Кеча, 14 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов ва Тошкент шаҳар “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил Муҳаммад Содиқ домлалар Наманган вилоятига сафарлари мобайнида, Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” масжиди ва “Катта боғ” масжиди қавмлари, мўйсафид отахонлар, кенг аҳоли вакиллари ва меҳрга ташна инсонлар билан учрашдилар.
Дастлаб, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов ушбу тумандаги " Мавлоно Лутфуллоҳ " жоме масжиди жамоаси билан аср намозини ўқигач, йиғилганларга юртимиздаги хайрли ишлар ҳақида маълумот бериш билан бирга, бугунги куннинг долзаб мавзулари бўйича маъруза қилди, қавмнинг саволларига жавоб берди. Мўмин-мусулмонлар ўзларини қийнаб келаётган саволларига мукаммал жавоблар олганларидан қониқиш ҳосил қилганлари ва миннатдорликларини изҳор қилдилар.
Шунингдек, Тошкент шаҳар “Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил Муҳаммад Содиқ домла ҳам диний-маърифий соҳада қилинаётган хайрли ишлар, янгиликлар ҳақида маълумот бериб, бугунги замоннинг муҳим масалалари бўйича, жумладан, ёшларнинг илм олиши, китобга муҳаббат қўйиши, ўз касбининг устаси бўлиб етишишида илмнинг ўрни беқиёслиги тўғрисида маърузалар қилиб бердилар.
Суҳбат якунида уламолар Ҳақ таоло юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.
Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов ҳамда Исмоил Муҳаммад Содиқ домлалар Чуст туманидаги эҳтиёжманд аҳоли вакиллари ҳолидан хабар олиб, уларга "Вақф" фондининг моддий ёрдам пули ва озиқ-овқат маҳсулотларини ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт матбаа ижодиёт уйида чоп этилган китобларни ҳадя сифатида топширдилар, хайрли дуолар қилдилар.
***
Тошкент шаҳар “Камолиддин Ориф ал-Бухорий” масжиди имом-хатиби Закариё домла Хафизуллаев Чуст тумани "Иброҳим Ҳалилуллоҳ" жоме масжидида аср намозини ўқигач, йиғилганларга тинчлик ва шукроналик, юртимиздаги хайрли ишлар ҳақида маъруза қилди, қавмнинг саволларига жавоб бердилар.
Сўнг, тумандаги ижтимоий кўмакка мухтож, бемор бўлган оилаларга “Вақф” хайрия жамоат фонданинг Наманган вилояти филиали томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат жамланмаси, диний-маърифий китоблар ва эҳтиёжларига кўра маиший буюмлар тақдим этилиб борилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўқилиши: Шаҳидаллоҳу аннаҳу лаа илаҳа илла ҳува вал малааикату ва улул илми қооиман билқисти лаа илаҳа илла ҳувал ъазийзул ҳакийм.
Маъноси: "Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам гувоҳлик бердилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким Зотдир" (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигига мен ҳам гувоҳман" деса, Аллоҳ таоло ушбу оятнинг ҳарфлари ададича фаришталарни қиёмат кунигача ўша кишининг ҳаққига истиғфор айттириб қўяди".
У зот алайҳиссалом бошқа ҳадисда бундай деганлар: "Ким уйқуга ётишидан олдин ушбу оятни ўқиса, Аллоҳ таоло етмиш мингта фариштани яратади ва улар қиёмат кунигача ўша кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар".
Абу Ғолиб айтадилар: "Мен Куфага тижорат қилиш учун борганимда Аъмашга қўшни бўлиб турдим. Шунда у кишини ҳар кеча ушбу оятни такрор ва такрор ўқигани ва ундан кейин: "Мен ҳам Аллоҳ гувоҳлик берган нарсага гувоҳман, мен ушбу гувоҳлигимни Аллоҳга омонат қилиб топшираман. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло менга омонатимни қайтаргай" деганларини эшитар эдим.
Шунда у кишидан бунинг сабабини сўраганимда, айтган эдилар: "Абу Воил менга Ибн Масъуддан ривоят қилиб айтган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида ушбу калималарни айтса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унга хитоб қилиб бундай дейди: "Бандам менга берган ваъдангда турдинг, яъни тавҳидда, Мен ҳам Ўз ваъдамда тураман. Эй, малоикаларим! Жаннатнинг ҳамма эшикларини очинглар, бу бандам хоҳлаган эшигидан кирсин", дейди".