Бугун, 11 май куни Тайлоқ туманидаги “Ястепа” жоме масжидининг янги биноси очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Масжидлар бўлими масъул ходими Искандар домла Ҳалилов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқуловлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов масжид аҳлини жоме билан, меҳмонларни ташриф билан қутлаб, масжиднинг эски ҳолати, қайта қуриш жараёни, бунда Диний идоранинг ҳиссаси ҳақида сўзлаб берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими масъул ходими Искандар домла Ҳалилов сўзга олиб, жамоатга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари салом ва табрикларини етказди, қайта барпо этилган ушбу масжид зиёрат туризми доирасида маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ибодатларини адо этиб олишлари учун йўл бўйида барча қулайликлар эга қилиб қурилганини баён этди.
Ушбу масжид ҳудуди 40 сотох бўлиб, атрофи девор билан ўралган. Жоме биносининг умумий майдони 459 квадрат метр, ички қисми эса 165 квадрат метрни ташкил этади, айвон хонақоҳ биносини уч томондан ўраган. Баландлиги 8 метр, эни 7 метрли гумбаз хонақоҳга ўзгача файз бериб турибди. Янги қад ростлаган таҳоратхона барча шароитга эга бўлиб, унда бир вақтнинг ўзида 20 га яқин одам фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, Мажмуадан аёллар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхона, шунингдек, имом-хатиб, ноиблар, мутавали ва қоровулхоналар, мажлислар зали, кутубхона ўрин олган.
Масжидга 10 мингдан ортиқ аҳолиси бўлган “Шопўлат”, “Янги ҳаёт”, “Ястепа”, “Шохкаш” ва бошқа маҳаллаларидаги мўмин-мусулмонлар ибодатларини адо этади. Ҳозирда жомега кундалик беш вақт намозга 100 нафарга яқин, жума намозларига 600 нафар атрофида, икки ҳайит намозига 3000 минг киши намоз ўқишга келади. Масжид ичида 1000 нафар, ҳовлига 2000 киши бемалол ибодат қилиши мумкин.
Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб маконлар қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир...” деганлар (Имом Муслим ривояти). Ҳақ таоло учун ер юзидаги энг маҳбуб масканни бунёд этиш мўмин-мусулмонлар учун олий мақсад ва неъматлардан биридир.
Мазкур жоме масжид саховатпеша ватандошларимизнинг кўмагида бунёд этилди. Албатта, бундай савобли амалларнинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси 18-ояти). Ушбу оятда Яратган Роббимиз масжидларни обод қилувчиларнинг иймони борлигига гувоҳлик бермоқда. Бу нақадар бахт-саодат.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради”, деганларини эшитганман”.
Маълумот учун, “Ястепа” жоме масжиди илк бор 1918 йили қуриши бошланган. Масжид 1999 йили Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган. Жомега 1999-2005 йилларда марҳум Хушназар домла Ҳасанов (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) имом-хатиблик қилган. Шундан сўнг 2006 йили жомега Абдунаби домла Ҳимматов ноиб бўлади, 2007 йилдан буён имом-хатиб сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Тадбир сўнгида Аллоҳ таолодан бу каби хайрли ишларни бардавом қилишини, унга ҳисса қўшаётганлардан рози бўлиб, қилаётган хайру эҳсонларининг ажру мукофотларини кўпайтириб беришини сўраб дуои хайрлар қилинди!
Б.Хушбоқов
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан