Устоз Эркин Аъзамнинг шундай сарлавҳали фиқраси бор. Шу ибора тилимга хуш келиб қолганиданми бир куни нимадир сабаб бўлиб: “Кўз-кўз қилманг, кўз тегар”, деган эдим, жуфти ҳалолим: “Ҳозир баъзиларни Интернет орқали иссиқ-совуқ, дуоибад ва бошқача сеҳр-жодулар қилаётган эмиш. Шунинг учун Интернетга расм қўймаслик керак экан”, деб қолди...
Эрталаб гижинглаган тойдек бўлиб соғу саломат юрган кишини кечга яқин тез ёрдам машинаси олиб кетганини эшитасиз. Яна уч-тўрт кун ўтиб унинг дўхтирхонама-дўхтирхона кезиб юргани қулоғингизга чалинади, дўхтирлар ташхис қўя олмаётган эмиш – кўз текканми?..
Нега бундай ҳолатлар кўп учраяпти, “мерган”лар шунчалик кўпайиб кетганми ё. “islam today” эълон қилинган “Ижтимоий тармоқ орқали кўзикиш ростми?” (Муаллиф – София Мусаева) сарлавҳали мақолада ёзилишича, оммавий равишда кўзикишнинг сабабчиси бу – Интернет ва ижтимоий тармоқлардир. Чунки замондошларимиз уларга кўз-кўз қилиш учун бахтдан масрур бўлиб турган суратларини жойлайди. Шунчаки «Инстаграм»га бир бўйлаб кўринг: унда муҳташам ошхонада энг ширин таомларни тайёрлаш ҳам тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда. Бахтдан масрур соҳибжамол аёл ниҳоятда ҳашаматли ошхонада, бундаги ҳар бир ашёни кўрган киши унинг жимжимасига ҳаваси келади. Шахсий саҳифадаги суратлар ниҳоятда бой хонадонни намойиш этади.
Ҳатто одамда шундай фикр туғиладики, одамлар гўёки жамики сарватларни ижтимоий тармоқларга жойлаб кимлардандир олқиш олиш учун яшаётгандек. Шунингдек, «Ватсап»нинг деярли ҳар бир аватаркасига – мурғак болаларнинг, севишган ёшларнинг, совға қилинган гулдастанинг, безалган, ширин тортларнинг ва бошқа нарсаларнинг фотосурати жойланган. Бу ерда гап ҳатто моддий бойликларини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиб мақтаниш ҳам эмас, Гап – унинг қанчалик бахтиёр эканини имкон қадар кўп одамлар кўриши ва ҳамманинг ҳайратга тушишини жуда қаттиқ исташдадир. Аммо бир нарсани унутмайликки, биз ўша ижтимоий тармоқларга жойлаётган бахтимизни унда кўраётган юзлаб, минглаб, миллионлаб бегона кўзлар ундан ўзимиз севинганимиздек севинмайди...
Яқинда танишларим оиласида катта жанжал бўлди… Ёш жуфтлик ўртасидаги муомалада чуқур жарлик пайдо бўлди. Кўп ўтмай уларнинг қизчаси оғриб қолди. Албатта, бунинг турлича сабаблари бордир. Аммо улардан бирини тахмин қилиш мумкинки, келинчак ҳар куни ижтимоий тармоқда гоҳ гулдаста тутиб турган жуфти билан, гоҳ бағрига олиб турган қизчаси билан кўзларида бахт учқуни порлаб турган ҳолатда пайдо бўлади. Аммо уларни кўрган ҳар киши “Яратганнинг марҳаматини қаранг, қандай ажойиб жуфт! Аллоҳ таоло уларнинг бахтини бардавом қилсин!” демайди-да. Аксинча, айрим феълида қусури борлар ҳасад қилиб: “Нега унинг эри шундай чиройли букетлар совға қилади? Нима учун уларнинг қизчаси бунчалик ёқимтой? Унинг омади кулибди...” ва шунга ўхшаш гапларни айтиши мумкин, деб ёзади София Мусаева.
Бунинг ижтимоий жиҳатлари ҳам бор, Айтайлик, йиллар давомида тирноққа зор бўлиб биргина фарзанд кўра олмаётган оилалар бор. Ўша оилаларга қизчасини кўз-кўз қилиш оғир ботиши ҳам мумкин. Яна оилавий етишмовчиликлардан азият чекаётганлар қанча. Биз мақтаниб ижтимоий тармоққа жойлаётган чиройли тортлар, сарёққа қовурилган товуқ гўштлари, рулетлар, сихга тортилна кабоблар ва ҳоказолар уларнинг қайғусини янада зиёда қилмасмикан. Дунёда ўзининг муносиб жуфтини топа олмасдан изтироб чекаётганлар қанча?! Оила қуриб ҳам сира роҳат кўрмасдан ажралиш остонасидагилар-чи! Ёки юрагига энг яқин одамини бой бериб фироқ азобини тортаётганлар йўқми...
Нима бўлганда ҳам ўз ҳаётини кўз-кўз қилиш бу – тўғри иш эмас. Буни динимиз ҳам маъқулламайди. Шариатимиз бизни ҳамма нарсада вазмин бўлишни, меъёрни сақлашни, ўз бахти ҳақида оламга жар солмасликни, одамларда ўзининг бахтига нисбатан ҳасад туйғусини уйғотмасликка чақиради.
“Кўп йиллар бурун бир домлага ўқитишга бордим. Уйини сўроқлаб топиб бордик. Ҳовлида тумонат одам йиғилиб турибди. Навбат кутаётганлар экан. Биз ҳам уларга қўшилиб турдик. Бир маҳал ичкаридан бир сурув одам чиқди. Кейин бизга киринглар деган ишора бўлди. Кирсак ўртада катта хонтахта. Унинг усти тўла одамларнинг сурати: ўсмир қизлар, аёллар, турли ёшдаги эркаклар, ҳатто болаларнинг ҳам суратлари бор. Биз хонтахтани айланиб ўтирдик. Ҳамма ўтирганидан кейин тўрда ўтирган домла кўзини хиёл ёпиб ўқишга тушиб кетди. Мен тўрдагилардан бошлаб ўқиб навбатма-навбат дам солар экан-да, деб тахмин қилиб турган эдим бир маҳал худди калашников автоматидан ўқ отгандек қилиб “суф, суф, суф...” деб ҳаммага, хонтахта устидаги суратларга ҳам дам солиб юборди”, дейди бир қўшнимиз.
Бу ҳикоядан суратга қараб дам солиш тажрибаси амалда қўлланилаётгани аён бўлади. Демак, Интернетдаги суратларга қараб дам солар экан, кўз тегар экан, иссиқ-совуқ қилар экан деганлари асоссиз эмас экан-да.
Бизнинг бахтиёрлигимизни қанчалик кам одам билса, уни муҳофаза этишимиз шунчалик қулай бўлади. Кўп одам биз ҳақда билмагандан кейин “кўзи” бор одамларнинг ҳам кўпи биздан бехабар бўлади ва кўзикиш деган нарса бизни четлаб ўтиб кетади.
Ушбу мавзуда берилган бир саволга жавоб берган Одилхон қори Юнусхон ўғли бундай деган экан: “Кўз тегишидан ҳимояланиш учун, аввало, Аллоҳ таоло берган неъматлар шукри адо этилади, улар билан мақтанчоқлик қилинмайди, имкон қадар кўпчиликдан – тўғри маънода – беркитилади, неъматни кўз-кўз қилавермайди”.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан 2011 йилда кўз тегиши ҳақида сўрашганида бу саволга жавобни ушбу ҳадис билан бошлаган эканлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган. Муслим ва Термизий қуйидагиларни зиёда қилишган:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди. Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг», дедилар».
Ғуслнинг баёни Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисда қуйидагича баён қилинади:
«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳни тўнтарилиб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».
Ушбу ҳадиси шарифдан аён бўладики, кўз тегишининг давосини топиш унчалик қулай иш эмас. Биринчидан, беморга кимнинг кўзи текканини аниқлаб олиш осон иш эмас, Иккинчидан, кўзи теккан киши киши уялганидан ёки одамларнинг маломат қилишидан қўрқиб ўзининг кўзи текканини тан олмаслгиги мумкин. Учинчидан эса ижтимоий тармоққа суратларини жойлаган одамга дунёнинг қайси бир кунжагидан кимнингдир кўзи теккан бўлса, уни аниқлаб бўладими, аниқлаган тақдирда ҳам Африкагами, Хитойгами бориб уни ким олиб келади. Ким унга бу ишларни тушунтиради...
Шундай экан, азизлар, кўз-кўз қилманг, кўз тегар
Донишмандлар ҳам бахтни мустаҳкам қурғон ичра сақлаш даркор ва уни ҳадеб одамларга кўрсатавериш шарт эмас, дейдилар. Ахир одам энг баҳоли ва қадрли нарсаларни кўздан пана қилади – бойлигини яширади, бошқа нарсаларини яширади, нега бахтини яширмасин!
Дамин ЖУМАҚУЛ,
ЎМИ Матбуот хизмати
Хотира
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.
1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.
1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.
1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.
1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.
1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,
1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.
1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.
1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.
Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:
— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.
Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.