Маънавий етук оила – юксак жамият таянчи. Оила урф-одатлари, шажараси, анъаналари, ахлоқий-маънавий қадриятларни фарзандлар онгига сингдириш, ҳар бир кишини касб-ҳунар малакаcи билан қуроллантириш маънавий баркамолликни тарбиялаш асосидир.
Ислом дини халқларнинг ижтимоий ҳаётига, хусусан, оилавий муносабатлари, маданияти ва миллий анъаналарига сингиб кетган. Исломий маънавият манбаларида оила, оилавий муносабат ва оилавий тарбияга оид қарашлар тизими мавжуд бўлиб, у оиланинг шаклланиши, ривожланиши ва мустаҳкамланишига қаратилган барча жиҳатларни ўз ичига олади. Бу қарашлар илоҳиёт нуқтаи назаридан ўртага ташланса-да, улар кишиларнинг ҳаётий фаолияти, турмуш тарзи, ижтимоий эҳтиёжи, ниҳоят оилавий муносабатлари талабидан келиб чиққанлиги учун ҳам ақл ва кундалик турмушга мувофиқ эди.
Исломда оилавий тарбиянинг ўзига хос хусусиятлари кўрсатиб ўтилади. Бу хусусиятлар мусулмончилик талабидан келиб чиққан, болани ахлоқий тарбиялаш ҳақидаги умумий ғоялар билан боғлиқ бўлиб, улар болани инсонийлик ва эзгуликка даъват этгани учун умуминсоний мазмунга эгадир. Бугунги кунда ота-оналар ислом маънавиятини болалар шуурига сингдириб бориши зарур.
Қобилжон АСЛАНОВ,
Боёвут тумани “Абдухолиҳ
Ғиждувоний” жоме масжиди имом-хатиби
Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.
Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.