳар вақти ва шом билан хуфтон намозининг ўртасидир. Чунки саҳарда инсоннинг зеҳни, фикри ўткир ва тиниқ бўлади ҳамда бутун олам сукунатга, тинчликка шўнғиган бўлади. Бу ҳолат эса толиби илмга илҳом бахш этади.

Албатта, толиби илм шу икки вақт билангина кифояланиб қолмасдан, балки бутун вақтини имконияти борича, дарс тайёрлашга бахшида қилиши лозимдир. Агар бир дарси унга малол келса, бошқаси билан машғул бўлсин, униси малол келса, яна бошқаси билан. Муҳаммад ибн Ҳасан Раҳматуллоҳи алайҳ тун бўйи ухламас эдилар. Ёнларида доимо дафтар бўлиб, агар бир дарс малол келса, бошқасига қарар, буниси ҳам малол келса, ёзиш билан машғул бўлар эдилар. Ёнларида доимо сув ҳам турар эди, агар уйқу ғолиб келса, сув билан уйқуларини кетказар эдилар.

Маълумки, инсон ҳаёти ўлчовлидир. Вақтнинг қадрига етган, уни ҳурмат қилган киши ўзини, ўз умрини ҳурмат қилган ҳисобланади. Ҳар ким ҳар вақтда ўзи ўйлаган ишни бажара олмайди. Зотан баъзида пайдо бўлиб қоладиган бўш вақтларда ўша битира олмаган ишларни бажариб олишга имкон туғилади. Мўмин киши мана шундай бўш вақтларни ҳам Аллоҳнинг неъмати деб билмоғи лозим. Аксинча, вақтга бепарво бўлиш умрнинг заволидир.   

Имомиддин домла Бобоқулов,

 Имом Термизий ўрта махсус ислом

таълим муассассаси ўқитувчиси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳни зикр қилиш касалликларга шифо бўлиши аниқланди!

24.12.2024   5790   1 min.
Аллоҳни зикр қилиш касалликларга шифо бўлиши аниқланди!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳни зикр қилиш ила қалблар ором олур...

Мусулмон мутахассисларнинг бир неча ўрганишлари, тадқиқотларидан, шунингдек, америкалик олимлар олиб борган изланишларидан маълум бўлишича, Аллоҳ таоло ҳақида фикр юритиш, тафаккур инсоннинг руҳий изтиробларини, оғриқ-аламларини енгиллатар экан. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Аллоҳ таолога иймон келтирган, шифо беришга фақат Аллоҳ таоло қодир эканига эътиқод қилган одамлар динни инкор қилувчи - даҳрийларга қараганда кўпроқ ва тезроқ шифо топар экан.

Тадқиқотларнинг натижасига кўра, Аллоҳ таоло ҳақида тафаккур қилиш асносида мияда содир бўладиган электромагнит тўлқинларда ўзгариш юзага келади. Шунинг учун шифокорлар беморларга кўпроқ зикр қилиб, дуога машғул бўлишни тавсия қилишади. Бу нарса беморнинг шифо топишида, хусусан, сурункали касалларда катта ёрдам беради. 

Шунингдек, тадқиқотчилар Аллоҳни зикр қилган инсон организмида муайян гормонлар ажралиб чиқиб, юрак фаолиятига ҳамда умуман одамнинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир қилишини ҳам таъкидлашган. 

Субҳаналлоҳ... ​Ўзини зикр қилишни буюрган ва Ўзининг зикрини қалбга роҳат ва хотиржамлик этиб қўйган Зот барча айбу нуқсонлардан покдир! 

«Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш ила ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш ила қалблар ором олур» (Раъд сураси, 28-оят).

Мақолалар