Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Муборак васиятлар: Маййитларни ювгин, руҳсиз жасадни ювиш таъсирли насиҳатдир; Жаноза намозини ўқиш; Маъюс киши Аллоҳнинг паноҳида барча яхшиликларга тайёр туради.

11.05.2021   4000   30 min.
Муборак васиятлар: Маййитларни ювгин, руҳсиз жасадни ювиш таъсирли насиҳатдир; Жаноза намозини ўқиш; Маъюс киши Аллоҳнинг паноҳида барча яхшиликларга тайёр туради.

Маййитларни ювгин, руҳсиз жасадни ювиш таъсирли насиҳатдир;

Жаноза намозини ўқиш;

Маъюс киши Аллоҳнинг паноҳида барча яхшиликларга тайёр туради.

Маййитларни ювгин, руҳсиз жасадни ювиш
таъсирли насиҳатдир

Барча тирик жонзотлар, жумладан, инсон ҳам, бир кун ўлади. Аллоҳ таолонинг иродаси ва амри билан бандаларнинг жонлари жасадларидан суғуриб олинади. Кўпчилик ўлим илоҳий тақдир эканини унутиб, сабабларнинг ортидан қувади, кимларнидир айбдор қилиб, жазолашга уринади. Бу ўринда билиш муҳим бўлган масала шуки, бировнинг ўлимига қасддан сабабчи бўлган киши жазоланиши, хато қилиб сабабчи бўлганида эса, хун тўлаши шариат талабларидандир. Мақсадимиз бу масалани очиқлаш эмас. Сиз, азизларга маййитни ювиш ва унинг жанозасини ўқиш тартибини баён этишдир.

Тажрибали кексаларимиз касал ётган инсоннинг ўлими яқинлашганини Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан сезишади ва дарҳол бу ҳақда касалнинг энг яқин кишиларини эҳтиёткорлик ва донолик билан огоҳлантиришга уринишади. Шариат талабига кўра, ўлим асарлари сезилиб қолган кимса олдида нималар қилиш керак? Дод-фарёд солиб, ҳаммаёқни бузиш керакми ёки отадан қолаётган мол-дунёларга эга чиқиш учун чора-тадбирларни тезроқ кўриш керакми?! Йўқ! Бу эсли-ҳушли, мўмин одамнинг иши эмас. Солиҳ мўмин инсон шариат кўрсатмаларига қулоқ тутади, вафот топаётган кимсанинг, хоҳ у отаси бўлсин, хоҳ акаси бўлсин, ҳақини поймол қилиб қўйишдан, Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқади.

Динимиз кўрсатмаларига кўра, ўлим ҳолатида бўлган касал ҳудди қабрдагидек ўнг томони қиблага қилиб ётқизилади ва ҳаётида шиорига айланган маҳбуб калимаси – Калимаи шаҳодат унинг олдида талқин қилинади, яъни такрорлаб турилади. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўликларингизга (жон таслим қилаётганларингизга) “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни талқин қилинглар”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Жони чиққач, кўзлари юмиб қўйилади ва ияги боши билан қўшиб боғланади. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Салама вафот этганида кўзларини муборак қўллари билан юмиб қўйганлар.

Маййитнинг ўлими ҳақида эълон қилишнинг шариатга зид жойи йўқ. Чунки инсонлар савоб умидида жаноза намозига шошилади, маййитни кафанлаш, кўтариб бориш ва дафн қилишда иштирок этишади. Бу иш яхшилик ва тақво йўлида ўзаро кўмаклашиш ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавваранинг бир четида яшовчи мискин аёл ҳақида: “Агар у вафот қилса, мени чақиринглар”, деганлар. Маййитнинг вафоти ҳақида яқин қариндошлари, танишлари, маҳалла-кўй хабардор қилиниши кифоядир. Маййитнинг яқинлари кўчаларда жар солиб, қичқириб, одамларни чақириши мақбул иш эмас. Чунки бу жоҳилият одатларидандир. Жанозада ҳозир бўлиш фарзи кифоя ҳисобланади, баъзи мусулмонларнинг адо қилиши билан қолганлар зиммасидан соқит бўлади. Йиғилиб олиб, маййит хонадонини ғуссахонага айлантирган ҳолда, унинг яқинлари тинчини бузиб, азахонлик қилиш шариат кўрсатмаларига мувофиқ келмайди.

Мазҳабимиз уламолари сўзларига кўра, маййитни тез дафн қилиш мустаҳаб ҳисобланади. Бунга улар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги ҳадисини далил қилишади: “Вафот топганларингизни шошилтиринглар, агар у яхши кимса бўлса, уни яхшиликка тез элтган бўласиз, агар ёмон кимса бўлса, бундай аҳли дўзахни ўзингиздан нари қилган бўласиз”.

Вафот этган кимсани дафнга тайёрлашда қилинадиган ишларнинг биринчиси, уни ювиш – ғусл қилдириш. Тўрт мазҳаб уламоларининг барчаси наздида, маййитни ювиш вожибдир. Ушбу ҳукм ҳадис, ижмо ва ақлий далиллар билан собит бўлган. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмоннинг мусулмон зиммасида олтита ҳақи бор: йўлиққанида унга салом бериши, чақирганида чақириғига лаббай деб жавоб қилиши, аксириб “Алҳамдулиллаҳ” деганида “ярҳамукаллоҳ” дейиши, касал бўлганида ундан хабар олиши, вафот этганида жанозасига эргашиши ва ўзи учун нимани яхши кўрса, биродари учун ҳам ўша нарсани яхши кўриши”, дедилар. “Умдатул қорий шарҳу Саҳиҳил Бухорий” китобида келишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақлар қаторида вафот этганида ювишни ҳам санаганлар. Ривоят қилинишича, Одам (алайҳиссалом) вафот этганида у зот (алайҳиссалом)ни фаришталар ювишган ва фарзандларига: “Бу ўликларингизга қиладиган ишингиздир”, дейишган.

Маййитни ювиш ҳам унинг жанозаси каби фарз кифоядир. Яъни, бу омма мусулмонларнинг вазифаси бўлиб, баъзилар амалга ошириши билан барчадан соқит бўлади. Агар бирор сабаб билан қайсидир бир мусулмон ювилмай кўмилса, барча мусулмонлар гуноҳкор бўлади.

Маййитни ювишга тайёрлашда унинг барча кийимлари ечилиб, авратлари бир бўлак латта билан беркитилади ва тахт устига ётқизилади. Тахтнинг қиблага нисбатан қандай қўйилиши борасида уламоларимиздан турли сўзлар келган. Кейинги уламоларимиз наздида, уларнинг тўғрироғи ювиш учун қандай қулай бўлса, шундай қўйишдир.

Инсон авратига қараш тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам ҳаромдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига қараманглар”. Авратни тўсиш учун ишлатиладиган латта бўлаги киндикдан то тиззагача ёпса, кифоя. Сўнг ювувчи бир бўлак матодан қилинган қўлқопини кийиб, маййитнинг авратларини ювади. Чунки бировнинг уят жойларини ушлашнинг ҳаромлиги уларга қарашнинг ҳаромлигидан каттароқдир. Сўнг намоз учун қилинадиган таҳоратдек таҳорат қилдирилади. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Зайнабни юваётган Умму Атийяга: “Ўнг томонидан ва таҳорат қиладиган аъзоларидан бошланглар”, деганлар. Маййитнинг таҳорати билан тирик одамнинг таҳорати ўртасида бир қанча фарқлар бор. Улар қуйидагилар:

  1. Маййит мазмаза (оғзига сув олиб ғарғара қилиш) ва истиншоқ (бурнига сув олиб чайиш) қилдирилмайди. Чунки маййитда ушбу икки ишнинг бажарилиши амри маҳолдир.
  2. Икки оёғи ювилмайди. Тирикликда ювиндилар оёқ остига жамланади ва ювилган оёқни яна булғайди. Маййит эса тахтнинг устида бўлади ва барча оқиндилар пастга оқиб кетади.

Таҳоратнинг қолган амаллари қандай бўлса, шундайлигича, ўз ўринларида амалга оширилади. Таҳоратдан сўнг маййитнинг боши, соқоллари хушбўй совун ва кирни осонроқ, яхшироқ кетказадиган бошқа кир ювиш воситаларидан фойдаланган ҳолда ювилади. Бироқ соч-соқоллари таралмайди. Ойша (розияллоҳу анҳо) маййитнинг сочларини тараётган бир қавмни кўриб, уларга: “Нима учун ўликларингизни пешона сочларидан тортқилаяпсиз?” деди. Ўликнинг сочини тарашдан қайтаришнинг муболағаси учун “соч тараш” сўзи ўрнига “пешона сочларидан тортиш” сўзини ишлатди. Яна шунингдек, маййитнинг сочи таралганида ундан толалар тўкилиши мумкин. Маййитни қандай ўлган бўлса, шундайлигича кўмиш суннатдир. Айни шунинг учун ҳам маййитнинг тирноқлари, мўйловлари, соқоллари ва бошқа туклари, гарчи ўсиб кетган бўлса ҳам, олинмайди, юлинмайди. Бу ишларнинг барчаси тирик пайтида зийнат учун қилинади. Маййитни эса зийнатлаш шариатдан эмас, балки уни поклаш керак. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Ўликларингизга нисбатан келинларингизга қиладиган ишларингизни қилинглар” маъноли ҳадиси шарифлари, маййитнинг баданидан бирор нарсани кетказмасдан зийнатлаш деб таъвил қилинган.

Маййит таҳорат қилдирилганидан сўнг чап томонига ёнбошлатилади ва баданининг ўнг томони тахтга тегиб турган жойигача тоза ва покиза, кирнинг осонроқ кетишига ёрдам берувчи кир ювиш воситалари қўшилган сув билан уч марта ювилади. Зеро, ҳар бир яхши амални ўнг томондан бошлаш суннатдир. Сўнг ўнг томонга ётқизилади ва баданининг чап томони ҳам тахтга тегиб турган жойигача шу тахлитда уч марта ювилади. Кейин маййит ўтқизилади ва қорни енгилгина силанади. Агар нажосат чиқса, артилади ва у жой уч марта ювилади.

Сўнг агар нажосат чиқса ва ювилса, қайта таҳорат ва ғусл қилдирилмайди. Кафан ҳўл бўлиб кетмаслиги учун маййит сочиқ билан артилади.

Эркак киши уч кийим – изор, қамис ва лифофа билан кафанланади. Изор ва лифофа бошдан оёққача баданни ўрайдиган – икки томондан боғлаш учун бир қарич миқдорида узун, қамис бўйиндан то оёққача ўрайдиган бўлади. Маййитни кафанлаш учун аввал лифофа, устидан изор, унинг устидан эса қамис тўшалади ва маййит унинг устига ётқизилади. Кафан бўлаклари алоҳида-алоҳида, аввал чап, сўнгра ўнг томонлари ўралади. Агар кафан очилиб кетиши мумкин бўлса, боғлаб қўйилади.

 

Жаноза намозини ўқиш

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Барча яхши ва фожир кимсаларнинг жанозаларини ўқинглар”, деганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан то бугунгача Ислом уммати ўтганларига жаноза намозини ўқиб келмоқда. Юқорида айтиб ўтганимиздек, жаноза намози фарзи кифоядир, бир неча одамнинг адо этиши билан барча мусулмонлардан соқит бўлади. Тажовузкор ва йўлтўсарларга қилмишлари боис жаноза намози ўқилмайди. Чунки Али (розияллоҳу анҳу) Наҳравондаги тажовузкорларни ювмаган ва уларга жаноза ҳам ўқимаган. Бу ишга бирор саҳоба эътироз билдирмаган. Уламоларимиз фатволарига кўра, ўлик туғилган болага ҳам жаноза ўқилмайди. Агар баъзи офатлар сабаб инсоннинг жасади парчаланиб кетган бўлса, жасаднинг ярмидан кўпи топилмагунича унга жаноза ўқилмайди. Умумий аъзоларининг ярмидан кўпи топилганидагина жаноза ўқиш мумкин. Шунингдек, ғойиб маййитга ҳам жаноза ўқиш, мазҳабимиз уламолари наздида, машру эмас.

Жаноза намозида имомлик қилишга, энг аввало, султон, сўнг қози, сўнгра ўша жойнинг тайинланган имоми, кейин эса маййитнинг яқинлари ҳақлидир. Бу борада маййитнинг васиятлари асос бўлмайди. Юртимизнинг баъзи жойларида ўлимдан олдин жаноза намозини ким ўқиши борасида васият қилиш одат тусига кирган. Ҳатто имомнинг ўзи ҳам маййитнинг эгаларидан жаноза намозига бирор киши васият қилинган-қилинмаганлиги ҳақида сўрайди. Жаноза намози ўликнинг ҳақи эмас, бу борада васият қилса. Балки жаноза намози тириклар зиммасидаги бажаришлари керак бўлган фарз амалдир. Унга имомлик қилиш ишини ҳам шариат тайинлайди. Имомликка ҳақли бўлиш тартибини эса биз юқорида санаб ўтдик.

Жаноза намозида имом маййитнинг, у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, кўкраги тўғрисида туради ва тўрт такбирли жаноза намозини ўқийди. Биринчи, жаноза намозини ўқишга ният қилиб, такбир айтиб, қулоқ қоқади, сўнг қўлларини боғлаб, намозда ўқиладиган санони ўқийди. Сано будир:

سُبْحَانَك اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِك وَتَبَارَكَ اسْمُك وَتَعَالَى جَدُّك وَلَا إلَهَ غَيْرُك

Маъноси: “Ё Аллоҳ! Сенга ҳамд айтиб, нуқсонлардан поклигингни ёд этаман. Исминг махлуқлар сифатидан буюкдир. Улуғлигинг юксакдир. Сендан ўзга илоҳ йўқдир”.

Сўнг иккинчи такбирни айтади. Ушбу ва кейинги такбирларда қулоқ қоқилмайди. Такбирларда осмонга қараш қаттиқ гуноҳдир. Иккинчи такбирдан сўнг намозларда ўқиладиган салавотни иккинчи “иннака ҳамийдум мажийд”гача ўқийди, яъни:

اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إبْرَاهِيمَ إنَّك حَمِيدٌ مَجِيدٌ اللَّهُمَّ َبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْت عَلَى إبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إبْرَاهِيمَ إنَّك حَمِيدٌ مَجِيدٌ

Маъноси: “Эй Парвардигор, Иброҳим ва унинг аҳли оиласига салавотлар юборганингдек, Муҳаммад ва у зотнинг аҳли оиласига ҳам салавотлар йўлла. Албатта, Сен барча ҳамдга лойиқ буюк Зотдирсан. Эй Парвардигор, Иброҳим ва унинг аҳли оиласига баракотлар берганингдек, Муҳаммад ва у зотнинг аҳли оиласига ҳам баракотларингни ато эт. Албатта, Сен барча ҳамдга лойиқ буюк Зотдирсан”.

Кейин учинчи такбирни айтади ва китобларимизда машҳур бўлган жаноза дуосини ўқийди, яъни:

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا وَمَيِّتِنَا وَشَاهِدِنَا وَغَائِبِنَا وَصَغِيرِنَا وَكَبِيرِنَا وَذَكَرِنَا وَأُنْثَانَا اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الْإِسْلَامِ وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوَفَّهُ عَلَى الْإِيمَانِ

Маъноси: “Эй Парвардигорим, бизнинг тирикларимизнинг ҳам, ўликларимизнинг ҳам, бу жойда ҳозир бўлганларимизнинг ҳам, ҳозир бўлмаганларимизнинг ҳам, кичикларимизнинг ҳам, катталаримизнинг ҳам, эркакларимизнинг ҳам, аёлларимизнинг ҳам гуноҳларимизни кечир. Эй Парвардигор, бизлардан кимга жон ато этсанг, уни Исломда тирилтиргин, кимни вафот топтирсанг, унга имонни ҳамроҳ қилгин!”

Дуодан сўнг тўртинчи такбирни айтади ва икки томонга салом беради. Мазҳабимиз уламолари саломдан сўнг маълум бир дуони ўқишни таъкидламаган. Баъзи уламолар қуйидаги машҳур қуръоний дуони ўқиш афзал дейди, яъни:

رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

Маъноси: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Ўзингнинг яхшиликларингни ато этгин ва бизни дўзах азобидан сақлагин!”

Бизнинг юртларда эса жаноза намозидан сўнг “истиржоъ”, яъни:

إنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إلَيْهِ رَاجِعُونَ

дуосини айтиш одат тусига кирган. Маъноси: «Албатта, барчамиз Аллоҳникимиз ва Унинг ҳузурига қайтажакмиз».

Маййитни дафн қилишга келсак, қабр лаҳад қилиб кавланади. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лаҳад қилиб қазиш биздадир, ердан ёриқ очиш эса ўзгаларнинг иши”, деганлар. Аввал чуқур қазилади. Унинг чуқурлиги бел ёки кўкрак баробарича бўлиши мумкин, бундан ҳам чуқурроқ бўлса, зарари йўқ, балки яхшироқдир. Кейин ушбу чуқурнинг ён тарафидан оғзи кичикроқ, ичи кенг, инсон ётганида сиғадиган ҳужра қазилади. Мана шу ҳужра лаҳад деб аталади. Уламолар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг юқорида зикр қилинган ҳадисларидан мақсад лаҳад қилиб, дафн этишнинг мустаҳаблигини баён қилишдир, дейди. Чунки тупроқнинг ҳолатига қараб, баъзи жойларда лаҳад қилишнинг имкони йўқ. Бундай пайтда шаққ – чуқур қазишнинг ўзи кифоя. Маййитни қабрга қўйишга унинг яқинлари: ўғил, ота, ака-ука ва бошқалар ҳақлидир. Шунингдек, қабрга қўювчиларнинг сони тоқ бўлиши шарт эмас. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни равзаи муборакларига Аббос, Фазл ибн Аббос, Али ва Суҳайб (розияллоҳу анҳум) қўйган. Маййит қабр олдига олиб келингач, у қабрнинг қибла томонига қўйилади ва қабрга қўювчи кишига узатилади. У ўзи қиблага қарагани ҳолда май­йитни олади ва қуйидаги сўзни ўқиган ҳолда қўяди, яъни:

بِاسْمِ اللَّهِ وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللَّهِ

Маъноси: “Аллоҳнинг номи билан ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг миллати – суннатига мувофиқ қўяман”. Ушбу калимани Имом Мотуридий, дуо эмас, балки шаҳодатдир, деган.

Маййитни лаҳад ичига олиб киргач, юзини қиблага қилиб, ёнбош ҳолатида ётқизилади. Агар кафан боғланган бўлса, ечиб қўйилади. Кейин қабр оғзини ёпишда хом ғишт ва қамишдан фойдаланилади. Ёғоч ва пишиқ ғишт ишлатилмайди. Чунки улар иморат учун керак. Пишиқ ғиштда оловнинг асари бор. Сўнг қабрни кўмишда ўзидан чиққан тупроққина ишлатилади, бошқа жойдан тупроқ олиб келиб кўмилмайди.

 

Маъюс киши Аллоҳнинг паноҳида барча

яхшиликларга тайёр туради

Инсон тирик чоғида қиладиган ҳар бир яхши амалининг фойдасини охиратда кўради. Шунинг учун ҳам ҳар бир одам қўлидан келганича яхши амалларни кўп қилиши лозим.

Аллоҳ таоло яхшилик ҳақида бундай марҳамат қилади:

﴿۞لَّيۡسَ ٱلۡبِرَّ أَن تُوَلُّواْ وُجُوهَكُمۡ قِبَلَ ٱلۡمَشۡرِقِ وَٱلۡمَغۡرِبِ وَلَٰكِنَّ ٱلۡبِرَّ مَنۡ ءَامَنَ بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةِ وَٱلۡكِتَٰبِ وَٱلنَّبِيِّ‍ۧنَ وَءَاتَى ٱلۡمَالَ عَلَىٰ حُبِّهِۦ ذَوِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينَ وَٱبۡنَ ٱلسَّبِيلِ وَٱلسَّآئِلِينَ وَفِي ٱلرِّقَابِ وَأَقَامَ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتَى ٱلزَّكَوٰةَ وَٱلۡمُوفُونَ بِعَهۡدِهِمۡ إِذَا عَٰهَدُواْۖ وَٱلصَّٰبِرِينَ فِي ٱلۡبَأۡسَآءِ وَٱلضَّرَّآءِ وَحِينَ ٱلۡبَأۡسِۗ أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ صَدَقُواْۖ وَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُتَّقُونَ١٧٧

«Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқлардир ва айнан ўшалар тақводорлардир» (Бақара, 177).

Одатда, одамлар яхшилик нима экани ҳақида ҳар хил фикрга боради. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушуниб, яхшиликка ўзича таъриф беради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни қўллайди. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани бошқалари мутлақо ёмонлик деб билиши ҳам мумкин.

Ислом динида яхшилик Аллоҳ таоло яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани мазкур оятда таърифлаб берилган:

﴿يَسۡ‍َٔلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَۖ قُلۡ مَآ أَنفَقۡتُم مِّنۡ خَيۡرٖ فَلِلۡوَٰلِدَيۡنِ وَٱلۡأَقۡرَبِينَ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِۗ وَمَا تَفۡعَلُواْ مِنۡ خَيۡرٖ فَإِنَّ ٱللَّهَ بِهِۦ عَلِيمٞ٢١٥

«Сиздан (эй Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Нима хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”» (Бақара, 215).

Нафақага лойиқлар ичида ота-она биринчи зикр қилинмоқда. Инсонга ўзидан кейинги биринчи ҳақдор ота-онаси бўлади. Уларни муҳтож қўйиб, бошқаларга нафақа қилишдан нима фойда бор? Шунингдек, яқин кишилар, қариндошлар ҳақдорлик борасида бошқалардан кўра устундир. Нафақа қилиш худди шу тартибда бўлиши лозимлиги Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳадисларида ҳам зикр қилинган.

Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир кишига: “Садақа қилишни ўзингдан бошла, ортиб қолса, аҳлингга қил, агар аҳлингдан ҳам ортиб қолса, қариндошларингга қил, агар қариндошларингдан ҳам ортиб қолса, улардан бошқаларга ва ҳоказо”, деган эканлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю охиратда енгиллик беради. Модомики банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Одамлар Аллоҳнинг уйларидан бирига йиғилиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, улар устига осудалик тушади, уларни раҳмат қоплайди ва фаришталар ўраб олади. Аллоҳ таоло ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади. Амали ортга тортган кимсани насл-насаби олдинга чиқаролмайди”, дедилар» (Имом Муслим).

  1. Мусулмонлар бир тана аъзоларидир.

Инсоният битта тананинг аъзоларига ўхшайди. Ўзаро бир тан-бир жон бўлиб кетган бу инсонлар ҳамиша бир-бирларининг ғам-ташвишларига ҳам, қувончларига ҳам шерикдир. Улар биродарларининг шодлигидан ўзларида йўқ севинса, мусибатларидан қайғуга тушади. Мўминларнинг шодиёналари ҳам, ғам-ташвишлари ҳам ўртада бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дейдилар: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидир. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мўминлар ҳамиша биродарлари бошидан ғам-ташвиш булутини аритишга алоҳида эътибор берган. Бу йўлда бор имкониятларини ишга солганлар.

Баъзан киши молиявий жиҳатдан қийналиб қолади. У ейиш-ичиш, бошпана, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож бўлади. Ана шундай ҳолатларда мусулмонлар қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари, ҳеч бўлмаса, унга қарзи ҳасана беришлари лозим. Ўз фойдаси йўлида бировлар қонини ичувчи судхўрлик покиза Ислом муҳитида кўринмаслиги керак. Жоҳиллар қийналиб қолган кишини кўрса, ундан ўз фойдалари йўлида унумли фойдаланишга, унинг бор-будини шилиб олишга ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿۞إِنَّ رَبَّكَ يَعۡلَمُ أَنَّكَ تَقُومُ أَدۡنَىٰ مِن ثُلُثَيِ ٱلَّيۡلِ وَنِصۡفَهُۥ وَثُلُثَهُۥ وَطَآئِفَةٞ مِّنَ ٱلَّذِينَ مَعَكَۚ وَٱللَّهُ يُقَدِّرُ ٱلَّيۡلَ وَٱلنَّهَارَۚ عَلِمَ أَن لَّن تُحۡصُوهُ فَتَابَ عَلَيۡكُمۡۖ فَٱقۡرَءُواْ مَا تَيَسَّرَ مِنَ ٱلۡقُرۡءَانِۚ عَلِمَ أَن سَيَكُونُ مِنكُم مَّرۡضَىٰ وَءَاخَرُونَ يَضۡرِبُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِ يَبۡتَغُونَ مِن فَضۡلِ ٱللَّهِ وَءَاخَرُونَ يُقَٰتِلُونَ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِۖ فَٱقۡرَءُواْ مَا تَيَسَّرَ مِنۡهُۚ وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ وَأَقۡرِضُواْ ٱللَّهَ قَرۡضًا حَسَنٗاۚ وَمَا تُقَدِّمُواْ لِأَنفُسِكُم مِّنۡ خَيۡرٖ تَجِدُوهُ عِندَ ٱللَّهِ هُوَ خَيۡرٗا وَأَعۡظَمَ أَجۡرٗاۚ وَٱسۡتَغۡفِرُواْ ٱللَّهَۖ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٞ رَّحِيمُۢ٢٠

«Намозни баркамол адо этинг, закотни (ўз жойига) беринг ва (мискинларга эҳсон қилиш билан) Аллоҳга “қарзи ҳасана” беринг!» (Муззаммил, 20)

Мусулмон ушбу сифати билан Парвардигори ҳузурида ажр-мукофотга лойиқ бўлади:

﴿مَّن ذَا ٱلَّذِي يُقۡرِضُ ٱللَّهَ قَرۡضًا حَسَنٗا فَيُضَٰعِفَهُۥ لَهُۥٓ أَضۡعَافٗا كَثِيرَةٗۚ وَٱللَّهُ يَقۡبِضُ وَيَبۡصُۜطُ وَإِلَيۡهِ تُرۡجَعُونَ٢٤٥

«Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши борми, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксиз» (Бақара, 245).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мусулмонга икки марта бир дирҳам қарз берса, уларнинг бирини садақа қилиб юборгандек ажр олади”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Қарз айрим ҳолларда ажр-савобда садақадан юқори бўлиши мумкин. Бу эса олувчи ва берувчининг ҳолатига боғлиқ. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Исро кечасида жаннат эшигига “Садақага ўн баробар, қарзга ўн саккиз баробар ажр бўлур”, деб ёзилганини кўриб, сўрадим:

– Эй Жаброил, нима сабабли қарз садақадан афзал бўлди?

Жаброил жавоб берди:

– Чунки сўровчи баъзида нарсаси бўлатуриб ҳам тиланаверади. Қарз олувчи эса фақат муҳтож бўлгани учун сўрайди» (Ибн Можа).

  1. Қийин аҳволда қолган кишига ёрдам бериш.

Қарзга ботиб, узишга кучи етмаётган ёки қарамоғидагиларни едириб-ичиришдан ожиз қолган ночор кишига ёрдам қўлини чўзмоқ шариатимиз буюрган амаллардан ҳисобланади. Қийналиб қолган мўминга қуйидагича ёрдам бериш мумкин:

а) қарз берган киши то қарздор қарзини тўлашга қодир бўлгунга қадар сабр қилиши. Ночор-қарздор биродарига бундай енгиллик бериш вожибдир:

﴿وَإِن كَانَ ذُو عُسۡرَةٖ فَنَظِرَةٌ إِلَىٰ مَيۡسَرَةٖۚ وَأَن تَصَدَّقُواْ خَيۡرٞ لَّكُمۡ إِن كُنتُمۡ تَعۡلَمُونَ٢٨٠

«Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара, 280).

б) қарз берган киши қарзининг бир қисмини ёки ҳаммасини кечиб юбориши. Ёки қарзни тўлаш муддати келганида қийин аҳволга тушиб қолган ночор мусулмонга бошқа биров қарз бериб ёки қарзини ўтаб бериб, уни бу мушкул аҳволдан қутқариши. Бу енгиллик шариатда мандуб саналиб, Аллоҳ таолонинг фазлига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким қийналиб қолган кишига муҳлат берса ёки қарзини кечиб юборса, Аллоҳ таоло уни ўз паноҳига олади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимда-ким қиёмат кунидаги ташвишлардан Аллоҳ унга нажот беришини истаса, ночорга ёрдам қилсин ёки унинг қарзини ўтаб берсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло бундай саховатли бандасига шу дунёда ҳам муко­фотлар беради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дуоси ижобат бўлишини ва ғам-ташвиши аришини истаган банда қийналиб қолган кишига ёрдам берсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

  1. Аллоҳ таоло бандаларига енгиллик беради.

Мол-давлат ҳам, фарзандлар ҳам фойда бермайдиган кунда банда, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ азза ва жаллага юзланади.

﴿ٱلۡمُلۡكُ يَوۡمَئِذٍ ٱلۡحَقُّ لِلرَّحۡمَٰنِۚ وَكَانَ يَوۡمًا عَلَى ٱلۡكَٰفِرِينَ عَسِيرٗا٢٦

«Ўша кунда ҳаққоний подшоҳлик (ёлғиз) Раҳмон учундир. У (кун) кофирларга кўп қийин кун бўлур» (Фурқон, 26).

Аллоҳга куфрони неъмат қилиб, ибодат нима, шукр нима билмаган, атрофдаги одамларга яхшилик ва эҳсон кўзи билан боқмаган кимсалар учун у кун ҳақиқатан жуда оғирдир. Аллоҳ таолонинг ибодати ва шукрида қоим бўлган, Парвардигори фазли-марҳаматини умид этиб, ночор бандаларга ёрдам берган мўминлар қиёмат кунида қилган яхши амалларига муносиб тарзда мукофотланади. Аллоҳ таоло уларнинг хато-камчиликларини кечиб юбориб, бу оғир кунни енгил қилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бир киши одамларга қарз берар ва хизматкорига: “Агар қийналган одам бўлса, қарзини кечиб юбор. Шояд, Аллоҳ бизни кечирса”, дер эди. Ҳалиги банда Аллоҳга рўбарў бўлганида, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиб юборди», дедилар (Имом Бухорий).

Абу Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши ҳисоб-китоб қилинганида, унда ҳеч қандай яхшилик топилмади. Фақат у бой-бадавлат бўлиб, одамлар билан аралашиб юрар ва хизматкорларига: “Қийналган одамдан пулни кечиб юборинглар”, дер эди. Аллоҳ азза ва жалла деди: “Бу ишга Биз ҳақлироқмиз. Унинг гуноҳларидан ўтинглар”» (Имом Муслим).

  1. Илм тарқатиш.

Ислом дини илм ўрганишни ва уни бошқаларга ўргатишни тарғиб қилади.

﴿۞وَمَا كَانَ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ لِيَنفِرُواْ كَآفَّةٗۚ فَلَوۡلَا نَفَرَ مِن كُلِّ فِرۡقَةٖ مِّنۡهُمۡ طَآئِفَةٞ لِّيَتَفَقَّهُواْ فِي ٱلدِّينِ وَلِيُنذِرُواْ قَوۡمَهُمۡ إِذَا رَجَعُوٓاْ إِلَيۡهِمۡ لَعَلَّهُمۡ يَحۡذَرُونَ١٢٢

«Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлан­тирмайдиларми?!» (Тавба, 122)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биздан бир нарсани эшитиб, уни эшитганидек (одамларга) етказган кишининг юзини Аллоҳ яшнатсин. Қабул қилувчилардан шундайлари бор, улар етказган кишидан кўра яхшироқ англайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Банда учун энг хайрли ва ўлимидан сўнг ҳам ажр-савоби етиб турадиган амал бошқаларга илм ўргатишдир. Зеро, Аллоҳ таоло илм сабабли илм толибини азиз-мукаррам қилди. Инсонларга илм бериш жамиятга яхшилик қилишдир. Бу яхшиликлар ичида энг улуғидир. Чунки бу иши билан инсон жамият ривожига ҳисса қўшади. Келажак авлодни илмли, маърифатли, зиёли қилиш йўлидаги ҳар бир ҳаракати учун Аллоҳ таоло қиёматда улуғ ажр-мукофотлар беради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда вафот этиши билан унинг амали узилади. Фақат уч нарса бундан мустасно: садақаи жория, фойдали илм ва унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Энг афзал садақа мусулмон кишининг илм ўрганиб, сўнг уни мусулмон биродарига ўргатишидир” (Ибн Можа ривояти).

Инсон инсон бўлур бор бўлса дини,

Ислом азиз қилди Салмон Форсийни.

Тақво қил, ишонма ҳаргиз насабга,

Насаби не берди Абу Лаҳабга?!

Қўлингдан келганча яхшилик қилгин,

Бўлмаса ўзингни ёмондан тийгин.

Охиратда азиз бўлмоқ истасанг,

Дунё ҳаётингда яхшилик қилгин.

Банда қилган амалига муносиб мукофотланади. Яъни, бировнинг оғирини енгил қилган бўлса, унинг ҳам оғири енгил қилинади. Кимнингдир ғам-ташвишини аритган бўлса, унинг ҳам ғам-ташвиши аритилади. Бировнинг айбини беркитса, унинг ҳам айби беркитилади ва ҳоказо. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир мўмин оч биродарига таом едирса, Аллоҳ таоло унга қиёмат куни жаннат меваларидан едиради. Қайси бир мўмин чанқаган биродарига сув ичирса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унга Раҳиқул махтумдан ичиради. Қайси бир мўмин яланғоч биродарини кийинтирса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг кўм-кўк либосларидан кийдиради”, дедилар» (Имом Термизий).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло раҳмдил бандаларига раҳм қилур!” деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ҳамиша ўзгалар ғамини еб, уларга қўлидан келганича ёрдам бериб, халқи, Ватани, жамияти ривожига хизмат қилувчи ишлар билан машғул бўлиб юрадиган саховатли зотларнинг оқибати хайрли бўлади. Улар имон ва Исломда туриб омонатларини топширади. Қиёмат куни Аллоҳ таоло фақат мусулмон бандасини ўз раҳматига олади. Кофирлар учун у кунда ҳеч қандай енгиллик, ёрдам ёки ғам-ташвишнинг ариши йўқдир!

Исломга душманлиги бўлмаган кишиларнинг ҳам оғирини енгил қилиш мумкин. Яхшилик барча-барча учун матлубдир. Яъни, ҳар қандай жонзотга яхшилик қилиш лозим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага яхшиликни ёзиб қўйди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ҳадиси шарифларида: “Ҳар бир қуримаган жигарда (яъни, ҳар бир жонга қилинган яхшиликда) ажр бор”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

﴿ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي ٱلسَّرَّآءِ وَٱلضَّرَّآءِ وَٱلۡكَٰظِمِينَ ٱلۡغَيۡظَ وَٱلۡعَافِينَ عَنِ ٱلنَّاسِۗ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُحۡسِنِينَ١٣٤

«Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134).

 

Аллоҳнинг изни билан китоб битди (ўқиганларимизга амал қилиб, дунёда саодат, охиратда нажот топишимизга эриштирсин...)

 

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳим ожизлигимизга назар сол

22.11.2024   3446   2 min.
Аллоҳим ожизлигимизга назар сол

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».

Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.

Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Мақолалар