Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли адиб, Ислом дини маърифатига бағишланган китоблар ва мақолалар муаллифи Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Аллоҳ таоло марҳум адибнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Саудиялик бир шифокор аёл ҳикоя қилади: "Муҳаммад исмли ёши тахминан ўттизларда бўлган бир йигит қабулимга келди. Унинг ёнида онаси бор эди — у ундан қочмоқчи бўлар, у эсa уни бағрига босарди.
Онаси рўмолини улоқтирарди, у эса қайтадан жойига тўғирлаб қўярди. Унинг қўлларини тишлар, тирнарди, юзига туфларди — у эса жилмаярди.
Онаси шифохонага кирди-ю, рўмолини улоқтириб, ақли йўқ мажнун одам каби кулиб, шифокорнинг столи атрофида югуриб айлана бошлади.
Шунда мен сўрадим:
— Бу ким?
— Онам, — деди у.
— Унга нима бўлган?
— Улар шу ҳолларида, ақлсиз туғилганлар, — деди у.
— Ундай бўлса, сиз қандай туғилгансиз?
— Бобом уларни отамга олиб берган эканлар, шояд фарзандли бўлар деб. Отам бир йилдан сўнг уни талоқ қилган эканлар. Онам менга ҳомиладор бўлган эканлар. Сўнг мен туғилганман.
— Қачондан бери уларга қарайсиз, парвариш қиласиз?
— Ўн ёшимдан бери. Уларга овқат тайёрлайман, қарайман. Ухламоқчи бўлсам, чиқиб кетиб қолсалар қидириб юрмайин деб оёғимни оёқларига боғлаб ухлайман...
— Нега бугун бу ерга олиб келдингиз?
— Уларнинг қон босимлари юқори, қандли диабет касаллари бор.
Онаси кулиб:
— Картошка бер, — деди.
У берди. Онаси юзига туфлади. У кулиб, юзини тозалади.
Шунда мен сўрадим:
— У сизга она эканини биладиларми, сизни танийдиларми?
— Йўқ, валлоҳи, мен ўғлилари эканимни билмайдилар. Лекин Яратган Роббим биладики, у зот менинг онамдирлар.
Онаси қараб туриб:
— Эй ўғлим, сен ёлғончисан! Нега мени Маккага олиб бормаяпсан? — деди.
У эса:
— Пайшанба куни олиб бораман деб айтмадимми, онажон? Пайшанба куни борамиз — деди.
Мен сўрадим:
— Унинг зиммасидан (ақли жойида эмаслиги сабаб) соқит бўлса, Маккага олиб бориш керакми?
У жавоб берди:
— Опа, онам билан Роббимнинг ҳузурига ҳисобда турганимизда: “Муҳаммад, нега мени Маккага олиб бормаган эдинг?” — дейишини хоҳламайман.
Мен Роббимга қарата: “Роббим, мен онамни елкамда опичлаб кўтардим, тавоф қилдирдим, замзам ичирдим, Каъбага қаратиб қўйдим”, дейишни хоҳлайман.
Яна: “Аллоҳим! Гарчи уларнинг ақллари бўлмаган бўлсада, менинг онам эканларини албатта Сен билгувчисан!”, дейишни истайман”, деди.
Мен жим бўлиб қолдим, кўзим ёшга тўлди. Сўнгра унга:
— Онангга кўрсатган бу эҳтироминг учун Аллоҳ сенга ажру мукофотлар ато этсин! Бугунгидай ота-онага яхшилик қилишни кўрмаганман.
У эса жавоб берди:
— Мен бу ишимни (куни келиб) фарзандларим ҳам менга шундай муомала қилишлари умидила қилапман. Чунки биррул волидайн (албатта қайтадиган) қарздир".