Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Феврал, 2025   |   10 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:06
Қуёш
07:26
Пешин
12:42
Аср
16:07
Шом
17:52
Хуфтон
19:07
Bismillah
09 Феврал, 2025, 10 Шаъбон, 1446

Москва муфтийси Усмонхон Алимов вафоти юзасидан ҳамдардлик билдирди

16.08.2021   1318   1 min.
Москва муфтийси Усмонхон Алимов вафоти юзасидан ҳамдардлик билдирди

 Бугун бизга қайғули бир хабар келиб тушди – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий муфтийси Шайх Усмонхон Aлимов вафот этдилар.

Москва мусулмонлари диний бошқармаси ва ўз номимдан Шайх Усмонхон Aлимовнинг оилалари ва яқинларига ҳамда бутун Ўзбекистон умматига чуқур ҳамдардлик билдираман. Ўтганларни сўзлар билан орқага қайтариб бўлмайди. Лекин биз, мусулмонлар, Биз, албатта, Aллоҳникимиз ва Унгагина қайтамиз, деган ақийдадамиз (Бақара сураси, 156-оят).

Aлбатта, бу жуда оғир йўқотиш, Ўзбекистон халқи Шайх Усмонхон Aлимов эришган ютуқларни доимо ёдда сақлайди. Усмонхон Aлимов Исломнинг асл қадриятларини қайта тиклаш ва асраб-авайлашга катта ҳисса қўшди. Йиллар давомида у нафақат халқига, балки бутун мусулмонлар манфаати учун чин дилдан хизмат қилиб, муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширга улкан ҳисса қўшди.

Қодир Аллоҳдан ҳурматли шайх Усмонхон Aлимовнинг руҳини қабул қилиб, ўз раҳматини ато этишини сўраймиз. Aллоҳ таоло марҳумнинг билиб-билмай гуноҳларни кечирсин, яхшиликларини қабул қилсин ва энг яхши мукофотлар ила мукофотласин, жаннати наъимда энг юқори даражаларни ато этсин.

Москва муфтийси Илдар Aляутдинов

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Саҳоба мунофиқ бўлдими?

6.02.2025   3787   2 min.
Саҳоба мунофиқ бўлдими?

Абу Усмон Наҳдийдан, у эса Ҳанзала Усайдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Ҳанзала Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёзувчилари (котиблари)дан бири эди, бундай дейди: Абу Бакр розияллоҳу анҳу менга йўлиқиб қолдилар ва: — Эй Ҳанзала, аҳволинг қандай? — деб сўрадилар.

Мен у кишига жавобан: — Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди! - дедим. Абу Бакр ҳайрон бўлиб: — Субҳаналлоҳ! Бу нима деганинг? — дедилар.

Мен: — Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда, у зот бизга дўзах ва жаннат ҳақида зикр қилиб, эслатадилар. Шундайки, биз уларни худди кўз билан кўраётгандек ҳис қиламиз. Лекин, у зотнинг ҳузурларидан чиқиб, аёлимиз, болаларимиз ва тирикчилигимиз билан машғул бўлсак, кўп нарсаларни унута бошлаймиз, - дедим.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу: — Аллоҳга қасамки, биз ҳам худди шундай ҳолатни бошдан кечирамиз! - дедилар. Шунда мен ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик.

Мен: — Ё Аллоҳнинг Расули, Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди! - дедим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: — Бу нима деганинг? - деб сўрадилар.

Мен: — Ё Аллоҳнинг Расули, биз сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда, сиз бизга дўзах ва жаннат ҳақида эслатасиз, шу даражадаки, биз уларни худди кўзимиз билан кўраётгандек ҳис қиламиз. Лекин сизнинг ҳузурингиздан чиқиб, аёлимиз, болаларимиз ва тирикчилик ишлари билан машғул бўлсак, кўп нарсаларни унута бошлаймиз, дедим.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: — Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар менинг ҳузуримда бўлганингиздек ҳолатингизни узлуксиз давом эттирадиган бўлсангиз, фаришталар ётоқларингизда ва йўлларингизда сизлар билан кўришиб, саломлашиб юрар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, (ҳар нарсанинг) ўзига яраша вақти бор (Бу сўзни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта такрорладилар) (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдан олинадиган хулоса:
Одамнинг баъзи вақтларда Аллоҳнинг зикри ва ибодат билан машғул бўлиши, баъзи вақтларда эса ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаши табиий ҳолдир. Бу унинг мунофиқлигига далолат қилмайди. Шунинг учун, ушбу ҳадисдан нотўғри хулоса чиқариб, уни гуноҳларга йўл бериш баҳонасига айлантириш мумкин эмас.
Ҳадисдаги маъно шундан иборатки, мусулмон киши ибодат қилиши билан бирга, вақти-вақти билан танасига ҳордиқ бериши ва ҳалол нарсалардан баҳраманд бўлиш ҳуқуқини ҳам адо этиши керак.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ