Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институтининг директори, профессор Фариза Шам «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон раҳбариятининг ўзбек халқининг бой маданий-тарихий ва маънавий мероси, миллий ва диний қадриятлари ҳамда ислом динининг инсонпарварлик аҳамиятини очиб бериш йўлидаги саъй-ҳаракатлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Мен, авваламбор, Малайзия кенг жамоатчилиги вакиллари Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, виждон ва эътиқод эркинлигининг таъминлаш, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш соҳаларидаги ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб бораётганини қайд этишни истардим, - деди у. – Дарҳақиқат, Ўзбекистон раҳбариятининг ислом цивилизацияси бой меросини ҳар томонлама ўрганиш ҳамда ислом динининг том маънодаги инсонпарварлик моҳиятини кенг ёйишга бўлган ёндашуви алоҳида эътиборга сазовордир.
Сўнгги йиллар мобайнида мамлакатда йирик илмий масканлар ўз фаолиятини бошлади. Улар орасида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва бошқа муассасалар бор.
Жорий йил институтимиз Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Ушбу марказ ислом цивилизацияси олтин асрининг маданий, илмий ва маънавий-ахлоқий мулки ҳамда қадриятларини ўзида мужассам этган улуғвор ва ноёб муассасалардан бири деб биламан.
Яна шуниси ҳам эътиборга моликки, мазкур марказнинг янги биносида Марказий Осиёда яшаган ва илмий-ижодий фаолият юритган, жаҳон маданияти ва мусулмон цивилизацияси тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг улкан мероси жамланади. Дизайни ва кўп тармоқлилиги, унда бой илмий ишлар, қўлёзмалар ва осори-атиқалар тўпламларининг жой олиши янги тадқиқот ва янги муваффақиятларни қўлга киритиш учун янги имкониятлар эшигини очиш ҳамда ислом цивилизациясининг олтин даври муҳитига шўнғишимиз учун жуда қулай имконият яратади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғи, маҳалласи ва қишлоғи билан таърифланади. “Ватан” сўзи араб тилида туғилиб ўсган жой, она юрт маъносини англатади. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилат. Бу борада: “Ватанни севмоқ иймондандир” ҳикматини эсга олишнинг ўзи кифоядир. Бизга маълумки, Ватанга бўлган муҳаббат жой, макон ва вақт танламайди. Бу туйғу инсон туғилиши билан вужудга келиб, вафот этиши билан ўз поёнига етади.
Ватанга меҳр эса она сути билан қалбга сингади. Шу ўринда Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғилоний, Қаффол Шоший, Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний каби буюк алломаларимиз Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли кўплаб асарларини юрт номи билан боғлаганлари тарихдан маълум.
Буюк аждодларимиз Нажмиддин Кубро Ватан ҳимоячиси қандай бўлишига ёрқин мисол бўла олади. Минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб келганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукумдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишини таклиф қилади. Бироқ, ватанини ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киришади, лашкарларни олға чорлаб бораётганида шаҳид бўлади. Жалолиддин Мангубердининг эса моҳир лашкарбошилиги, жасорати ва мардлиги мўғул империяси ҳукмдори Чингизхонни лол қолдиргани тарих саҳифаларидан маълум. У Жалолиддиннинг шаънига мақтов сўзларини изҳор этиб: “Отадан дунёда ҳали бундай ўғил туғилмаган. У саҳрода шер каби ғолиб жангчи, дарёда эса наҳанг (акула) каби ботирдир”, дейди ва ўғилларига юзланиб: “Отага шундай ўғил зарурки, у икки гирдоб – олов ва сув гирдобидан озодлик майдонига чиқа олади”, деб таърифлаши унинг мардлигини тан олганини англатади.
Бир сўз билан айтганда, минг йиллар давомида юртимизга кўплаб босқинчилик ҳужумлари бўлган. Барча замонларда ўз юрти ҳимояси учун босқинчиларга қарши озодлик байроғини баланд кўтарган ватанпарвар йўлбошчилар, миллат қаҳрамонлари душманлар билан тинимсиз кураш олиб борган.
Ватанни севиш уни ҳимоя қилиш савобли иш. Унга хиёнат қилиш эса кечирилмайдиган катта гуноҳ бўлса-да, айрим кишилар ўз ватанини ташлаб ўзга юртларда ватангадолик қилиб юрганликларига нима дейиш мумкин.
Боболаримиздан мерос бўлиб келаётган “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингнинг гадоси бўл” деган ҳикматли сўзга кўра, бу инсонларда на ватан, на инсонийлик, на ота-онага бўлган ҳурмат, ака-ука, опа-сингилга бўлган меҳр, қавму қариндош ва қўни қўшничиликка нисбатан оқибатни акс этмаганини кўришимиз мумкин. Уларнинг айримлари эса турли радикал диний-экстремистик ташкилот ва оқимларга қўшилиб кетаётгани кишини ажаблантиради. Улар ўзга айрим манфаатдор ёвуз кишиларнинг найрангига учиб ўз ватанидан, оиласидан ҳатто ота-онасидан ҳам воз кечиб кетмоқда… Бундай хислат инсонийлик меъзонига хам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз ватани равнақи учун фидоийлик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам беришга тайёр бўлиши лозимдир.
Донишмандлардан бирининг айтишича: “Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғармаклари даркордир”. Ўзини ватан фарзанди деб ҳисобловчи инсон бутун тану-жони билан юрак қони ила ватан боғини яшнатиш учун хизмат қилиши керак. “Ватан остонадан бошланади”, деганидек ватан ҳар бир кишининг қалбидан, виждонидан бошланади.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби