Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Январ, 2025   |   16 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:46
Пешин
12:38
Аср
15:39
Шом
17:23
Хуфтон
18:41
Bismillah
16 Январ, 2025, 16 Ражаб, 1446

20.08.2021 й. Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором олур!

18.08.2021   3584   10 min.
20.08.2021 й. Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором олур!

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْاَمِين، وَعَلَى آلِهِ وَأصْحَابِهِ أَجْمَعِيْنَ أَمَّا بَعْدُ

АЛЛОҲНИНГ ЗИКРИ ИЛА ҚАЛБЛАР ОРОМ ОЛУР!

Муҳтарам жамоат!  Юртимиз аҳли 2021 йил 15 август куни улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки минтақадаги мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, фазилатли уламо, улуғ устоз, муфассир, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар... У кишининг ҳаққига истиғфор айтиб, Аллоҳ таолодан  раҳмат сўраш –   ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурчдир. Аллоҳ таоло марҳум муфтий ҳазратларини эллик йиллик дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига сазовор айлаб, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Азиз жамоат! Динимизда тарғиб қилинган, савобли ва Парвардигорга севимли амаллардан бири – Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, уни ҳамду санолар билан эслаб ёд этишдир. Зеро Аллоҳ таолони эслаб ёд этиш бандага дунё ва охиратда кўплаб фойдалар келтиради.

Биринчидан, банда Аллоҳ таолони зикр қилиш билан Роббисининг илоҳий буйруғини бажарган бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا  وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلًا

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!” (Аҳзоб сураси 41-42-оятлар).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу бу оят ҳақида шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло нимани фарз қилса, унга чегара қўйган, кейин уни бажарадиганларга узрли ҳолатларни баён қилган. Аммо Аллоҳ таолони эслаб ёд этиш учун чегара қўйилмаган. Нисо сурасининг 103 оятида: “Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларингизда (ҳам доимо) Аллоҳни ёд этинг!”, деб марҳамат қилган. Ақли ҳуши жойида бўлган  киши учун зикрни тарк қилишга узр йўқ.

Аллоҳ таолонинг “Аллоҳни кўп зикр қилингиз”, деган сўзининг маъноси эртаю кеч, денгиз ва қуруқликда, соғлик ва касалликда ҳамда ошкор ва махфий “Аллоҳни зикр қилинг”, деганидир. Муфассир Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Кўп зикр қилиш У Зотни ҳеч унутмасликдир” (Тафсири Бағавий китобидан).

Зикрнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

أَلاَ أُنَبِّئُكُمْ بِخَيْرِ أعْمالِكُمْ، وأزْكَاهَا عِنْدَ مَلِيكِكُمْ وأرْفَعِهَا في دَرَجَاتِكُمْ وَخَيرٍ لَكُمْ مِنْ إنْفَاقِ الذَّهَبِ والفِضَّةِ وَخَيْرٍ لَكُمْ مِنْ أن تَلْقَوا عَدُوَّكُمْ فَتَضْرِبُوا أعْنَاقَهُمْ وَيَضْرِبُوا أعْنَاقَكُمْ قَالَوا بَلَى، قَالَ ذِكر الله تَعَالَى

(رواه الإمام الترمذي عن أَبي الدرداءِ رضي الله عنه)  

яъни: “(Эй, мусулмонлар!) Амалларингизнинг яхшисига далолат қилайинми?! Роббингиз наздида покизаси, даражангизни кўтарувчиси, тилла ва кумуш инфоқ-эҳсон қилишингиздан яхшироғи, душманга йўлиқиб, уларга сиз, сизга улар қилич билан зарба беришиданда яхшироғи...?!” “Ҳа, айтинг”, дейишди саҳобалар. У Зот алайҳиссалом: “Амалларнинг яхшиси – Аллоҳ таолонинг зикридир”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Иккинчидан, Аллоҳ таоло мағфират ва улуғ ажр ваъда қилган эркак ва аёллардаги бир нечта сифатлардан бир сифатга эга бўлади. Қуръони каримда шундай дейилади:

 وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

яъни: “...Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси 5-оят).

Демак, бир қанча савоб ишлар қаторида қалби, тили ва аъзолари билан Аллоҳ таолони зикр қилувчиларга гуноҳларининг кечирилиши ва охиратда улуғ ажр – жаннат тайёрлаб қўйилган. (Тафсири Табарий китобидан). Аъзолар билан зикр қилиш – аъзоларни савоб амалларга ишлатишдир.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом зикр қилувчи киши ва зикр қилмайдиган кишини қуйидагича тасвирлайдилар:

 مَثَلُ الذي يَذْكُرُ رَبَّهُ وَالَّذِي لا يَذْكُرُ رَبَّهُ، مَثَلُ الْحَيِّ وَالْمَيِّتِ 

( متفق عليه عن أبي موسى رضي الله عنه)

яъни: “Роббисини зикр қилувчи ва Роббисини зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик ва ўлик кабидир” (Муттафақун алайҳ).

  Учинчидан, мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш сабабли қалб хотиржамлигига эришадилар. Шундан кейин улар дунёдаги синовларни осонлик билан енгадилар. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

яъни: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд сураси 24-оят).

Аллоҳ таолонинг зикри қалбга таскин олиб келиш билан қийинчиликни енгилликка, ғамни хурсандчиликка айлантирувчи ва неъматларни жалб қилувчидир. Ҳеч бир нарса Аллоҳ таолонинг зикри каби қийинчиликни даф қила олмайди. Пайғамбаримиз алайҳссалом маҳзун бўлганларида:

لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ العَظِيمُ الحَلِيمُ، لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ رَبُّ العَرْشِ العَظِيمِ، لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ رَبُّ السَّمَوَاتِ ورَبُّ الأرْضِ، ورَبُّ العَرْشِ الكَرِيمِ

яъни: “Улуғ Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Ҳалим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Осмонлар, ер ва Аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!”, деб дуо қилардилар.

Гоҳида Юнус алайҳиссаломнинг балиқ қорнида айтган зикрларини эслатиб, ким шу зикрни қилса, Аллоҳ таоло унинг ғамини кетказишини айтардилар:

لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ

яъни: “Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен айбу нуқсондан поксан! Мен ўзимга зулм қилувчилардан бўлдим”.

Мусъаб ибн Саъд разияллоҳу анҳудан, у киши отасидан бундай ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У Зот:Сизлардан бирингиз ҳар куни мингта савобни қўлга кирита олмайдими? – дедилар. Шунда У Зотнинг ҳамсуҳбатларидан бир киши: “Қандай қилиб бирортамиз мингта савобга эга бўлиши мумкин?” – деб сўради.Юзта тасбеҳ айтади. Шунда унга мингта савоб ёзилади ва ундан мингта гуноҳ ўчирилади”, – дедилар. (Имом Табароний ривоятлари).

Демак, 1 марта “Субҳаналлоҳ” деган бандага 10 та савоб ёзилади ва ундан 10 та гуноҳ ўчирилади. Ваҳоланки, бунга 1 сония вақт кетади холос. Бундан Исломда савоб амал қилиш жуда ҳам осонлиги келиб чиқади. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَنْ قَالَ: سُبْحَانَ اللهِ العَظِيمِ وَبِحَمْدِهِ غُرِسَتْ لَهُ نَخْلَةٌ فِي الجَنَّةِ

 رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه

яъни: “Ким “субҳаналлоҳил азийм ва биҳамдиҳи” деса, унга жаннатда бир хурмо экилади”, – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Ким ўзининг жаннатдаги боғида хурмолари кўп бўлишини истаса, мазкур ривоятда келган зикрни кўпроқ айтсин. Бу эса жуда ҳам осон. Бир дақиқанинг ўзида уни бир неча бор айтиш мумкин бўлади.

Азизлар! Мазкур зикр-тасбеҳлардан бошқа яна бир қанча зикрлар бор. Масалан, “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллоҳ”, “Аллоҳу акбар”, “Астағфируллоҳ”, “Саййидул истиғфор”,  турли салавотлар ва бошқалар. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, зикрларнинг энг улуғи Қуръон тиловати бўлиб, ҳар бир мусулмон тиловати Қуръонга ваъда қилинган ажру савоблардан насибадор бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу кунда ўн икки минг марта, Холид ибн Марвон эса юз минг марта тасбеҳ айтар эди.

Бир киши дўстидан: “Уйингиздан ишхонангизга боргунча йўл қанча вақт олади?”, деб сўрабди. Дўсти: “Агар йўл тиқилинч бўлса, саккиз юзта тасбеҳни, агар йўл очиқ бўлса, икки юз элликта тасбеҳни олади”, деб жавоб берибди. Жавобнинг гўзаллигига қаранг!

Демак, шариатимиз зикр қилишга катта йўл очиб, юрганда ҳам, турганда ҳам, касб-ҳунар билан машғул бўлганда ҳам, улов минишда ҳам ва бошқа зикр қилишга имкон бўладиган ишлар билан машғул бўлганда ҳам, у билан машғул бўлишга рухсат берган. Ҳатто таҳоратсиз ҳолда ҳам зикр қилишга рухсат берилган.  Аёллар узрли бўлган пайтларида таҳоратли ҳолатда юришларининг имкони йўқ. Шундай бўлсада, шариатимиз уларга бундай пайтларда Қуръон тиловатидан бошқа барча зикрларни қилишга рухсат берган. Шундай экан, мусулмон киши мазкур ҳолатларда ҳам зикр қилиб, катта ажру савобларга эришиши мумкин.

Хулоса шуки, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва охиратда ютуққа эришиш мусобақасида ғолиб бўлувчилар Аллоҳ таолонинг зикрини кўп қилувчи мўмин ва мўминалардир. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Муфарридлар пешқадам бўлдилар”. “Эй, Аллоҳнинг Расули! Муфарридлар кимлар?”, дейишди. У Зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар”, деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло барчамизни кўп зикр қилувчи бандаларидан қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин! 

Эслатма: Ҳурматли имом-домла! Намозларни очиқ майдонда, барча карантин қоидаларига амал қилган ҳолда адо этилиши ҳамда жума хутбаси, дуолари ва қироатларининг мухтасар бўлишини таъминлашингизни сўраймиз!

 

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Аллоҳ билан менинг орамдаги сир

13.01.2025   3435   5 min.
Аллоҳ билан менинг орамдаги сир

Бир савдогар бой одам ошқозон-ичак касаллигидан азоб чекиб, кўп муолажа олган, бир неча марта жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган эди. Турли хил муолажалардан сўнг ҳам аҳволи ўнгланмади. Бир куни бу ташвишлардан жуда зерикиб кетди ва машинасига ўтириб боши оққан томонга қараб кетди. Йўл-йўлакай, Нил дарёси бўйида жойлашган кичик бир қишлоқча ёнида тўхтади. Узоқдан бир деҳқонни кўриб қолди. Деҳқон эса ерга тўшалган тупроқда ўтириб, бир нима ейиш билан банд эди. Бой одам машинасидан тушиб, деҳқоннинг овқат еяётганини кузата бошлади.

Деҳқон уни кўриб қолиб: "Меҳмон бўлинг, овқатдан енг, чой ичинг!" деб чақирди. Бой одам ўзининг овқат ея олмаслигини тушунтирмоқчи бўлди, аммо деҳқон унинг баҳонасига қарамай, уни таклиф қилишда давом этди. Ахири бой одам ерга тўшалган жойга ўтирди. Унинг олдига овқат тўла патнис қўйилди. Унда бутун помидорлар, бодринг, кўкатлар, салат барги, пиширилган бедана тухумлари, нон ва кўмирда қайнатилган чой бор эди.
Бой одам деҳқонни хафа қилмаслик учун бир дона помидорни олиб оғзига солмоқчи бўлди. Деҳқон унга: "Бисмиллоҳ" деб егин, деди. Бой "бисмиллоҳ"ни айтиб помидорни оғзига солди. Бироқ зум ўтмай қорнида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиб, ерга йиқилди. Деҳқон қўрққанидан оиласи билан уни уйига олиб кириб, ётоқхонага ётқизишди. Бой одам ўзининг дори-дармонларини олиб, оғриқни босишга уриниш билан овора бўлди. 
Шу кеча деҳқон уйидаги намозхонада қоим бўлиб, бой одам учун Аллоҳдан шифо сўраб, тинмай дуо қилди. Саҳарга яқин, бой одам деҳқоннинг “Аллоҳим, эчкининг ҳаққи билан!” деб қўлларини дуога очганини кўриб қолди. Ҳайратда қолган бой, деҳқондан сўради: "Бу "эчкининг ҳаққи" нима дегани?".
Деҳқон шундай жавоб берди: "Бу Аллоҳ билан менинг орамдаги бир сир".

Бой одам деҳқондан бу сирни очишни сўради ва ҳоли жонига қўймаганидан кейин деҳқон ҳикоя қила бошлади: "Ёшлигимда ишчи бўлиб ишлардим, олган маошимни тўплаб, уйланиш учун сақлардим. Уйланишим учун менга 100 жунайҳ миқдорида маблағ зарур эди. Бир куни қўшнимнинг қизи икки эгизак бола туғиб, онаси вафот этиб қолди. Қўшнимнинг боши қотган, болаларни эмизадиган она керак. Аммо қишлоқда эса, ўзини боласига қўшиб яна икки болани эмизадиган аёл йўқ. Болаларнинг очликдан йиғлашлари менга эшитилган сари юрак-бағрим эзилиб кетади. Шундан кейин мен тўйим учун йиғиб юрган 35 жунайҳ пулни олиб, бозорга бордим. Болалар учун кийим-кечак ва уй учун керакли буюмлар сотиб олдим ва қўшнимга сездирмай нарсаларни унинг ҳовлисига киритиб қўйдим. Қўшним нарсаларни кўриб хурсанд бўлди, аммо яна бу билан қўшнимнинг  муаммоси ҳал бўлмаслигини билар эдим.
Бир кеча тушимда бир шайх келиб: "Қўшнингнинг ҳовлисига эчки боғла", деди.

Эрталаб туриб, қолган пулимга янги болалаган эчки сотиб олдим. Қўшнимнинг ҳовлисига олиб кириб боғладим. Шундан кейин қўшнимнинг уйида болаларнинг чинқираб йиғлаган овози тинди. Қўшним эса ҳар куни “Эчкини олиб келган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” деб дуо қилар эди. Мен учун бу эчки Аллоҳ билан орамдаги бир сир бўлиб қолди. Ҳар қачон шу дуо билан Аллоҳдан сўрасам, Аллоҳ қабул қилади. Бу кеча эчкининг ҳаққи билан сенга шифо сўраб Аллоҳга дуо қилдим. Иншааллоҳ, Аллоҳ сенга шифо беради, деди. Бой одам деҳқоннинг ҳакоясини эшитдию, аммо унга унчалик эътибор қилмади. 
Лекин шу воқеадан кейин яна бир марта шифокорнинг ҳузурига таҳлил учун борганида шифокорнинг хулосасини эшитиб ҳайратдан қотиб қолди. Чунки унга бир неча йиллардан бери оғриқ азобини бериб келаётган ошқозон ва ичакларидаги дардидан асар ҳам қолмаган эди.

Бой одам бу гапни эшитгач, шошилганча деҳқоннинг ҳузурига борди ва унинг қўлларини ўпиб миннатдорчилик билдирди ва унга ҳам шундай савобли ишлар қилишни ўргатишини сўради. Деҳқон эса уни қишлоқ бўйлаб олиб юриб, фақир ва муҳтожларнинг уйларини кўрсатди ва ҳар бир фақирнинг уйини олдида бир тўхтаб, унга: "Аллоҳ билан савдо қил!" деди. Бой одам: - Қандай қилиб Аллоҳ билан савдо қилиш мумкин?  деб сўради. Шунда деҳқон: "Аллоҳ билан савдо қилишнинг йўллари кўп. Энг муҳими ихлос бўлсин. Шунда бир оғиз ширин сўзинг ҳам садақа ҳисобида бўлади".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ