Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Ўзбекистон томонидан Ислом тараққиёт банки бошқарувчиси Сардор Умурзоқов раҳбарлигида ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик анжуманига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) манбасига кўра, йиғилишда анжуманга тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.
Ташкилий қўмитанинг тегишли кичик ишчи гуруҳлари раҳбарлари бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот ва турли йўналишларда ташкилий масалаларни ҳал этишнинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берди.
Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаш, ИТБ Гуруҳи ва бошқа ривожланиш ҳамкорлари билан муносабатларни янада чуқурлаштириш нуқтаи назаридан тадбирни юқори ташкилий ва мазмун жиҳатидан юқори савияда ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари ва меҳмонларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилган барча санитария-эпидемиология тадбирларига риоя этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда ҳал этилиши тегишли вазирлик ва идораларнинг ўзаро мувофиқлаштирилган ҳамкорлигини талаб этувчи бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Уларни муҳокама этиш давомида ўзаро ҳамкорлик алгоритмлари ишлаб чиқилди ва масъул раҳбарларга манзилли кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверади” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлигимизда устозлар кишининг кибрли ё ундай эмаслигини донга тўла бошоқнинг эгилиши, донсиз бошоқнинг эса худди кибрлангандай тик туриши мисолида тушунтиришганди. Катта бўлиб англадикки, устозларнинг мақсади бошоқ мисолида кибрланмасликни кўз олдимизда қолдириш бўлган экан. Негаки, мутакаббирликнинг оқибати жуда аянчли бўларкан.
Амр ибн Шуайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тирилади. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги “Булус” деб номланадиган зиндонга ҳайдалади” (Имом Термизий ривояти).
Кибрнинг сабаблари турличадир. Масалан, бирор соҳани ўзлаштирган, керакли мутахассисга айланган одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санаб, насиҳатни қабул қилмай қолиши, кимдир ота-боболарининг олий насаби билан фахрланиб, ўзгаларни насаби паст, деб билиши, кимдир эса мол-дунё туфайли ғурурга кетиши мумкин. Яна чирой, қувват каби неъматлар ҳам шулар жумласидан. Кўплар шу сабаблар туфайли “Бошқалардан устунман”, деб ўйлашади. Ваҳоланки, Аллоҳ банданинг чиройига, насабига, бойлигига эмас, қалбига, қилаётган нияти ва амалига қарайди.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши илм ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламагач:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди, дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли, – дебди. Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим. Лекин ҳузуримга келган пайтингда "бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор", дея кибрландинг. Ўша қарашинг ҳалиям кетмади. Мен бўш идишни тўлдираман, деб жавоб қилибди.
Мол-давлатга кибрлансангиз, демак фақирсиз. Ўзингизни бошқалардан устун кўрадиган бўлсангиз, ҳар қанча илмингиз бўлмасин, жоҳилсиз. Кишини зулмга, туғёнга соладиган куч-қувват аслида заифликдир. Ҳақиқий бойлик, мартаба ва илмни тавозели инсонлардан топасиз!
Жаъфархон Сўфиев,
Тўрақўрғон туманидаги
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби