Канадалик мусулмон ёшларнинг бир гуруҳи одамларга ислом ҳақида ҳар қандай савол бериш имкониятини бериш учун мамлакат бўйлаб сафарни бошлади. Islam.ru хабарига кўра, "Ислом ҳаракатда, мен мусулмонман, мендан истаган нарсангизниа сўранглар" деган ном остидаги ташаббус канадаликлар орасида катта қизиқиш уйғотди.
Ташкилотчилар мамлакат бўйлаб мобиль кўргазма билан саёҳат қилиб, маҳаллий аҳолига ислом исломофобияга қарши кураш ҳақида сўзлаб беришмоқда. Ташкилотчилардан бири Шоҳруҳ Обиднинг айтишича,"кўплаб нотўғри тушунчалар аслида кичик бир гуруҳ одамларнинг исломга амал қилмасликлари, балки исломдан сиёсий восита сифатида фойдаланишларининг натижасидир.
"Ушбу трейлер бир қирғоқдан иккинчисига ўтади. Мамлакат бўйлаб ишбилармонлик туманлари ва шаҳар марказларига ташриф буюрган ҳолда 16 000 километрлик саёҳат қилдик", - дейди Обид.
"Биз учун бу шунчаки исломофобияга қарши курашишнинг бир усули ва одамлар биз хавфли эмаслигимизни билишсин. Биласизми, ислом бу тинчлик ва биз бу ерда канадаликлар сифатида, бу мамлакатнинг содиқ фуқаролари сифатида турибмиз", - қўшимча қилди у.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир донишманддан:
— Агар ҳаётингизни қайтадан бошлаш имкони берилганида қайси хатоларингизни қилмаган бўлардингиз? — деб сўрашибди.
Донишманд шундай жавоб қилибди:
— Агар шундай имкон берилса, ўтмиш хатоларимни яна қилган бўлардим. Негаки, менинг шу даражага келишим мана шу хатоларим ва шу хатолар ортидан чиқарган хулосаларим эвазигадир.
Донишмандга берилган саволни бугунги ҳаётимизда бир-биримизга кўп берамиз. Аслида бу нарсанинг амалга ошмаслигини яхши билсак-да, ўзимизча: “Фалон-фалон ишларни қилмаган бўлардим. Фалон ишларни эса қилган бўлардим. Шунда омадим юришиб, ҳозирги ҳолатимдан анча юқори даражага эришардим”, деймиз. Аммо бир нарсани унутмаслигимиз керакки, инсон учун дунёдаги энг қиммат нарса, бу – ҳаётий тажриба. Ҳаётий тажриба эса хатолар, қийинчилик ва машаққатлар, деворга урилган бошлар ортидан қўлга киритилади. Унутилиб кетган қадим туркий удумга кўра, катталар юмшоқ салла билан, атак-чечак қилиб, юришга тиришаётган гўдакнинг оёғини беозоргина чалишади.
Бунинг маъноси: Бола ҳозирдан йиқилишни билсин! Агар йиқилишни билса, туришни ўрганади! Эл-юртининг, қавмининг қалқони бўлиши керак бўлган ўғлон шундай тарбия топса, келажакда ҳаёт зарбаларига ҳам сабот билан туриб беролади!
Биз болаларимизни: “Хато қилма, ўзингни авайла, уни қилма-буни қилма”, деб кўп тергаймиз. Мактабда барча фандан аъло баҳоларга ўқишини истаймиз. Йиқилиб тушишидан қўрқиб, югуришига қўймаймиз-у, лекин танаси бақувват бўлишини хоҳлаймиз. Унутмаслигимиз лозимки, биз фахрланадиган аждодларимиз минглаб қоқилишлар, қийинчилик-машаққатлардан ўтиб, комилликка эришганлар. Улар ўзларидан дунёни титратувчи асарлар ва муаззам давлатлар қолдиришган.
Тўйчиев Билолхон,
Ҳадис илми мактаби ходими.