Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим!
«Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!» деб, (Каломуллоҳ Қуръони каримнинг Қалам сураси 4 ояти)да марҳамат қилиб, макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилган Жаноби севимли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаган Парвардигори оламга беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин!
«Ҳақ бўлатуриб тортишувни тарк қилган киши учун жаннатнинг чеккасида бир қаср бино қилинишига; ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида бир қаср бино қилинишига; хулқи гўзал бўлган киши учун эса жаннатнинг юқорисида бир қаср бино қилинишига кафилман» деб, (Имом Абу Довуд ривоятлари) марҳамат ила ваъда этган ҳабибимиз, кўзимиз нури, бошимиз тожи Жаноби севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салавот-шарифларимиз ва саломларимиз бўлсин!
Каломуллоҳ Қуръони карим ояти карималарида, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида, саҳобаи киромларнинг гўзал феъл-атворларида, уламоларимизнинг ноёб асарларида, улуғларимизнинг китобларида ва доно халқимизнинг доно мақолларида келган “Ҳаёт” университетида учрайдиган ҳар хил саволларга мукаммал ва тўлиқ, батафсил ва аниқ жавоблар ҳар биримиз учун ЗАРУР ва ДАРКОР бўлса керак...
Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю кундуз зўравонлик билан тарқатаётган бир онда, фарзандларимиз ўз-ўзлари билан ёлғиз қолиб 25 соат вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб, болаларимиз улар билан “банд” бўлиб қолганларида мазкур вазифалар ва пурмаъноли ҳикматлар жаннатмакон юртимизнинг, муқаддас Ватанимизнинг, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга – ҳаво, балиққа – сув зарурлигидай зарур бўлса керак...
Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва хамлалардан, тухмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси хамон долзарб бўлиб қолмоқда. Бу вазифа нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга белгиланган, балки ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН буюк вазифа ва бугунги XXI аср замонасида ЭНГ КАТТА вазифа, деб билмоғимиз лозим!
«ЖОНЛИ» ВА «ЖОНСИЗ» ТАРБИЯ
«Агар огоҳсан сен – шохсан сен.
Агар шохсан сен – огоҳсан сен»
Албатта, халқимиз, жумладан, ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. Бироқ ғарбда дин ва одобга зид бўлган қарашларнинг кўпчиликка сингдирилиши оқибатида юзага келган «оммавий маданият» тушунчасини ғарб зиёлиларининг ўзи «ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётганини ҳамда «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.
Бугунги кунда тарбия ҳам, минг афсуслар бўлсинки, икки хил бўлиб қолди: 1) «жонсиз» тарбия ва 2) «жонли» тарбия.
1) «Жонсиз» тарбия – бу интернет, компьютер, телефон, дисклар, телевизор. Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бу нарсалар ҳам кўп ёшларимизни, баъзи ўринларда сал каттароқларимизни ҳам тўғри йўлдан, ўз ота-оналари не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан оздириб ва адаштириб қўймокда. Натижада, доно халқимиз мақолида «яхшини шарофати, ёмонни касофати» деб айтилганидек, ўзлари ҳам, оиласи ҳам, қариндошлари ҳам, қўшнилари ҳам, дўстлари ҳам, яқинлари ҳам, атрофдагилари ҳам сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалласига ҳам, ишлаб турган ишхонасига ҳам, бутун эл-юртига ҳам етмоқда.
Бундай шаклдаги «жонсиз» тарбия – доно халқимиз дунёқарашига ва миллатимиз менталитетига ҳам, Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларига ҳам, динимиз кўрсатмалари ва шариатимиз ҳукмларига ҳам, уламоларимиз фатволари ва давлатимиз қонунларига ҳам, шарқона одобларимиз ва мазҳабимиз меъёрларига ҳам, жамиятшунослик алоқалари ва одамгарчилик муносабатларига ҳам, инсоний туйғулар ва руҳшунослик сир-асрорларига ҳам, юртимиз урф-одатлари ва ўзбекчилик қоидаларига ҳам, маданиятимиз ахлоқлари ва инсоний ақлга ҳам, ахлоқий норма ва доно халқимиз мақолларига ҳам, миллий анъаналаримиз ва диний қадриятларимизга ҳам, халқимиз онги ва мусулмончилигимиз асосларига ҳам, Ислом динимиз тушунчаларига ҳам МУТЛАҚО зид эканлигини унутмайлик!
Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас! Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга МОС КЕЛАДИГАНЛАРИНИГИНА саралаб олмоғимиз шарт. Бу мақсадга эса ёшларимизга телефон, телевидение, компьютер ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи хали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига жиддий зарар етмасин.
Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, АҚШда жиноятчиларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани маълум бўлган. Уларга ота-онасининг ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба ўрта ёш, хатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.
2) «Жонли» тарбия – бу улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган олтиндан қиммат ривоятлари ва ноёб ҳикматлари, буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари, меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари, элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари, жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар.
Бу «жонли» тарбиядаги маълумотлар эса маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН беқиёс энциклопедик манба бўлиб хизмат қилади.
Оиладаги бош – бобо ёки буви, ота ёки она ҳар куни, айниқса жума оқшоми, бозор оқшоми кунларида оилавий дастурхон атрофида ўтирганларида оиласининг ҳар бир аъзоларини исмларини номма-ном айтиб, ҳар бир ўғил-қизларини, ҳар бир келин-куёвларини, ҳар бир невара-чевараларини хақларига яхши тилаклар айтиб, яхши дуолар қилсалар – бу ҳам «жонли» тарбиянинг бир тури ҳисобланади. Зеро бундай шаклдаги «жонли» тарбияни ҳаммаларимизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимиз аввал-азалдан чин ихлос билан, соф эътиқод билан, гўзал намуна ва чиройли ибрат бўлиб, баркамол даражада бериб келишган. Шунда «мени отам мени хақимга бундай дуо қилганлар», «мени онам мени бундай бўлишимни Худодан сўрар эдилар» деган онги-шууридаги дастурхон атрофидаги сурат уни кўз олдида доим туради. Дастурхон атрофида, оиласи ҳузурида айтилган ота-онасининг умидлари, орзулари уни бошқа ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишга, ҳар куни қўл очиб Яратгандан сўраётган тилакларни эслаб, мазкур тилакларга мос келмайдиган ишлардан сақланишга ундайди.
Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизни юксак маънавиятига давлатимиз раҳбари Мухтарам Президентимиз ҳам: «Дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай жойдан ҳеч қачон барака аримайди» деб, яна қўшимча сифатида бизларга енгилмас куч қилиб бердилар.
Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир. Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан пойдевор вазифасини ўтайди. Диёримизда миллий қадриятлар ва муборак динимизнинг эзгу таълимотлари асосида оилага доир қонун-қоидалар янада мукаммал қайта ишланди. Жаноб ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида мархамат қиладилар: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!» Бу хусусда шоирларимизни ибратли сўзлари бор:
«Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,
Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор».
Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз хақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик. Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Айниқса, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда. Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай хамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.
Айниқса ҳозирги ёзги таътиллардан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб, ҳар бир ота, ҳар бир она ўз фарзандига одоб-ахлоқ намуналарини, киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига – ватанпарварлик ҳис-туйғуларини, бобо-бувига – эҳтиром-ҳурматни, ота-онага – меҳр ва итоаткорликни, оила аъзоларига – раҳмдиллик ва меҳрибонликни, ўз жуфт ҳалолига – ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни, қўни-қўшниларга – оқибат ва чиройли муносабатни, қавм-қариндошларга – саховат-мурувватни, синфдош-касбдошларга – чин дўстлик ва ёрдам беришни, атрофдаги барча одамларга – инсонпарварлик ва самимийликни, хайвон-парранда-хашаротларга – раҳм-шафқатни уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз – ҳам бурчимиз, ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир! Худони олдида ҳам, бандасини олдида ҳам, юрт-халқимиз олдида ҳам!
Буларни ҳаммасини болаларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч кандай қизил диплом ҳам керак эмас! Ёшларимизда бу жиҳатларини биз уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор, уларнинг хамиртурушларида бор! Зеро шу фазилатларнинг ҳаммаси болаларимизнинг ДНК ларида мавжуд! Чунки бу хусусиятларнинг барчаси бизларнинг ота-оналаримиздан авлоддан-авлодга, қон орқали ўтиб келаяпди! “Бунинг қонида бор-да ўзи!” деб ёки “олма пишса, тагига тушади” деб бежиздан-бежиз айтмайди доно халқимиз!
Кимнинг она Ватанни севиш туйғуси кучли ва имон-эътиқоди мустаҳкам бўлса, ўзининг ўтмишини ҳурматлаб, яхши билса, «оммавий маданият» тузоғига тушиб қолмайди, дину давлатимизнинг “хақиқий дўстлари”нинг қармоғига илинмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар фарзандлари билан миллий мусиқа, халқ қўшиқ-ашулаларимизни эшитишса, биргаликда китоб ўқишса, ўқиган асарларини биргаликда муҳокама қилишса, уларни турли спорт секцияларига ва мусиқа тўгаракларига жалб этишса, эришилган ютуқлари ва эгаллаётган тажрибаларига қизиқишса, илм-ҳунар ўрганишларида ҳамнафас бўлишса, ёшларнинг ёт ғоялар учун вақти ҳам, қизиқиши ҳам бўлмайди.
Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳар бир инсон ҳаётида хавотир ва қўрқувни ҳис қилади. Бу табиий ҳолат. Айниқса, бугунги кунимизда турмуш ташвишлари, ҳаёт қийинчиликлари, нархлар ошиши, ҳашаматли уй ва тўй қилиш борасидаги беҳуда орзу-ҳаваслар ортидан олинадиган қарзлар, улар келтириб чиқарадиган турли хил муаммолар инсонни чинакамига хавотир ва қўрқув исканжасига олади. Агар одамда бу ҳиссиётлар ҳаддан ташқари кучайиб кетса, унинг тафаккур ва тўғри қарор қабул қилиш қобилияти тўхтаб қолади, хаёллари доимий суратда сочилиб, оддий нарсаларга ҳам диққатини қаратиши қийин бўлиб қолади. Ислом дини инсон қалбининг хотиржам бўлишига катта эътибор қаратади. Қуръон ва ҳадисларда хавотир ва қўрқувни енгиш ҳақида кўплаб ҳикматлар бор.
Мия ва руҳиятнинг ўзаро боғлиқлиги
Миямиз икки асосий бўлим орқали ишлайди:
1. Рационал тафаккур (ақл ва мантиқ) – бу инсоннинг онгли қарорлар қабул қилиш қобилиятини бошқаради.
2. Лимбик тизим (ҳиссиётлар маркази) – бу қўрқув, хавотир ва стрессга жавоб берувчи қисм.
Шуни таъкидлаш лозимки, лимбик тизими мантиқий фикрлашга жавоб берувчи қисмига қараганда фаолроқ ишлайди
Агар инсон ҳаддан ташқари қўрқув ва хавотирга берилса, унинг мантиқий тафаккури блокланади ва у нотўғри қарорлар қабул қилиши мумкин. Исломий нуқтаи назардан қараганда, ортиқча хавотир ва қўрқув шайтоннинг васвасаси бўлиши ҳам мумкин.
Қўрқув ва хавотир бизга қандай зарар беради?
1. Аллоҳга таваккул қилиш ҳиссини заифлаштиради
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Шайтон сизларни камбағаллик билан қўрқитади ва бузуқликка буюради. Аллоҳ эса сизларга ўзининг мағфирати ва фазлини ваъда қилади» (Бақара сураси, 268-оят).
Шайтон инсонни келажакдан қўрқитиб, уни танг аҳволга солади. Бундай пайтларда таваккул қилиш энг муҳим қуролдир. Шунингдек, уламоларимиз мўмин киши доимий тарзда истиғфор айтиб юриши кераклигини ҳам таъкидлаб ўтганлар. Бу ҳақида ҳам бир қанча оят ва ҳадислар мавжуд.
2. Мантиқий тафаккурни ўчиради
Бундай вақтларда инсон фақат муаммога эътибор қаратади, лекин унинг ечимини топа олмайди. Бу худди ғилдиракнинг айланишига ўхшайди: айланаверади, аммо охири бўлмайди. Энг тўғри йўл эса муаммони борича қабул қилиб, ёрқин келажакка умид қилмоқдир.
Қуръонда бундай оят бор: «Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир» (Шарҳ сураси, 6-оят).
Бу оят инсонни қийинчилик ичида қолиб кетмасликка, ечим борлигини тушунишга ундайди.
3. Шукур қилишни камайтиради
Хавотир ва қўрқув ичида яшаган одам бор неъматларни кўрмайди. Шу боис атрофидаги кишиларни, ўзи яшаётган муҳитни айблай бошлайди ва бу ўзи-ўзидан Аллоҳ таолога нисбатан исён қилишга олиб келиши мумкин. Аммо инсон айни онда ўзидаги бор нарсалар: иймон, соғлик, тинчлик ва оила каби неъматларни ҳаётида энг юқори поғоналарга қўйиб яшаши керак.
Аллоҳ таоло Қуръонда бундай дейди: «Агар шукур қилсангиз, сизларга (неъматимни) яна зиёда қиламан. Агар куфр қелтирсангиз, бас, албатта азобим қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят).
Шукур қилиш хавотирни енгишда энг кучли қуроллардан биридир.
Қўрқув ва хавотирни қандай енгиш мумкин?
1. Аллоҳни кўп зикр қилиш. Бу илмий тадқиқотларда ўз амалий исботини топган жараёндир. Япониялик олим Масару Эмото сўзлар, мусиқа ва энергиянинг сув молекулаларига таъсирини аниқлаш борасидаги «Сув хотираси» номли тадқиқот ўтказган. Тадқиқот жараёнида бир идишдаги сувга ҳар хил қўпол ва салбий сўзларни айтишган, буларнинг орасига бетартиб ва ёқимсиз шовқинлар ҳам қўшилган. Яна бир идишдаги сувга эса, аксинча, чиройли ва гўзал сўзларни айтишган. Кейин бу икки идишдаги сувни музлатишганида уларда икки хил нақшлар пайдо бўлган. Қўпол сўзлар айтилган сувда хунук ва беўхшов нақшлар, чиройли сўзлар айтилган сувда эса жуда гўзал ва жимжимадор кристаллар пайдо бўлган. Ушбу тадқиқот орқали Масару Эмото инсон танасининг 60–70% сувдан иборат эканини инобатга олиб, қандай сўзлар эшитаётганимиз руҳимиз ва соғлиғимизга бевосита таъсир қилишини таъкидлаган.
«Айтгинки, албатта, қалблар фақат Аллоҳни зикр қилиш билан хотиржам бўлади» (Раъд сураси, 28-оят).
Дунёдаги энг гўзал сўзлар, шубҳасиз, Аллоҳнинг сўзлари, Унинг пок исмларидир. Кўп тасбеҳ айтиш, Қуръон тиловат қилиш ва Аллоҳни эслаш қалбни тинчлантиради.
2. Намоз ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда бирон иш муаммо бўлса, намозга шошилардилар (Имом Абу Довуд ривояти)
Намоз – инсоннинг руҳий мувозанатини тикловчи энг кучли воситалардан биридир. Намоз нафақат тана ҳаракати, балки қалб садоси, руҳ сўрови ва Аллоҳ билан бўладиган сирли суҳбатдир. Ҳар бир рукуъ, ҳар бир сажда, ҳар бир салом – бу ҳаётдаги оғирликлардан холи бўлиш, ички ғаму ташвишларни Аллоҳ ҳузурида енгиллатишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ташвишли ҳол юз берса, намозга шошилганлар. У зот намозни қалб паноҳи, руҳий мадад ва ҳаётдаги тинчлик манбаи деб билганлар. Намоз – бу қалбни ғуборлардан поклайдиган ёмғирдир. Ҳар куни беш маҳал унга чўмилган банда ички софликка эришади.
Шунинг учун ҳам кимки ҳаётида изтироб, хавотир, руҳий босим ҳис этса, у аввало ўз намозига боқсин. Чунки намоз бор жойда барака, сакинат ва Аллоҳнинг раҳмати бўлади.
3. Таваккул ва дуо қилиш
Чорасизлик ҳам бир чорадир, деган ҳикматни кўп эшитганмиз. Бу айнан биз мусулмонларга нисбатан жуда мос ва хос бўлиб тушади. Чунки мўмин киши ўзидаги барча имкониятлардан келиб чиқиб ҳаракат қилади. Имкон ва чора қолмаганида эса Аллоҳга юзланади, Унга дуо қилади. Аслида мусулмон киши доимо Роббининг қудрати ва жалолиятини ёддан чиқармасдан яшайди. Аммо барча эшиклар ёпилиб, изтироб ва қайғу ичида қолганида бу неъматнинг қадри бутун бўй-басти билан кўринади. Аллоҳга таваккул қилиш – қўрқув ва хавотирдан чиқишнинг энг яхши йўли.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо ўргатганлар: «Аллоҳим! Мени ғам-ташвишдан, заифлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан, қарздан ва одамларнинг менга зулм қилишидан паноҳингга ол!» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
4. Ҳозирги онни ҳис қилиш
Қўрқув ва хавотир одатда келажакдаги номаълумликдан келиб чиқади. Лекин инсон ҳозирги вақтда яшашни ўрганса, хавотири камаяди.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтган: «Инсоннинг ҳаёти уч қисмдан иборат: ўтган кунлар – қайтиб келмайди, келажак – номаълум, фақат бугун сенга тегишли. Шунинг учун бугуннинг неъматларидан баҳраманд бўл».
5. Жисмоний ва руҳий соғлиқ уйғунлиги
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга соғлом турмуш тарзини тавсия қилганлар: «Кучли мўмин заиф мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир» (Имом Муслим ривояти)
Спорт билан шуғулланиш, етарлича ухлаш ва соғлом овқатланиш ҳам мияни тинчлантиришга ёрдам беради. Бу нарса ҳозирда биз унутган энг катта заруриятлардан биридир. Чунки доимий жисмоний машғулот тананинг бақувват бўлиши билан бирга мияни босимларга чидамли қилади. Етарли даражада ухлаш эса тананинг гормонал ўзгаришларини яхшилайди, қон айланишларини мувозанатлаштириб, тана ва асаб тизимларининг тикланишига ёрдам беради. Тўғри овқатланиш ва табиий озуқаларни истеъмол қилиш, миямиздаги эпифез безининг самарали ишлашига кўмаклашади, зарурий гормонлар ишлаб чиқарилишини назоратда ушлайди.
Хулоса
Қўрқув ва хавотир мияни блоклаб, инсоннинг мантиқий тафаккурини сусайтиради. Аслида мўмин қўрқувга тушиши керакми? Бизнинг энг катта изтиробларимиз бу дунёнинг ташвишларидан, чеки йўқ орзу-ҳавасларимиз ортидан пайдо бўлмоқда. Келажакдан умидисизликка тушиш, бугунги кунимизнинг қадрига етмаслигимиз, ўтмишимиздан изтиробга чекишимиз – буларнинг барчаси аслида иймонимиз заифлигидан эмасмикан? Бугунги кунимизда бахтли ҳаётни ваъда қилаётган, бунинг учун ўз тренингларида қатнашишни тарғиб этаётган ва инсонларнинг энг нозик қадрияти – динни ниқоб қилиб, ҳадис ва оятларни ҳеч қандай асоссиз ўз мақсадлари ва тавсияларига боғлашга ҳаракат қилаётган сохта психологлар, қалбшунослар учун бундай заифлик айни муддаодир. Аммо зийрак нигоҳ билан назар солсак, нажот кўз ўнгимиздадир. Аллоҳнинг муқаддас дини бизга бундай ҳолатлардан чиқиш йўлини кўрсатади:
Аллоҳга таваккул қилиш ва Унга дуо қилиш;
Намоз ўқиш ва зикр қилиш;
Шукур қилиш ва бор нарсага қаноат қилиш;
Ўз ҳис-туйғуларини бошқаришни ўрганиш;
Саломатлик ва руҳий хотиржамликка эътибор бериш;
Аллоҳ таоло бизни дунёдаги энг катта бойлик –– иймон ҳаловати билан сийласин! Албатта, У ўта карамли ва саховатли Зотдир.
Билолхон Тўйчиев,
Ҳадис илми мактаби ходими.