Бугун Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар учун Маърифат соати бўлиб ўтди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов кириш сўзи билан очиб бердилар ҳамда имомларни билим ва малака синовидан муваффақиятли ўтганлари билан табрикладилар.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдулвосит Ҳомиджонов ҳам тадбирда иштирок этиб, ўзларининг таклиф ва тавсияларини бердилар.
Кун тартибида умумий масалалар, хусусан, умра зиёратига борувчи гуруҳ раҳбарлари янада фаолроқ бўлиши, ўз гуруҳидаги зиёратчилар билан кўпроқ тушунтириш ишларини олиб бориши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, фуқаролар билан хушмуомала бўлиш, маҳаллалар билан кўпроқ ишлаб, хонадонларга кириб боришни тизимли йўлга қўйиш бугунги кун талаби экани эслатиб ўтилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг ўринбосарлари Абдуллоҳ домла Йўлдошев ҳамда Эргашали домла Рустамов ҳам иштирок этдилар.
Маърифат соати сўнгида хайрли дуолар қилинди.
Осмонлару ерни яратган Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.
Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.
Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.
Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.
Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].
Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?! Албатта, йўқ.
Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг.
Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг. Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ҳуд сураси, 102-оят.