Масжидлар Аллоҳ таолога энг маҳбуб масканлардир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар. Чунки масжидларда Аллоҳ таолога ибодат қилинади, У зотга зикрлар айтилади, тасбеҳлар туширилади.
Ана шундай маъволардан бири Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Оҳангарон ва Бахт кўчалари чорраҳасида барпо этилиши режалаштирилди. Барча қулайликларга эга бўладиган бу жоме масжид Тошкент билан водий вилоятларини бир-бирига боғловчи А-373 халқаро автомобиль йўли бўйида 0.70 гектра майдонда барпо этилаётгани юртимизнинг ҳам ички, ҳам халқаро сайёҳлик салоҳиятини янада мустаҳкамлайди.
Масжидлар Аллоҳ таолонинг Ер юзидаги уйларидир. Улар ер юзидаги энг покиза маконлардир. Миноралардан азон садолари янграйди, тавҳид калималари такрорланади. Масжидлар узра раҳматлар ёғилади, масжид аҳлини сакинат ўраб олади, масжид аҳлининг устига баракалар ёғилади.
Масжидлар маърифат масканидир. Саодат асрида элчилар масжидларда кутиб олинган. Турли мамлакатларга мусулмон элчилар масжидлардан тарқалишган. Аллоҳ таоло масжидларни ширк ва куфрдан тоза сақлаб, бундай марҳамат қилади: «Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!” (Жин сураси, 18-оят).
Масжидлар ободлиги тоат-ибодат билан, зикрлар, тасбеҳу тамҳидлар ила бўлади. Аллоҳ таоло Қуръонда каримда: «(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар» деб марҳамат қилинган (Нур сураси, 36-оят).
Динимиз бизларни масжидлар қуришга ва уларни обод этишга чақирган. Бу ишни жаннатга олиб борадиган ва Аллоҳнинг ризосига эриштирадиган йўл деб эълон қилган: “Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради”, (Имом Бухорий ривояти).
Мўмин киши Аллоҳ таолонинг уйларини обод қилишга, у ерда намоз ўқиб, маънавий файзли қилишга уринар ва қалби доими масжидларга боғлиқ экан, икки дунё бахту саодатига, хайру баракасига эришажак, иншоаллоҳ.
Ангрен, Чирчиқ ва Олмалиқ шаҳарлари ҳамда вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидаги масжидларни барпо этилишига ўзининг ҳиссасини қўшаётган саховатпеша мўмин-мусулмонларга Раббим жаннатлардан Ўзи ваъда қилган қасрларни насиб айласин.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Тошкент ислом институти талаба- ёшлари билан мулоқот ўтказди. Учрашувни институт ректори Уйғун Ғафуров очиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Бу каби мулоқотлар барча диний таълим муассаларида ташкил этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида ўтган Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Зайниддин Эшонқулов ёшларга ўзининг ҳаётий, илмий ва касбий тажрибаларини сўзлаб берди. Маърузада Диний идора тизимидаги ташкилотлар ва таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Зайниддин домла диний-маърифий фаолиятда илм ва маърифатнинг ўрни, кадрларнинг ватанпарварлик ва ахлоқий тарбияси ва турли ёт ғоялардан маънавий иммунитетнинг шакллангани ҳақида ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
Нотиқ ўз сўзи давомида талаба-ёшларни сабр-тоқат ва қатъий интизом билан илм олишга даъват этди. Шунингдек, ихлосли бўлиш ва устозларни эҳтиром қилиш муваффақият калити эканини таъкидлади.
Етук имом-хатиб бўлиш учун доимий равишда ўзи устида ишлаш ҳамда билим ва тажрибаларини ошириб бориши лозимлиги ҳақида қимматли маслаҳатлар берди.
Ана шундай тадбирлар ёшларнинг илм олиши ва келгусидаги касбий фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига хизмат қилади, раҳбар ходимлар эса улар учун ҳаётий намуна бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати