Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Июн, 2025   |   4 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:53
Пешин
12:27
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:46
Bismillah
29 Июн, 2025, 4 Муҳаррам, 1447

Мусулмонларнинг ўзаро ҳақларига риоя қиляпмизми?  

18.05.2021   2551   6 min.
Мусулмонларнинг ўзаро ҳақларига риоя қиляпмизми?  

Динимиз мўмин-мусулмонларни бир-бирлари билан ака-укалардек яхши муносабатда бўлишга буюради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Икки мусулмонни ўртасини ислоҳ қилиш – аслида уларга ёрдам қилишдир. Чунки баъзан оддий тушунмовчиликлар ортидан ҳам ўзаро адоватлар келиб чиқади. Бу борада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларига ёрдам беришга чақириб, бундай марҳамат қилади: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Демак, динимиз ўзаро бирдамликка ва эзгу ишларда бир-биримизга кўмакчи бўлишга буюрар экан, аввало, ўз ҳаққимиз ҳамда зиммамиздаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларини ҳам яхши билмоғимиз даркор. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмонни (бошқа) мусулмоннинг зиммасидаги ҳақлари олтитадир”, – дедилар. Шунда: “Улар нималар, ё Расулаллоҳ?” – дейилдиНабий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон учратсангиз, унга салом беринг; сизни (уйига меҳмонга) чақирса, унга ижобат қилинг (яъни чақирилган жойга боринг); насиҳат сўраса, насиҳат қилинг; акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга жавоб қайтаринг; бемор бўлса, уни зиёрат қилинг; агар вафот этса, жанозасида иштирок этинг”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида умматларига бир-бирларидаги ҳақларини ўргатмоқдалар:

  1. 1Қачон учратсангиз, унга салом беринг;

Икки мусулмон учрашганда уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳақи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, савобнинг кўпини олади ва нариги биродарига алик олишни фарз қилади.

  1. 2Агар сизни (уйига меҳмонга) чақирса, унга ижобат қилинг;

Бир мусулмон тўй ёки маросим қилиб, бирор танишини таклиф қилса, ўша таклифга жавобан мазкур маросимга бориш – таклиф қилинганнинг мусулмонлик бурчидир.

  1. 3Агар насиҳат сўраса, насиҳат қилинг;

Қийин вазиятга тушган инсон маслаҳат сўраганда, унга тўғри маслаҳат бериш ҳам мусулмонлик бурчи ҳисобланади.

  1. Агар акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга яхшилик тиланг;

Ҳар бир мусулмон акса урганида “Алҳамдулиллаҳ” дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган кишига эса, унга “Ярҳамукаллоҳу” (Аллоҳ сизга раҳм қилсин) деб, яхшилик тиламоғи – мусулмонлик бурчидир.

  1. 5Агар бемор бўлса, уни зиёрат қилинг;

Бемор бўлган мусулмонни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, унинг дуосини олиш –аввало мусулмонлик ҳаққи, қолаверса – инсонийлик бурчидир.

  1. 6Агар вафот этса, жанозасида иштирок этинг;

Вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш –мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозимдир.

   Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсинки, ота-боболаримиз минг йиллардан буён мана шундай мўмин-мусулмончилик ҳақларига риоя қилиб келганлар. Маҳалладаги боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни хизматларида бўлиш каби эзгу ишлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Мусулмон инсон бошқа мусулмоннинг бирор гуноҳ иш қилаётганидан хабардор бўлса, уни бу ишидан қайтариши ҳам – бир мўминлик бурчидир. Чунки бу – ҳақиқий дўст-биродарлик рамзидир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа мусулмон учун ҳам раво кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Сўфи Оллоёр бобомиз ҳам бу ҳақда бундай деганлар: 

Худонинг буйруғидин тойса ногоҳ,

Биродарлик ўшалдур  қилсанг огоҳ.

Мусулмон инсоннинг зиммасидаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларидан бири – унинг тилидан ва қўлидан бошқалар озор чекмаслигидир. Аллома ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Жомеъул улум вал ҳикам” асарларида: “Мусулмонга ҳар қандай кўринишда,  хоҳ сўз билан, хоҳ феъл билан бўлсин, ноҳақ азият бериш – ҳалол эмаслиги шарий далилларда ўз ифодасини топган”, – деганлар.

Мусулмон инсоннинг бошқалардан уч кундан ортиқ аразламаслиги ҳам мусулмонлик ҳақларидан ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда арзимаган сабабларга кўра бир-бирлари билан аразлашиб юрган  мўмин-мусулмонлар кўзга ташланиб турибди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида: “Мусулмон кишига ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш – ҳалол эмас. Ким уч кундан ортиқ аразласа ва шу ҳолида вафот этса, дўзахга киради”, –  дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Мусулмонларнинг бир-бирларидаги ҳақлари бир қанча бўлиб, қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз:

  • Бирор мусулмоннинг ҳузурига унинг изнисиз кирмаслик;
  • Катта ёшлиларни улуғлаш, уламоларни ҳурмат қилиш ва болаларга раҳмли бўлиш;
  • Қарзини вақтида бериш;
  • Омонатга хиёнат қилмаслик;
  • Берган ваъдасига вафо қилиш;
  • Қўшничилик ҳақларига риоя этиш;
  • Мусулмон биродарининг жони, моли ва обрўсига етадиган зулмни даф қилиш ва унга бу ишда ёрдам бериш;
  • Барча мусулмонларнинг айбини беркитиш;
  • Ҳар бир мусулмонга нисбатан тавозели бўлиш, улардан бирортасига мутакаббирлик қилмаслик;
  • Бошқа мусулмонларга ноҳақ туҳмат қилишдан ва ўзи ҳақида ҳам бошқаларни ёмон гумонга боришидан сақлаш.

Аллоҳ таоло барчамизга ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашни муяссар қилсин!

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Жаннат калити: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”

18.10.2024   9780   4 min.
Жаннат калити: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”

“Лаа илаҳа иллаллоҳ” жаннат калитидир. Ҳар бир калитнинг тишлари бўлганидек, тавҳид калимаси – “Лаа илаҳа иллаллоҳ”нинг ҳам тишлари мавжуд. Улар қуйидагилардир.

1. Илм. Аллоҳ таоло бундай буюради: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг” (Муҳаммад сураси, 19-оят).

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

2. Шубҳадан ҳоли бўлган тўлиқ ишонч. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (имонларида) содиқдирлар” (Ҳужурот сураси, 15-оят).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради», дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).

 

3. Кибрдан йироқ бўлиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Чунки уларга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейилганда, кибрланган эдилар” (Соффот сураси, 35-оят).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг Расулидир деб гувоҳлик берса”, Аллоҳ унга дўзахни харом қилади», деганлар (Имом Муслим ривояти).


4. Итоат этиш ва буйсуниш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Роббингизга қайтингиз ва Унга бўйин сунингиз!” (Зумар сураси, 54-оят).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу…”, деб гувоҳлик берса ҳамда жаннат ва дўзахни ҳақ деб билса, Аллоҳ таоло жаннатдаги саккиз эшикнинг хоҳлаганидан киргизади», дедилар.
 

5. Чин ихлос. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир(Баййина сураси, 5-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

6. Аллоҳга муҳаббат. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамлар орасида Аллоҳдан ўзга нарсаларни (сохта маъбудаларни) Унга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар ҳам бордир. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир” (Бақара сураси, 165-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у имон таъмини ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД