Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги (АҚШ) Бош консулхонаси вакиллари Огайо штатининг Синсиннати шаҳрида истиқомат қилувчи ватандошлар учун сайёр консуллик қабули ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тадбир давомида зарур ҳуқуқий-консуллик маслаҳатлари берилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тушунтирилди. Шунингдек, ватандошларимизга 10 дан ортиқ интерактив ва ахборот консуллик хизмати олиш имконини берувчи consulate.mfa.uz веб-портали консуллик хизматлари тақдим этилди.
Дипломатлар юртдошларимизга республикада сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Мамлакат раҳбарияти томонидан хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ўзбек муҳожирлари салоҳиятини мамлакатимиз тараққиёти жараёнларига кенг жалб этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бош консулхона вакиллари «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспораси ташкилоти раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам музокаралар ўтказди. Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди. Миллий байрамлар ва республикамизда ўтаётган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалар муносабати билан биргаликда тадбирлар ташкил этиш тўғрисида ўзаро келишувга эришилди. Томонлар Америка жамоатчилиги орасида ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси ҳақида кўпроқ маълумот тарқатишга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга қизиқиш билдирди.
Мулоқот давомида Бош консулхона делегацияси Синсиннати штатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги Ўзбекистон жомеъ масжиди қурилишига тайёргарлик ишларининг бориши билан ҳам танишди. «Hamkor Uz Cincinati Association» мулки ўлароқ 8665 State Route 48, Maineville, Ohio 45039 манзилида жойлашган 2,7 гектар майдон кўздан кечирилди.
Айни пайтда «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспораси ташкилоти Огайо штатининг архитектура ва қурилиш компаниялари ўртасида қурилажак бинони лойиҳалаш ва дизайн сметаларини тайёрлаш бўйича танлов эълон қилган. Мажмуа ҳудудида 600-700 кишига мўлжалланган ибодат учун асосий бино, таҳорат олиш хоналари ва бошқа махсус ёрдамчи иншоотлар ва 100 дан ортиқ автомобиль учун тўхташ жойи барпо этилади. Шунингдек, мажмуада «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспораси ваколатхонаси ҳамда ўзбек тили ва адабиёти, одобнома ва бошқа фанлар бўйича ватандошларимиз фарзандлари ўқийдиган синф хоналари жойлашади.
Лойиҳа Америка Қўшма Штатларида яшовчи ватандошлар томонидан амалга ошириладиган эҳсон маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
«Hamkor Uz Cincinati Association» раҳбариятига ватандошларимизнинг Синсиннати шаҳрида ўзбек масжидини қуриш бўйича ташаббуси Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан олқишланиши ва бу масала юзасидан республика диний идораси диаспора ташкилоти билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлиги маълум қилинди. Масжид қурилиши якунлангач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси республика имом-хатибларидан бирини ушбу масканда диний хизматларни бажаришга юбориш масаласини кўриб чиқишга тайёрлиги ҳам қайд этилди.
Америка Қўшма Штатларида ватандошларимиз болаларни ўқитиш учун беш жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китоби, ушбу олис диёрда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган тақдимот материаллари ва миллий рамзлар «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспорасига топширилди.
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД