Бангладешда Гиннеснинг рекордлар китобига кириш имконига эга ноёб масжид қуриб битказилмоқда.
Тангайл округида 201 гумбазли масжид ва баландлиги қарийб 140 метр бўлган миноранинг қурилиши ниҳоясига етиш арафасида.
Ушбу округ марказидан 7 км узоқликда жойлашган Даккхин Патхалия қишлоғининг масжиди борасидаги ғояни Бангладеш Банк ходимлари федерациясининг собиқ президенти Рафиқул Ислом 2012 йилдаёқ амалга оширишни дилига тугиб қўйган эди. Бунга эса қишлоқдаги масжидга жамоатнинг сиғмай қолгани сабаб бўлди, қишлоқдагилар ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Қурилиш ишлари 2013 йилнинг январида бошланди ва биринчи ғиштни Рафиқул Исломнинг онаси Ризия Хотун қўйиб берган эди. Рафиқул Исломнинг укаси Абдул Қодирнинг айтишича, ҳозирга келиб қурилиш ишларининг 75 фоизи тугалланган.
“Дунёда чиройли ва катта масжидлар кўп, бироқ бизнинг масжиднинг фарқи шуки, унда 201 та гумбаз бор. Билишимизча, дунёнинг ҳеч бир масжидида гумбазлар бунчалик кўп эмас”, – дейди Абдул Қодир.
Қурилиши тугагандан кейин Даккхин Патхалия масжидида бир пайтнинг ўзида 15 минг киши намоз ўқиши мумкин бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ҳар бир тарихий обида – халқимиз тарихи ва маданиятининг гувоҳи. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳам ана шундай ноёб ёдгорликлардан бўлиб, унинг меъморий тузилиши ва муҳандислик ечими ўз даврининг илғор билимларига таянилганини кўрсатади.
– Сардобанинг гумбазсимон тузилиши, 15 метрлик ички диаметри ва 12 метр баландлиги уни нафақат амалиётда самарали, балки архитектура жиҳатдан ҳам ўзига хос намуна сифатида намоён этади. Ердан икки метр баландликдаги туйнуклар, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрияли қурилиши ва девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг бетакрорлигигидан далолат беради,– дейди тарихчи-археолог Солижон Қудратов.
Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштли зинапоялардан фойдаланиб тушилади. Кириш қисмидаги йўлакча устидан эса хизматчилар учун махсус хоналарга чиқиш мумкин бўлган айланма зинапоя қурилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда “Ёғочли сардоба” ҳам қайта тиклаш ишлари доирасида ўрганилмоқда. Баъзи реконструкция ишлари бошланган бўлса-да, маълум техник ва молиявий сабабларга кўра, қурилиш вақтинча тўхтаб қолган.
– Энди бу масканни тўлиқ таъмирлаб, туристик маршрутларга қўшиш, атрофида дам олиш масканлари, сув йўллари, маҳаллий ҳунармандчилик объектларини ривожлантириш режалаштирилган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов.
“Тошкент – Самарқанд – Бухоро” магистраль йўли бўйлаб жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳозирнинг ўзидаёқ саёҳатчилар диққатини ўзига тортмоқда. Шу боис, яқин истиқболда бу иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлайдиган муҳим марказга айланиши, шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири